Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сув устидаги шаҳар – Венецияда бир муддат каналлар қуриди. Бунга иқлим ўзгариши сабабми?
Сув шаҳри ҳисобланадиган Венеция каналларида феврал ойида сувнинг кескин камайиб кетиши кузатилган. Бу эса шаҳар ичида сув транспортида етиб бориш мумкин бўлган манзилларда қайиқлар ҳаракатини тўхтатишга сабаб бўлган. Венеция шаҳри учун бу ноодатий ҳолат.
“Каналлар шаҳри”, “Сузувчи шаҳар” каби номлар билан аталувчи Италиянинг гўзал шаҳри Венеция ҳақида эшитмаган одам бўлмаса керак. Италиянинг шимоли-шарқида жойлашган шаҳар 118 та кичик ороллардан ташкил топган ва каналлар билан ажратилган. Шаҳарни 400 дан ошиқ кўприклар боғлайди. Сув устида қурилган шаҳар туристлар учун доим қизиқ бўлган.
Алоҳида оролчалардан ташкил топган Венеция кўприклар билан яхлит ҳолатга келган ва сув транспорти орқали исталган манзилга бориш мумкин.
Бироқ Венециянинг ўзига хос манзараси жорий йил қиш фасли охирида хавфда қолди. Венециянинг машҳур каналлари қуриши кузатилган. Гап шундаки, Италияга қурғоқчилик хавф соляпти. Қиш ойларидаги ҳафталаб давом этган қорсиз об-ҳаво иқлимшунослар ва экологларни ташвишлантириб қўйган. Сабаби бу қишда Алп тоғларига одатдаги меъёрий қорнинг ярмидан камроғи тўпланган. Бу эса ўтган йилги ёзда кучли қурғоқчиликни кўрган олимларнинг жиддий хавотирига сабаб бўляпти.
Ўтган йили ёзда Италияда кузатилган кучли қурғоқчилик сабаб мамлакат шимолидаги 5 та штатда фавқулодда ҳолат эълон қилинганди.
Ўтган йилги қурғоқчилик фонида Венецияда ҳам сув камайиб кетиши кузатилган. Сув саёзлашиб кетгани сабаб шаҳарнинг бир қанча машҳур каналларида гондолалар, (сувда ҳаракатланадиган қайиқ тури) сув таксилари, “Тез ёрдам” хизмати ҳаракатланиши имконсиз бўлиб қолган.
Шаҳарнинг сувсизланишига қатор омиллар — ёмғир кам ёғаётгани, денгиз оқимлари кабилар сабаб бўлган деб ҳисобланяпти.
Италияни қийнаётган қурғоқчилик
Италия дарё ва кўлларида кучли сув етишмовчилиги кузатиляпти. Алп тоғларидан бошланиб Адриатикагача оқиб борувчи, Италиянинг энг узун По дарёсида ҳозир одатий ҳолатига қараганда 61 фоиз кам сув оқмоқда. Ўтган йилги қурғоқчилик пайтидаги фавқулодда ҳолат ҳам айнан По дарёси атрофидаги ҳудудларда эълон қилинганди. Бу ҳудудларда Италия қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг учдан бир қисми етиштирилади.
Қиш охирида Италия шимолидаги Гарда кўлининг суви камайиб кетиши кўлдаги кичик оролча Сан-Бяжога қуруқлик орқали етиб бориш имконини берган.
“Биз 2020/2021 йилнинг қишидан буён кучайиб бораётган сув танқислигини бошдан ўтказяпмиз. Ҳолат меъёрлашиши учун шимоли-ғарбий ҳудудларда 500 миллиметрлик сув сатҳини тиклашимиз керак. Бунинг учун бизга 50 кунлик ёмғир керак”, дейди Италиянинг CNR илмий тадқиқот институти иқлим бўйича эксперти Массимиллиано Паски.
Тўғридан тўғри иқлим ўзгаришига боғлиқ эмас
Гарчи Венецияда сувсизлик кузатилган бўлса-да, лекин бу айнан иқлим ўзгариши таъсири эмас, кўпроқ сув босими билан боғлиқ ҳолат сифатида баҳоланган вариантлар ҳам бор.
Венецияда “аква алта” номли сув тўлқини машҳур. Бу юқори сатҳли тўлқин паст ҳаво босими билан бирлашганда содир бўлади. “Bassa marea” (паст сув оқимлари) эса паст тўлқинлар ва кучли ҳаво босимининг кузатилиши билан юзага келади. Италияда айнан Венеция каналларида сув камайган феврал ойида кучли ҳаво босими кузатилган ва бу Венециядаги сув сатҳига таъсир қилган бўлиши мумкин.
Шунинг учун Венециядаги сувсизлик иқлим ўзгариши ҳодисаларига тўғридан тўғри боғлиқ бўлмаслиги мумкин. Сабаби ўтган ёздаги қурғоқчилик даврларида ҳам Венеция одатий кўринишини сақлаб қолган.
Мавзуга оид
09:21 / 28.05.2025
Ўзбекистонда Яшил иқлим жамғармаси ваколатхонаси очилиши мумкин
16:29 / 15.05.2025
Қуёш печи, “сайёралар паради” ва қимматбаҳо сунъий олмослар – Венециядаги ўзбек павилионида нималар намойиш этилмоқда?
21:59 / 10.05.2025
Ҳафта бошида ҳаво ҳарорати 40 даражагача кўтарилади
14:13 / 08.05.2025