Жаҳон | 17:27 / 20.03.2023
9391
3 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи давлатлари Киев учун снарядларни биргаликда сотиб олиши мумкин

Европа Иттифоқи олий вакили Брюсселда ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари Украинага артиллерия снарядларини етказиб бериш режаси бўйича бир қарорга келишига умид қилмоқда.

Фото: AP

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Европа ҳамжамиятининг ташқи ишлар ва мудофаа вазирларининг Брюсселдаги йиғилишида Украина учун биргаликда ўқ-дорилар сотиб олиш бўйича келишув тузилишига умид қилмоқда. Бу ҳақда Европа дипломатияси раҳбари 20 март, душанба куни баёнот берди.

«Умид қиламанки, ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари биргаликда Украинага ўқ-дорилар етказиб бериш бўйича келишув тайёрлашни якунлайдилар», деди Боррел журналистларга музокаралардан олдин.

Келишувларга эришилмаса, Европа Иттифоқи қийин аҳволга тушиб қолади ва Киевга қурол етказиб беришда давом этишда қийинчиликларга дуч келади, дея огоҳлантирди Боррел. 

Европа дипломатияси раҳбари Ҳаагадаги Халқаро жиноий суднинг (ХЖС) Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш ҳақидаги ордерига ҳам изоҳ берди. 

ХЖСнинг қарори «жуда муҳим ва ўйинни ўзгартиради», деди Жозеп Боррел. Россия Рим статутини ратификация қилмаган, бироқ ХЖСнинг бу ҳаракати «амалий оқибатлари қандай бўлишини кўрамиз», деди Европа Иттифоқи олий вакили. «Агар президент Путин ушбу халқаро шартномани имзолаган 130 дан ортиқ давлатдан бирига борса, у дарҳол ҳибсга олиниши керак», дея таъкидлаб ўтди у. 

«Биз исталган нарса бўйича келишиб олишимиз мумкин, аммо суд қарори ўз кучида қолади. У бор. Президент Путин ушбу 130 дан ортиқ мамлакатга сафар қилса, ҳибсга олинади», - дея қўшимча қилди Боррел. 

20 март куни Европа Иттифоқи вазирлари Украинани артиллерия снарядлари билан таъминлаш, ўз захираларини тўлдириш ва Европа мудофаа саноатини мустаҳкамлаш режасини тайёрлаш жараёнини якунлашга ҳаракат қилади. 

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба фронтдаги вазият ва Киевнинг ҳарбий эҳтиёжлари ҳақида сўнгги маълумот бериши керак. Европа Иттифоқининг мақсади - бу йил Украинага 1 миллион дона 155 миллиметрли артиллерия снарядларини юбориш. Жозеп Боррел Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ўз захираларидан снарядлар етказиб бериш учун 1 миллиард евро ажратиш таклифи маъқулланишига эришмоқчи. 

Яна 1 миллиард евро янги буюртмаларни тезлаштириш ва давлатларни Европа мудофаа агентлиги орқали ёки кичик гуруҳларда харидлар бўйича биргаликда ишлашга ундаш учун ишлатилади. Германия бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга чақирди.

Йиғилишда Европа мудофаа саноатини узоқ муддатда ишлаб чиқаришни ошириши учун қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам муҳокама қилинади. 

Брюссел расмийлари, агар режа тасдиқланса, қўшма буюртмалар май ойигача топширилиши мумкинлигини айтди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид