Жаҳон | 11:36 / 20.03.2023
6095
3 дақиқада ўқилади

FT: Европа Иттифоқида снарядлар ишлаб чиқариш учун порох етишмаяпти

Европа Иттифоқида Украина учун ўқ-дорилар ишлаб чиқариш портловчи моддалар тақчиллиги туфайли кечикмоқда, деб ёзади FT.

Фото: AP

Европа давлатлари порох ва бошқа портловчи моддалар тақчиллиги туфайли Украина учун ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни ошира олмаяпти, уларни тезда тўлдириб бўлмайди. Бу ҳақда 19 март, якшанба куни расмийлар ва ишлаб чиқарувчиларга таяниб, Financial Times нашри хабар берди.

«Қисқа вақт ичида артиллерия ўқ-дориларини, айниқса йирик калибрлиларни ишлаб чиқаришни кўпайтириш жуда қийин. Янги артиллерия заводи жуда оддий нарса, аммо хомашёсиз қандай қилиб кўпроқ артиллерия снарядларини ишлаб чиқариш мумкин?» - дея Чехия мудофаа ва хавфсизлик саноати ассоциацияси раиси Йиржи Хинекнинг сўзларидан иқтибос келтирган FT.

Европа мудофаа саноати вакилларининг сўзларига кўра, Европада снарядлар ишлаб чиқариш учун зарур бўлган порох, тротил ва нитроцеллюлоза каби портловчи моддаларнинг чекланган захиралари мавжуд. Нитроцеллюлоза ишлаб чиқаришни қисқа вақт ичида ошириш мумкин эмас, деб тан олган қурол компанияси вакили. Унинг сўзларига кўра, порох ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун компанияга уч йил керак бўлади.

Испания ва Чехиядаги снаряд заводлари вакиллари FT'га уларнинг қувватлари аллақачон юз фоиз тўлганлигини айтишди. «Европада тротил ва нитроцеллюлоза каби материаллар ишлаб чиқарадиган заводлар кўп эмас ва улар ҳам 100 фоиз юкланган, шунинг учун биз Ҳиндистон, Корея ва бошқа мамлакатлардан хомашё қидиришни бошлашимиз керак», деди Испаниянинг Fábrica Municiones de Granada (FMG) ширкати бош директори Антонио Каро.

Бундан ташқари, талабнинг ортиши аллақачон портловчи моддалар ва снарядлар нархини оширган, дея тушунтирди у. Унинг сўзларига кўра, уруш бошлангандан бери асосий хомашёнинг нархи «икки баравар, айрим ҳолларда эса уч баравар ошди». Бу, ўз навбатида, ўқ-дорилар нархининг 20 фоизга ошишига олиб келди.

Брюссел февраль ойидан бери Украина учун снарядлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш йўлларини муҳокама қилмоқда ҳамда ЕИга ўз ишлаб чиқаришини кўпайтириш ва зарур бўлган нарсаларни Киевга ўтказиш имконини берадиган янги молиялаштириш дастурини ишлаб чиқмоқда, деди Европа Иттифоқининг ташқи ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Мюнхен халқаро хавфсизлик конференциясида. У Европа Иттифоқини ўз ҳарбий саноатининг ишлаб чиқариш қувватини оширишга чақирди.

Март ойида Украинага ўқ-дориларни етказиб беришни тезлаштириш бўйича кенг қамровли режа эълон қилинди. Эстония бош вазири Кая Каллас процедурани COVID-19 пандемияси даврида вакциналарни сотиб олиш билан таққослади - Европа Иттифоқи давлатлари мудофаа саноати учун йирик шартномаларга келишилган ҳолда маблағ ажратади. Март ойи бошида Европа Иттифоқи давлатлари ўз қуролли кучлари ва Украина армияси учун ўқ-дориларни биргаликда тўлдиришга 2 миллиард евролик келишув бўйича таклифлар тайёрлаган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид