Жаҳон | 09:57 / 20.03.2023
4285
2 дақиқада ўқилади

«Фредди» бўрони Африкада 500 дан ортиқ кишининг умрига зомин бўлди

Африканинг учта мамлакати - Мадагаскар, Малави ва Мозамбикда «Фредди» тропик бўрони туфайли камида 522 киши ҳалок бўлди. Юз минглаб одамлар кучли ёмғир, сув тошқинлари ва кўчкилардан жабр кўрди.

Фото: AFP

Жануби-Шарқий Африкадаги Мадагаскар, Малави ва Мозамбикда «Фредди» тропик бўрони камида 522 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Бу, 18 март, шанба куни dpa агентлиги хабарига кўра, ушбу мамлакатлар ҳукуматларининг расмий маълумотлари.

Қурбонларнинг аксарияти уч мамлакатнинг энг кичиги ва дунёдаги энг қашшоқлардан бири бўлган Малавида. Бу мамлакат расмийлари 438 киши ҳалок бўлганини маълум қилмоқда. Яна 345 мингга яқин одам «Фредди» ўзи билан олиб келган кучли ёмғир, сув тошқини ва кўчкилардан жабр кўрди. Ўн минглаб одамлар уйсиз қолишди. Мамлакат жанубида фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Мозамбикда, президент Фелипе Нюси сўзларига кўра, бўрон туфайли камида 67 киши ҳалок бўлган. Мадагаскар ҳукумати қурбонларнинг минимал сонини 17 киши деб ҳисобламоқда.

Ҳинд океани устида вужудга келган «Фредди» тропик бўрони 21 февраль куни Мадагаскарга етиб келди. Кейин у бўғоз бўйлаб қитъага кўчиб ўтди ва яна оролга «қайтиб келди» - 11 март куни Мозамбик ва Малави устига ёпирилди. Шундай қилиб, у бир ойдан кўпроқ вақтдан бери давом этмоқда ва Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, тарихдаги энг узоқ вақт давом этган бўронга айланиши мумкин. 6 февраль куни у циклон деб эълон қилинди.

Жанубий Африкада циклон мавсуми январда бошланади ва март-апрелда тугайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид