Жаҳон | 15:07 / 22.03.2023
14178
3 дақиқада ўқилади

Украинага дронларнинг тунги ҳужуми: қурбонлар бор

22 мартга ўтар кечаси Россия кучлари Украинанинг бир қанча ҳудудларига Эрон дронлари орқали ёппасига ҳужум уюштирди. Киев областида ҳужум оқибатида икки ётоқхона қисман вайрон бўлган, қурбонлар бор.

Фото: Киев области полицияси

«Бу тун, 22 март куни, душман Shahed-136 учувчисиз учиш қурилмалари билан навбатдаги ёппасига авиация зарбасини йўллади. Дастлабки маълумотларга кўра, 21 дрондан 16 таси бизнинг ҳимоячиларимиз томонидан яксон этилган», дейилади Украина бош штаби хабарида.

Киев области ҳарбий маъмурияти дастлаб дронларнинг тунги ҳужуми оқибатида фуқаролик объекти шикастлангани, уч киши ҳалок бўлиб, етти киши яралангани ҳақида хабар берганди.

Кейинроқ Киев области полицияси раҳбари Андрий Небитов дрон зарбасидан вайрон бўлган бинонинг бешинчи қавати харобалари орасидан 40 ёшли киши жасади чиқариб олинганини хабар қилди.

Қурбонлар орасида — тез ёрдам ҳайдовчиси ҳам бор. У дрон зарбаси берилган жойга чақирув бўйича етиб келганди.

Фото: KYIV REGIONAL PROSECUTOR’S OFFIC/VIA REUTERS

Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати аниқлик киритишича, бу Ржишчев шаҳрида рўй берган: икки беш қаватли ётоқхонанинг тўртинчи ва бешинчи қаватлари қисман шикастланган, касб-ҳунар коллежининг уч қаватли ўқув биноси корпусида ёнғин чиққан.

Ҳудудий полиция маълумотига кўра, жами 20 дан ортиқ киши жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган, улардан бири 11 ёшли бола. Яна беш кишининг тақдири номаълумлигича қолмоқда.

T.ME/DSNS_TELEGRAM

Воқеа жойида полициячилар, қутқарувчилар ва бошқа фавқулодда хизматлар ишламоқда, жабрланганларга ёрдам кўрсатилмоқда.

Украина ФВДХ Киев областига дронларнинг тунги ҳужуми оқибатлари акс этган бир қанча фотосуратларни намойиш этди.

Фото: T.ME/DSNS_TELEGRAM

Тунда Киев шаҳри, Киев области ва Украинанинг бошқа регионларида ҳаво тревогаси эълон қилинган. Киев ҳукумати ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишлаётганини хабар қилган. Шунингдек, Житомир ва Хмельницкий областларида ҳам ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари ишга тушган.

Житомир областида ҳам инфратузилма объекти шикастланган. Житомир области ҳарбий маъмурияти раҳбари Виталий Бунечко ўз телеграм-каналида хабар қилишича, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари област осмонида ҳаракатланган учта дронни уриб туширган. Ҳужум оқибатида жароҳатланганлар йўқ.

Одесса вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Юрий Крук 22 мартга ўтар кечаси Россия қўшини област ҳудудига ракеталар билан ҳужум қилгани ҳақида хабар берган. Зарба оқибатида тинч аҳоли уйлари шикастланган ва бир неча киши тан жароҳати олган, қурбонлар йўқ.

Мавзуга оид