Жаҳон | 18:41 / 16.03.2023
32729
2 дақиқада ўқилади

Пентагон Қора денгизда АҚШ дрони қулаши акс этган видеони намойиш қилди

Фото: Видеодан кадр

Видеолавҳада Россия қирувчи самолёти дрон олдига ёнилғи ташлаб кетаётганини кўриш мумкин. Қўшма Штатлар россиялик учувчиларни хавфли ва нопрофессионал ҳаракатда айблади.

16 март, пайшанба куни АҚШ қуролли кучларининг Европадаги қўмондонлиги 14 март куни Қора денгизда ҳалокатга учраган Американинг MQ-9 Reaper учувчисиз учоғи ҳақидаги махфий видеони эълон қилди. Қўмондонлик маълумотларига кўра, Россиянинг икки Су-27 қирувчиси Қора денгиз устидаги халқаро ҳаво ҳудудида бўлган АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг разведкачи учувчисиз учоғини «хавфсиз ва нопрофессионал» тарзда тутиб олган.

АҚШ версиясига кўра, қирувчилардан бири икки марта дрон олдига ёнилғи ташлаб ўтган, сўнг дронга урилган ва унинг винтларидан бирига зарар етказган. Шундан сўнг, таъкидланганидек, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари шикастланган дронни сувга чўктиришга мажбур бўлган. АҚШ Давлат департаменти аввалроқ Россия самолётининг Америка учувчисиз учоғи билан тўқнашуви «россиялик учувчиларнинг малакасизлиги» натижасида беихтиёр рўй бергани ҳақида фикр билдирган эди. 

Россия Мудофаа вазирлиги учувчисиз учоқ ҳалокатга учраганини тасдиқлади, бироқ тўқнашув ҳақида хабар бермади. Вазирлик раҳбари Сергей Шойгунинг айтишича, ҳодисага АҚШ «махсус операция» туфайли Россия томонидан белгиланган парвозларни чеклаш зонасига амал қилмаётгани сабаб бўлган. Кремль самолёт ва дрон ўртасида «жисмоний алоқа» бўлмаганини даъво қилди. 

Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушевнинг айтишича, Россия Қора денгиз тубидан учувчисиз учоқ қолдиқларини олишга ҳаракат қилади. Американинг ABC News телекомпанияси манбаларига кўра, рус ҳарбийлари уларни аллақачон қўлга киритишган. Дроннинг қайси қисмлари сув остидан олиб чиқилгани номаълум. 

Вашингтон Қўшма Штатлар дронни ҳимоя қилиш чораларини кўрганини маълум қилди. CNN манбаларининг таъкидлашича, барча махфий маълумотлар дрондан масофавий тарзда ўчириб юборилган. 

Мавзуга оид