«Бола қўрқиб эмас, яхши кўриб ҳурмат қилиши керак» — Вьетнамда дарс бераётган ўзбекистонлик ўқитувчи
Фарғоналик Достонбек Сиддиқов ота-онаси изидан бориб ўқитувчилик касбини танлаган. 5 йилдан бери Вьетнамда яшайдиган йигит инглиз тилидан дарс беради, у ойига ўртача 4 минг доллар даромад қилади. Бу давлат унинг ўқитувчи сифатида қарашларини бутунлай ўзгартирган. Аввалига бегона юртда мактаблардан иш тополмагач фаолиятини боғчадан бошлаган ўзбек йигити вақт ўтиб у ерда «йил ўқитувчиси» сифатида эътироф этилган. Ўқитувчи Kun.uz мухбири билан суҳбатда Вьетнамга қандай бориб қолгани, эришган ютуқлари ва давлат таълим тизимидаги ўзига хосликлар ҳақида сўзлаб берди.
— Танловингиз нега айнан Вьетнам бўлган? У ерда иш бошлашингиз қандай кечган?
— Бу ерга келиб қолишим мутлақо тасодиф. Айнан Вьетнамда ишлаш ниятим бўлмаган. Бунгача мен Хитойда ишлаб юрганман. Орада визамни янгилаш учун бошқа давлатга чиқишим керак бўлиб қолди, шунда Вьетнамга келганман. Бу ердаги ўзимизникига ўхшаш маданиятни кўрганимдан кейин шу ерда қолишга қарор қилганман. Бундан ташқари, Таиланд, Малайзия, Камбоджа каби мамлакатларда ҳам ишладим. Булар билан солиштирганимда, кўпроқ Вьетнам маъқул келган.
Биринчи келганимда ҳамма нарса мен учун янги бўлгани сабаб, мослашгунгача бўлган даврда иш топишим бироз қийин бўлган. Чунки Вьетнамда сизга тўғридан тўғри иш бериша олмайди, олдин очиқ дарс ўтиб беришингиз керак бўлади. Янги ўқувчилар, янги атмосфера бўлгани учун дарс ўтишда бироз қийналганман бошида. Шунинг учун бу ердаги фаолиятимни боғчадан бошлашга мажбур бўлганман. Ўзбекистонда академик лицей ўқувчиларига дарс берганим учун боғчада баъзи нарсалар қийнаган мени, яъни дарсларим жиддийроқ бўлиб қолаверган. Бошида боғча талабларига кўникишим қийин бўлган. Кейинчалик бошқаларни кузатиб, керак бўлса болалар билан бирга рақсга тушиш, уларни ўйинлар билан ўқитиш кераклигини, муҳимлигини тушунганман.
— Вьетнам таълим тизимида нимага кўпроқ эътибор беришади?
— Вьетнам билан қиёсланса, бизда энди-энди таълимга эътибор қаратилаётгандек туюлади. Бу ерда таълимдаги ислоҳотлар анча олдин бошланган. Бир пайтлар саводсизлик авж олган давлат бўлган. Кейин саводсизлик душмандан ҳам ёмон, нажот таълимда, деб таълим ривожига ҳаракат қилишган. 2000 йилдан бошлаб жараён янада тезлашган. Яъни шу йилдан бошлаб хорижлик мутахассислар ҳам дарс ўтишни бошлаган. Ҳозир энг чекка ҳудудларда ҳам чет эллик экспертлар дарс ўтишади.
Бу ердаги таълим тизими бизники билан деярли бир хил: боғча, бошланғич мактаб, ўрта мактаб, юқори мактаб. Мажбурий таълим 12 йиллик ҳисобланади. Бошланғич, ўрта ва юқори мактаблар ҳаммаси бир жойда жойлашмайди. Синфларнинг жойлашув ўрнига қараб, 40 тадан 60 нафаргача ўқувчи бўлади. Юқори синфларда одатда 50-55 ўқувчи бўлади. Эътиборлиси, доим 100 фоиз давомат бўлади.
Асосий эътибор кўпроқ аниқ фанларга қаратилган. Масалан, математика дарси ҳар куни бўлади. Кейин, инглиз, француз, рус тиллари ҳам ўргатилади. Жумладан, инглиз тили ҳар куни ўтилади худди математика каби. Мактаблар биздаги репитеторлар даражасида билим бера олади. Лекин шундай бўлса ҳам, ота-оналар қониқмасдан, қўшимча дарсларга беради. Ота-оналар боласи билан шу даражада яхши шуғулланадики, биздагилар билан таққосласа, анча юқори. Вақтини кўчада бекорга ўтказмайди одамлар, иш тугаши билан уйига қайтади ва бола билан шуғулланади. Эрталаблари хам биринчи болаларни мактабга олиб бориб, кейин ишга кетишади.
Аҳолининг кўп қисми оддий ишчилар. Ўзлари қийналаётгани учун ҳам болаларини ўқитишга ҳаракат қилишади. Яъни ота-оналар бой эмас. Керак бўлса, таътилсиз, дам олиш кунларисиз ишлашади ва бола таълими учун керак бўлган маблағни етказиб беришади.
— Вьетнамда ўқитувчи бўлишнинг устунликлари ёки машаққатлари нимада, ўқитувчи қанча даромад топиши мумкин?
— Кўпроқ яхши томонини кўрдим мен. Тўғри, маош у даражада бой қилиб юборадиган эмас, лекин бу касб жамиятдаги мавқейингизни жуда кўтаради. Навбатларда турсангиз, биров таниб қолса, ҳурмат қилиб навбат бошига олиб чиқишади. Ўзим билан ҳам бир неча марта шундай ҳолат бўлган банкларда. Умуман, ўқитувчининг ҳурмати жуда баланд.
Бу ерда ўқитувчилар ҳақида ўқувчилар фикри инобатга олинади. Энг яхши кўрганим ҳам шу ўқувчиларни эшитишлари. Агар ўқитувчи ҳақида ўқувчилар салбий фикр берса, уни кўп ушлаб туришмайди. Болага керак бўлган нарсани беролмаяптими, унда ўқитувчининг ўзи ҳам керак эмас.
Ўзим мактабда ҳафтасига 20 соат ишлайман. Маошим 2300 доллар. Бундан ташқари, ўқув марказида ишлайман, у ерда ҳафтасига 400-500 доллар оламан. Шахсий эҳтиёжлардан ташқари 3500-4000 доллар топса бўлади.
— Ўқитувчи сифатида кун тартибингиз қандай кечади?
— Ҳозир менда дам олиш куним йўқ. Мактабда душанбадан жумагача иш бўлади, лекин ўқув марказда дам олиш куни йўқ. Хорижлик ўқитувчилар одатда эрталабдан дарс ўтмайди. Шу пайтда мен ўзбекистонлик ўқувчиларим учун онлайн дарс ўтаман. Сўнг мактабга бораман, соат 13:30 дан 17 гача мактабда бўламан, кейин тўғри ўқув марказига дарсга кетаман. Кечки соат 18:00 дан 21:00 гача иш бўлади ҳар куни, дам олиш кунлари эса кун бўйи дарс. Кейин уйга бориб, яна ўзбекистонлик ўқувчиларга онлайн дарс ўтиб, кунни тунги 12 да якунлайман.
— Хорижлик ўқитувчилардан нималар талаб қилинади асосан?
— Асосий талаб — билим, болалар билан ишлай олиш, қизиқтириш, улар билан фақат инглиз тилида гаплашиш кабилар талаб қилинади. Инглиз тили грамматикасини маҳаллий ўқитувчилар ўтади, биз эса бола билан инглиз тилида гаплашамиз, инглизча атмосфера яратиб бериб, гапиришга ўргатамиз. Дарс режалари ҳам сўралади биздан ҳам, лекин у битта бўлади бир йил учун. Режа бўйича мавзу ўтилаётган бўлса, бошқа эътирозлар бўлмайди.
— Иш жараёнида ўзингизда қандай ўзгаришлар юз берди?
— Ўзгариш жуда катта. Ўзбекистонда ишлаб юрганимда бошқа ўқитувчиларга тақлид қилиб, жуда жиддий бўлганман. Хонага жиддий тарзда кириб келиш, бола ўрнидан туриб салом бериши — ўқитувчи миясида шаклланиб қолган мажбурий қоидалар. Тўғри, ҳурмат қилиш керак. Лекин биз болани қўрқитиб ҳурмат оладиганга ўхшаймиз.
Бу ерда биринчи навбатда бола билан ишлаш, уларни сева олиш, улар билан яхши алоқалар ўрнатишга кўпроқ эътибор қаратилади. Шунда бола қўрқиб эмас, яхши кўриб ҳурмат қилади.
— Вьетнам мактабларида ўқитувчилар ўз устида ишлаши учун қандай шароитлар яратилган?
— Бу ерда ҳам биздаги каби баъзи қоғозбозликлар бор, бироқ текширувлар йилига бир ёки икки марта келади, холос. Олдиндан огоҳлантириб, хабар бериб келишади. Ўқитувчининг дарсини бузиб, ҳужжатларини текширишлар йўқ. Ўқитувчининг салоҳиятини қогозга қараб эмас, ўқувчиларига қараб билишади. Ўқитувчи фаолиятини ҳеч ким бузмайди, ортиқча текширмайди. Яна бир муҳим шароит шуки, ўқитувчи боланинг интизомига қайғурмайди. Бу ишлар билан алоҳида шуғулланувчи одамлар бор. Ҳар бир хонада камера ва “колонка”лар мавжуд. Қайсидир бола шўхлик қиляптими, уни кузатиб турганлар “колонка” орқали чақириб олишади. Айнан кузатув учун махсус бўлимлар бор.
Ҳар бир мактабга киришда «School is fun» (Мактаб — хурсандчилик) деган шиор туради. Ва ҳақиқатда ҳам худди шундай. Болалар мактабга келишни жуда яхши кўради, чунки у ердаги ўқитувчиларни, дўстларини, муҳитни яхши кўради. Болани бездирадиган нарсалар йўқ мактабларда. Ҳатто ўқитувчилар ва ўқувчилар бирга видеолар олишади ижтимоий тармоқ учун, расмларга тушишади, ўйинлар ўйнашади. Ҳурмат чегараси бор, ҳамма ўз ҳаддини билади.
— 2022 йилда Вьетнамда «Йил ўқитувчиси» мукофотига лойиқ кўрилгансиз. Кутганмидингиз?
— Бу ўзим учун ҳам кутилмаган ҳолат бўлган. Чунки айнан мукофот учун ҳаракат қилмаганман мен. Ҳаракатим бошқалар олдида уялиб қолмаслик, яхши дарс ўтиш бўлган. Бунинг учун кечалари билан ухламай, дарсларга тайёргарликлар кўрдим, янгилар қилдим, ўзим билмаган ҳолада янгича методлар олиб кирдим.
Дарсларда ёрдамчи бўлади ва у сизни видеотасвирга олиб туради. Бу видеолар ота-оналар учун. Мен ҳам ота-оналар ичида машҳур бўлиб кетдим. Кейин эса менга бириктирилган ўқувчилар зўр натижалар кўрсатди. Вазифам ўша ўқувчиларга хорижий тил сертификатлари олишга кўмак бериш бўлган. Ўтган йили кўп ўқувчиларим IELTS’дан юқори баллaр олишди. Йил сарҳисобида исмимни эшитганим кутилмаган ҳолат бўлган. Чунки атрофимдаги кўп ўқитувчилар ҳақиқий инглизлар эди. Айни ўшалар олдида уялиб қолмаслик учун ҳам ҳаракат қилгандим, мукофот учун эмас.
— 5 йилдан бери Вьетнамдасиз. Ўзбекистонга қайтиш ниятингиз борми?
— Қайтиш ниятим бор, албатта. Ишимдан ташқари ҳам бошқа муҳим ишларим бор, яъни магистратуранинг охирги босқичида ўқияпман. Шунинг учун ҳам ҳозирча кета олмайман. Бира тўла ўқишимни тугатиб, кейин кетмоқчиман. Бундан ташқари, бир нечта лойиҳаларни бошлаб қўйганман. Бироз вақт керак. Буерда ўзлаштирган нарсаларим жуда кўп. Шулар асосида Ўзбекистонда ҳам бир нечта лойиҳа бошламоқчиман.
Мақсуда Абдуқаюмова суҳбатлашди.
Тасвирчи Асрор Алмуродов
Монтаж устаси Абдуқодир Тўлқинов
Мавзуга оид
09:34 / 05.08.2024
Виетнам президенти То Лам Компартия Марказий қўмитаси бош котиби этиб сайланди
11:54 / 26.08.2023
АҚШнинг «манглайидаги қора доғ» – америкаликлар Вьетнамдаги қишлоқ аҳолисини нега қатлиом қилганди?
15:21 / 24.07.2023
Мактаб ўқитувчиларига 7,8 млрд сўмлик таътил пуллари ундириб берилди
07:31 / 14.07.2023