Жаҳон | 14:01 / 24.03.2023
14007
6 дақиқада ўқилади

Бармоқ излари ва қамоқ расмлари. Ҳибсга олинган тақдирда Трампни қандай жараён кутади?

АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп молиявий қоидабузарликларда айбланиб, ҳибсга олиниши мумкин. Гап 2016 йилда порноюлдуз Сторми Дэниелсга бўлажак президент билан бўлган ишқий муносабатлари борасида сукут сақлаши учун тўланган 130 минг доллар ҳақида кетмоқда.

Фото: Reuters

Агар қамоққа олинса, Трамп АҚШ тарихида жиноят ишида айбланган биринчи собиқ президент бўлади.

Трамп айнан нимада айбланмоқда?

Ҳикоя 2006 йилда, Трамп президент бўлишидан анча олдин бошланган. Порноюлдуз Сторми Дэниелснинг сўзларига кўра, айнан ўшанда у ва Трамп ўртасида яқин алоқалар бошланган (Трамп буни ҳар доим қатъиян рад этган) ва 2016 йил октябр ойида, Трамп президентлик сайловларида ғалаба қозонишидан бир ой олдин, бўлажак президентнинг адвокати Майкл Коэн актрисага 130 минг доллар пул тўлаган. Бу пуллар, эҳтимол, эришилган келишувнинг бир қисми бўлган. Келишувга кўра актриса Трамп билан алоқаларини матбуотда ва умуман жамоатчилик орасида муҳокама қилмаслик мажбуриятини олган.

Аслида тўлов фактининг ўзи қонунбузарлик ҳисобланмайди. Бироқ Трамп адвокати томонидан сарфлаган ушбу суммани суд харажатлари учун тўлов сифатида ҳужжатлаштирган.

Трампнинг бу ҳаракатини молиявий ҳужжатларни қалбакилаштириш ёки сохталаштириш, яъни жиноий қонунбузарлик деб ҳисоблаш мумкин.

Дэниелснинг айтишича, Трамп билан 2006 йилда танишган

Трампга айблов эълон қилинадими?

Трампга қарши айблов эълон қилиш ёки қилмаслик бўйича қарорни Манҳэттен округи прокурори Элвин Брэгг қабул қилиши керак.

Айнан у жиноий иш қўзғатиш учун етарли асослар бор-йўқлигини аниқлаш учун махсус катта ҳакамлар ҳайъатини чақирган. Трампни ҳибсга олиш ордери чиқарилиши ёки йўқлигини ва қачон чиқарилиши мумкинлигини фақат прокурорнинг ўзи билади.

Ўтган ҳафта Трампнинг адвокатлари собиқ президентга катта ҳакамлар ҳайъати олдида чиқиш қилиш имконияти берилгани, бу эса тергов якунига етиб бораётгани белгиси сифатида баҳоланиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди.

Адвокатлар, на улар, на Трампнинг ўзи яқинлашиб келаётган қамоққа олиш ҳақида хабар олгани, Трампнинг бу воқеа 21 март куни куни бўлиши кераклиги ҳақидаги даъволари фақат матбуот хабарларига асосланганини тушунтириш учун бор кучини сарфлади.

Коэннинг ўзи бу иш доирасида 2018 йил декабр ойида уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Трампни ҳибсга олиш бўйича ордер берилса нима бўлади?

Агар Брагг собиқ президентга айблов эълон қилишга қарор қилса, у аввало Трамп ва унинг адвокатларини расман хабардор қилиши ва Трампнинг биринчи суд ишида қатнашиш учун Нью-Йоркка қачон ва қандай келишини муҳокама қилиши керак бўлади.

Жамоатчилик ҳибсга олиш қарори қабул қилинганини прокурорнинг ўзидан ёки бу воқеаларда матбуот билан жуда яхши ва тезкор алоқада бўлаётган Трампнинг адвокатлар жамоасидан эшитиши мумкин.

Трампга қарши расмий айбловларни ўз ичига олган ҳужжат судья ушбу айбловларни судда ўқиб чиқмагунича очиқ эълон қилинмайди.

Эҳтимолий қамоққа олишнинг тарихий аҳамияти ва хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар ҳисобга олинса, Трампнинг Нью-Йорк судида пайдо бўлиши тафсилотлари охиригача сир сақланади.

Унинг адвокатлари аллақачон уларнинг мижози тергов билан ҳамкорлик қилишга тайёрлиги ҳақида аниқ тушунча берди, шунинг учун Трампнинг кишанлар ва сиреналар билан ҳибсга олинишини кутмаслик керак.

Трампнинг шахсий самолёти бор, шунинг учун у Нью-Йоркдаги исталган аэропортга учиб бориши ва у ердан Манҳэттен судига машинада етиб олиши мумкин.

Доналд Трамп рафиқаси Мелания ва кичик ўғли Бэррон билан

Трампнинг бармоқ излари олинадими?

Суд прокурор билан маслаҳатлашган ҳолда Трампга одатий айбланувчилар каби, журналистлар қатори олдидан ўтмасдан, орқа эшикдан киришга рухсат бериши мумкин.

Бироқ кейин босқичда уни жиноий ишларда айбланаётганлар учун ўрнатилган стандарт тартиб-қоидалар кутиб туради — бармоқ излари, юзни ёндан (профил) ва олддан (анфас) расмга олиш. Шунингдек, унга Миранда қоидаси ўқиб эшиттирилади.

Жиноят иши қўзғатилган айбланувчиларнинг қўллари одатда судда вақтинчалик кишанланади, бироқ Трампнинг адвокатлари унинг бу ноқулайликдан қочиши учун қаттиқ ҳаракат қилиши аниқ.

Бу вақт давомида Трампнинг ёнида доимо махсус хизмат агентлари бўлади.

Судга чиқишидан олдин Трамп маълум муддат махсус хонада ёки ҳатто камерада ушлаб турилади.

Айбловни эълон қилиш ва судланувчининг судга мурожаати жамоатчилик олдида бўлиб ўтади.

Жиноят иши рўйхатга олиниб, судья танланганидан сўнг бошқа процессуал масалалар, масалан, суд мажлислари жадвали, судланувчининг ҳаракатланишига қўйилиши мумкин бўлган чекловлар ва гаров тўлаш талаблари каби масалалар ҳал қилинади.

Агар Трамп жиноий қонунбузарликда айбдор деб топилса, максимум 4 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин, аммо экспертлар унинг қамоққа тушишига ишонмаяпти ва жарима билан қутулишини тахмин қилмоқда.

Ушбу воқеадан кейин ҳам Трамп президентликка номзодини қўя оладими?

Айблов эълон қилиниши ва ҳатто айбдор деб топилиши ҳам Доналд Трампнинг сайловолди кампаниясини давом эттиришига тўсқинлик қила олмайди. Унинг ўзи ҳам судда нима бўлишидан қатъи назар, ўз фикридан қайтиш ниятида эмаслигини аллақачон маълум қилди.

Аслини олганда, АҚШ қонунчилиги жиноят содир этгани учун судланган номзоднинг президентлик кампаниясини олиб бориши ва ҳатто қамоқхона камерасида туриб президент бўлишига тўсқинлик қилмайди.

Лекин Трампнинг ҳибсга олиниши унинг сайловолди кампаниясига, албатта, катта таъсир кўрсатади.

Тўғри, қамоққа олиниши Трампнинг тарафдорларини унинг атрофида янада жипслаштириши мумкин, аммо собиқ президентнинг митингларга бориши, овозлар учун курашиши ва дебатларда қатнашиши жуда қийин бўлади.

Собиқ президентнинг ҳибсга олиниши Америка сиёсий тизимидаги, аллақачон аён бўлган бўлинишни чуқурлаштириши мумкинлигини эса айтмаса ҳам бўлади.

Консерваторлар собиқ президентдан қасос олиш учун турлича адолат меъёрлари қўлланаётганини айтишмоқда, либераллар эса қонунни бузган олий ҳокимият соҳиблари ҳам жазоланиши кераклигини таъкидлашмоқда.

Муҳаммадқодир Собиров
Тайёрлаган Муҳаммадқодир Собиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид