Миллионлаб инсонларнинг қони тўкилган босқинчилик уруши: АҚШ нега Ироқни босиб олганди?
Бундан роса 20 йил олдин, 2003 йил 20 март куни АҚШ ҳарбийлари хавфли кимёвий қуроллар ишлаб чиқаряпти деган даъво билан Ироққа бостириб киради. Тенг бўлмаган жангларда Ироқ армияси енгилади. Мамлакат президенти Саддам Ҳусайн АҚШ ҳарбийлари томонидан ҳибсга олинади. Сўнг суд қилиниб, қатл этилади. Кейинчалик Ироқдан бирорта ҳам жиддий қурол топилмайди ва АҚШнинг айбловлари нотўғри бўлгани исботланади. Бироқ бу пайтда дунё цивилизацияси бешикларидан бири бўлган Ироқ вайрон бўлиб бўлганди.
Инсоният 50 миллиондан ошиқ одамнинг ёстиғини қуритган Иккинчи жаҳон урушидан ҳам етарли хулоса чиқармади ва кейин ҳам кўплаб урушларни кўрди. ХХ асрнинг иккинчи ярмида АҚШ–Вьетнам, Ироқ-Эрон урушлари, СССРнинг Афғонистонга бостириб кириши, 1990 йилда Ироқ Кувайтни босиб олиши ортидан келиб чиққан уруш содир бўлди.
1992 йилда собиқ Югославия парчаланиши ортидан Болқон яриморолида ҳам уруш бошланди ва у қарийб 10 йил давом этди.
2001 йил 11 сентябр куни Америкада бир нечта самолёт олиб қочилди ва турли биноларга олиб бориб урилди. Бу АҚШнинг 2001 йилда Афғонистонга, 2003 йилда Ироққа бостириб киришига сабаб бўлди.
АҚШ Ироқда хавфли бактериологик қуроллар ишлаб чиқариляпти деган айблов билан бостириб кирганди. Кейинчалик Ироқдан бирорта ҳам жиддий қурол топилмади.
Шундан сўнг Ироқ урушининг ташаббускори бўлган Кичик Жорж Буш танқидлар остида қолиб кетди. Бироқ бу пайтда дунё цивилизацияси бешикларидан бири бўлган Ироқ вайрон бўлиб бўлганди.
Босқиндан олдинги вазият
АҚШ Ироққа бостириб киришидан аввал бу давлатни Саддам Ҳусайн бошқарарди. Америка сиёсатчиларининг азалдан бу одам билан «ўзаро ҳисоб-китоб»лари бор эди.
Гап шундаки, 1980-йилларда Ироқ Эрон билан қарийб ўн йил урушади. 1988 йилда уруш тугайди. Бироқ бу пайтга келиб Ироқ нефтга бой бўлса-да иқтисодий муаммоларга дуч келганди.
Ана шундай вазиятда Ироқ раҳбари Саддам Ҳусайн Кувайтни босиб олишни режа қилади. 1990 йил 2 август куни Ироқ армияси Кувайтга бостириб киради.
Ўша пайтда Кувайтдаги барча нефт конлари АҚШ компаниялари билан ҳамкорликда ишлар, Ироқнинг бостириб кириши уларнинг фаолиятини тўхтатганди.
Шундан сўнг БМТ хавфсизлик кенгаши резолюцияси қабул қилинади. Ироққа ўз қўшинларини Кувайтдан олиб чиқиш талаби қўйилади. Бироқ Саддам писанд қилмайди.
Шундан сўнг АҚШ бошчилигида халқаро коалиция шакллантирилади. 1991 йил 15 январ куни Саддамга берилган сўнгги муддат тугайди ва халқаро коалиция ҳарбий авиацияси Ироқни бомбардимон қила бошлайди.
Ўшанда уруш узоққа чўзилмайди ва тез орада Ироқнинг мағлубияти билан тугайди. Ироқнинг бир қисмини босиб олган халқаро коалиция қўшинлари бу давлатни тарк этади. Саддам Ҳусайн эса Ироқ раҳбари бўлиб қолаверади. Ўша пайтда АҚШда Жорж Буш президент эди.
1992 йилдан бошлаб АҚШни икки муддат (8 йил) Билл Клинтон бошқарди. Клинтон даврида АҚШ-Ироқ муносабатлари совуқ бўлса ҳам кескин эмасди. Бироқ 2000 йилда ўтказилган сайловларда Жорж Бушнинг ўғли Кичик Жорж Буш ғалаба қозонгач, у Ироқ билан муносабатларни кескинлаштира бошлади.
Кичик Буш ўз чиқишларида Ироқда инсониятга хавф солиши мумкин бўлган кимёвий қуроллар ишлаб чиқарилаётгани, Саддам Ҳусайн тузуми ядро қуроли яратиш устида ишлаётгани ҳақида гапира бошлади.
2001 йилда АҚШда террорчилар бир нечта самолётларни олиб қочишди ва турли биноларга олиб бориб уришди. Оқибатда Нью-Йоркдаги эгизак бинолар қулаб тушди. Пентагон биноси шикастланади.
Шундан сўнг Кичик Буш маъмурияти АҚШда террорчилик хуружини амалга оширганлар «Ал-қоида» аъзолари бўлганини, бу ташкилот Афғонистонда қўним топганини айтиб чиқди. Кўп ўтмай АҚШ армияси бошчилигидаги халқаро коалиция қўшинлари Афғонистонга бостириб кирди.
АҚШ ҳарбийлари Афғонистонда ўша пайтда мамлакатнинг асосий қисмини эгаллаб олган «Толибон» ҳаракати билан жанг олиб борар экан, Кичик Буш Ироққа ҳам бостириб кириш режасидан воз кечмаганди.
АҚШ президенти тинимсиз Ироқда хавфли қуроллар ишлаб чиқарилаётганини, агар Саддамнинг таноби тортиб қўйилмаса у ҳам АҚШ учун жиддий хавф туғдиришини айтарди.
Ўша пайтда Америка хавфсизлик тизимларида Саддам Ҳусайннинг «Ал-қоида» билан ҳамкорлиги ҳақида умуман далиллар бўлмаган. (Аслида ҳам Ироқ президенти бу ташкилот билан ҳамкорлик қилмаган.)
Шу сабабли Кичик Буш ўз фуқароларига асосан Ироқнинг хавфли кимёвий қуроллар ишлаб чиқараётганини, бу ишнинг оқибати АҚШликлар учун ёмон бўлишини айтиб қўрқитарди.
Шунингдек, Америкадаги аксарият ОАВ ҳам Ироқдаги вазиятни кўпиртириб таърифлаб оловга «керосин» сепарди.
Ҳолат шу даражага келиб қолдики, халқаро сиёсатдан хабардор инсонлар АҚШ Ироққа бостириб киришига шубҳаланмай қўйди. Амалда шундай ҳам бўлди.
Шу билан бирга 2002 йилнинг кузига келиб Кичик Буш маъмурияти яширинча Ироққа бостириб кириш учун ўзига тарафдорлар йиға бошлади. АҚШнинг Ироққа бостириб киришини ўша пайтда дунёнинг 50 дан ошиқ давлати қўллаб-қувватлайди. (Улар орасида Ўзбекистон ҳам бўлган.)
Ироққа босқин
18 март куни Жорж Буш Саддам Ҳусайнга ултиматум эълон қилади. Унга кўра Саддам 48 соат ичида Ироқни тарк этиши керак эди. Ироқ президенти бу шартни писанд қилмайди.
2003 йил 20 март куни АҚШ ҳарбийлари Ироққа бостириб кирди. Икки ўртада қақшатқич жанглар бошланди. Ироққа қарши урушга бир қанча араб давлатлари ҳам қўшилган бўлиб, коалициянинг бош штаби Қатарда жойлашган эди.
Ўшанда АҚШ бошчилигидаги халқаро коалициянинг бир неча юз минг ҳарбийдан иборат қўшини Ироққа бостириб киради. Уларнинг аосий қисми АҚШ ҳарбийлари эди. Уруш бошланганидан уч ҳафта ўтиб 9 апрел куни Бағдод эгалланади.
Ироқ армиясининг сўнгги бўлинмалари Саддам Ҳусайн туғилган Тикритда йиғилиб қаршилик кўрсатади. 15 апрел куни бу шаҳар ҳам ишғол қилинади. Шундан сўнг Ироқ армияси қаршилик кўрсатишни тўхтатади.
2003 йил 1 май куни АҚШ президенти Кичик Жорж Буш халқаро коалиция кучлари Ироқда ғалаба қозонганини эълон қилади.
Урушда АҚШ армияси билан бирга дунёнинг 40 нафар давлати ҳарбийлари қатнашади. Улар орасида собиқ иттифоқ республикаларидан Арманистон, Грузия, Озарбойжон, Латвия, Литва, Эстония, Қозоғистон, Молдова ва Украина ҳарбийлари бор эди.
Саддам Ҳусайннинг қатл этилиши
Ироқ армияси мағлубиятга учрагандан сўнг АҚШ ҳарбийлари 2003 йил 13 декабр куни Саддам Ҳусайнни Тикрит шаҳри яқинидаги Ад-Даур манзилида яшириниб ётган жойидан топиб олишади.
Унинг ёнидан нақд 750 минг АҚШ доллари, Калашников автомати ва пистолет топилади. У билан бирга иккита қўриқчиси ҳам ушланади.
Кейинчалик америкалик ҳарбийлар Саддамни 13 эмас, 12 декабр куни Тикритдаги уйдан ушлашгани, қўлга олиш чоғида у АҚШлик ҳарбийни отиб ўлдиргани ҳақида гаплар чиқади. Бироқ бу тасдиқланмайди.
2005 йил 19 октябр куни Саддамнинг суди бошланади. Айнан уни жазолаш учун Ироқда ўлим жазоси қайта жорий этилади.
Саддамга қуйидаги ишлар бўйича айбловлар эълон қилинади:
· 1987-1988 йилларда Анфол ҳарбий операцияси давомида курдларни қатағон қилиш;
· 1991 йилда шиа мазҳабига эътиқод қилувчилар ва курдларнинг қўзғолонини бостириш пайтидаги ҳарбий зўравонлик учун;
· 1982 йилда шиа мазҳабига эътиқод қилувчилар яшайдиган қишлоқда қатлиом ўтказиш;
· 1988 йилда Халабжа шаҳрида курдларга қарши кимёвий қуроллар ишлатиш;
· 1983 йилда курдларнинг барзан қабиласига мансуб 8 минг кишининг қириб ташланиши;
· 1990 йилда Кувайтга бостириб кириш;
· Ироқдаги турли диний ва сиёсий раҳнамоларни йўқ қилиш;
· Ироқдаги турли диний ҳаракатлар ва сиёсий партияларга қарши жиноятлар;
Ироқнинг собиқ президенти ўзига қўйилаётган айбларнинг ҳеч бирини тан олмайди. Саддам Ҳусайн қўлга олингандан кейин ва суд жараёнлари кетаётган пайтда АҚШ ҳарбийлари томонидан жуда қаттиқ қўриқланади.
Суд Саддамни кўплаб жиноятларда айбдор деб топади ва уни ўлим жазосига ҳукм қилади. 2006 йил Ироқ вақти билан соат 6:00 да Саддамни осиб ўлдиришга киришилади.
Ўша куни мусулмонларнинг муқаддас байрамларидан бири Қурбон ҳайити байрами эди. Жараён АҚШдаги телеканаллардан бирида жонли кўрсатилади. Бу иш дунё мусулмонларининг ғазабини келтиради ва ўша куни дунёнинг кўплаб шаҳарларида АҚШга қарши намойишлар бўлиб ўтади.
Саддам осиб ўлдирилгандан сўнг собиқ президентнинг жасади у мансуб бўлган Абу Наср қабиласига берилади. У ўзи туғилиб ўсган Тикрит шаҳрига дафн этилади.
Урушдан кейинги уруш
Гарчи Саддам Ҳусайн ағдарилиб, Ироқ халқаро коалиция қўшинлари томонидан босиб олинган бўлса-да Ироқ аҳолиси узоқ йиллар давомида босқинчиларга қарши партизанлик урушлари олиб боради.
Бу урушлар ошкора бўлмай, асосан қўпорувчилик кўринишида бўлади. Бунда босқинчиларнинг ҳарбий техникаларига миналар ўрнатишдан тортиб, худкуш томонидан ўзини портлатиб юборишгача бўлган ишлар қилинади.
Ироқ босиб олинганидан сўнг коалицияга қўшилган турли давлатлар навбати билан Ироқдан ўз қўшинларини олиб чиқа бошлайди.
2011 йил 15 декабрига келиб Барак Обама президентлиги даврида АҚШ Ироқ ҳарбий кампанияси якунлангани ҳақида расман эълон қилади. Америка ҳарбийлари ушбу мамлакатдан олиб чиқилади. 2014 йилда эса АҚШ армияси яна қайтади — бу сафар ИШИДга қарши кураш олиб бориш учун.
АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден ва Ироқ бош вазири Мустафо ал-Козимий 2021 йил ёзида америкаликларнинг Ироқдаги жанговар миссияси бутунлай якунлангани ҳақида эълон қилишади.
Ироқнинг талафотлари
АҚШнинг Ироққа ноҳақ ҳужум қилиши ва мамлакатни босиб олиши ортидан мамлакат таназзулга учрайди. Шаҳар ва қишлоқлар мисли кўрилмаган даражада вайрон бўлади. Миллионлаб одамлар ҳалок бўлади, қочоққа айланади.
Умумий ҳисобда Ироқда ҳалок бўлганларнинг аниқ сони маълум эмас. Энг консерватив баҳоларга кўра, Америка ҳарбий амалиётининг дастлабки уч йилининг ўзида камида 100 минг киши қурбон бўлган. Тўрт миллиондан ортиқ ироқлик ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
Турли маълумотларга кўра 2003 йилдан 2010 йилгача Ироқнинг тинч аҳолисидан 733 мингдан 1 миллион 446 минг нафар одам ҳалок бўлган. Яна миллионлаб ироқликлар уй жойини ташлаб кетиб, қочоққа айланган.
Айрим манбалар урушда ҳалок бўлган ироқликлар анча кам экани, умумий миқдорга уруш давомида бошқа сабаблар билан ҳалок бўлганлар сони ҳам қўшилганини билдирган.
2003 йилдан 2011 йилга қадар халқаро коалициянинг 4 799 нафар ҳарбий хизматчиси ўлдирилган, шундан 4,4 мингдан ортиғи америкаликлар бўлган. Ироқ урушини ёритиш билан шуғулланган журналистлардан камида 136 нафари ҳалок бўлган.
Урушга қаршиликлар
АҚШнинг Ироққа бостириб киришига ҳали Кичик Буш Саддам Ҳусайнни ағдариб ташлаш режасини тузаётганда қарши гаплар бўлганди.
Жумладан, Франция Ташқи ишлар вазири Доминик де Вильпен 2003 йил 20 январ куни «Биз Ироққа бостириб кириш энг ёмон қарор бўлади ҳисоблаймиз» деганди.
Европанинг яна бир йирик давлати Буюк Британияда вазият бироз бошқача кечади. Ўша пайтда бу давлатга Тони Блэр бош вазир эди ва у АҚШнинг Ироққа нисбатан юритаётган тажовузкорона сиёсатини бошдан қўллаб келаётганди.
Шу сабабли ҳам Британия жамоатчилиги Тони Блэрни «АҚШнинг ноғорасига ўйнаётганликда» айблаб чиқади. Бироқ у охиригача АҚШни қўллаб-қувватлашда давом этади.
2003 йил 15 феврал куни Лондонда АҚШнинг Ироққа бостириб киришига қарши йирик намойиш бўлиб ўтади. Унда қарийб 2 миллион одам қатнашади. Шу билан бирга намойишчилар Блэрнинг истеъфосини ҳам талаб қилишади.
Орадан бироз ўтиб Британиядаги Халқ ассамблеясининг йиғилиши ўтказилади ва унда мамлакатдаги кўплаб ташкилотлардан 1 500 нафар вакил қатнашади. Йиғилишда Лейбористлар ҳукуматининг урушга қўшилишига қарши декларация қабул қилинади.
Шу билан бирга йиғилишда қатнашган вакиллар Тони Блэрнинг истеъфосини талаб қилиб чиқишади. Шундан сўнг унинг рейтинги минимал кўринишда пастлаб кетади.
Ўша пайтда АҚШнинг Ироққа бостириб кириши аниқ бўлгач бутун дунё бўйлаб бунга қарши намойишлар ўтказилганди. Кейинчалик маълум бўлишича, 2003 йил 3 январдан 12 апрелгача АҚШнинг Ироққа бостириб киришига қарши дунё бўйлаб 3 мингдан ошиқ намойиш ўтказилган ва уларда 36 миллион нафар одам қатнашган.
АҚШнинг ўзида ҳам Ироқ урушига қарши намойишлар бўлиб ўтади. Айниқса Ироқ босиб олинганидан сўнг у ерда ҳеч қандай жиддий қурол топилмагач намойишларнинг кўлами кенгаяди. Деярли ҳар куни Оқ уй олдида Кичик Буш ва унинг маъмуриятига қарши намойишлар ўтказилади.
Шунингдек, АҚШ ҳарбийлари орасида Ироқдаги ҳарбий ҳаракатлардан бўйин товлаш, қочиб кетиш ҳоллари кўпаяди. Жумладан, Ироқ босиб олингандан сўнг 2003 йил мартдан 2004 йил бошигача уйга таътил берилган АҚШ ҳарбийларидан 1,7 минг нафари Ироққа қайтишдан бош тортади.
2003 йил мартдан 2009 йилгача Ироқдаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашган АҚШ ҳарбийларидан 8 минг нафари хизмат жойидан қочиб кетади.
Жорж Бушга отилган туфли
2008 йил декабр ойи ўрталарида АҚШ президенти аввалдан эълон қилинмаган ташриф билан Ироққа келади. 14 декабр куни Бағдодда Буш ва Ироқ бош вазири Нурий Маликий иштирокида матбуот анжумани ўтказилади.
Матбуот анжуманида Буш ва Маликий ёнма-ён туриб гапиради, саволларга жавоб беради. Шу пайтда пастда ўтирган Мисрнинг Ал-Бағдодия телеканали мухбири, ироқлик журналист Мунтазар Зайдий кескин ҳаракат билан ўрнидан туради ва оёғидаги туфлиларини ечиб Бушга отади.
Буш чаққонлик билан ҳар икки туфлига ҳам чап беради. Мунтазар туфлиларини отаётган пайтда Бушга қараб «Бу сенга ироқликлардан совға. Сен кўппаксан» деб бақиради. Бушнинг қўриқчилари тезда Мунтазирни ушлаб, залдан олиб чиқиб кетишади.
Ҳодиса тасвирланган видео тез орада бутун дунё телеканалларида намойиш этилади. Шундан сўнг дунёнинг турли бурчакларида журналистнинг ҳимояси учун намойишлар бошланади.
Шу жумладан ҳодисадан икки кун ўтиб 16 декабр куни Бағдодда ҳам журналистни озод қилишларини талаб қилиб кўп минг кишилик намойиш ўтказилади. Ҳодисадан икки кун ўтиб интернетда «Бушга валенка улоқтир» номли ўйин пайдо бўлади.
2008 йил 18 декабр куни Зайдийнинг «қуроли» бўлган туфлилар Америка махсус кучлари томонидан йўқ қилинади. 2009 йил 12 март куни Зайдий уч йил қамоқ жазоси олади. Ўша йили 11 сентябр куни у «ўзини яхши тутгани учун» қамоқдан озод қилинади.
Хулоса
АҚШнинг Ироққа босқини яқин тарихдаги АҚШнинг Вьетнамга, СССРнинг Афғонистонга бостириб кириши каби ноҳақ урушларидан бири бўлди.
Бу босқин дунё гегемонлигига даъвогар давлатлар Ер юзининг турли ҳудудларида ўз таъсир доирасини ўрнатиш ёки кенгайтириш учун ҳеч нарсадан қайтмаслигини кўрсатди.
Катта эҳтимол билан бундан кейин ҳам улар ўзи тўғри деб биладиган шу машъум сценарийни бошқаларга нисбатан қўллаб кўришдан қайтмоқчи эмас.
Дунё йирик давлатлар кучсизроқларининг ҳудудини босиб олиб, ўзларига ярим вассал ҳукумат тузишга интилишидан ҳали-бери қутуладиганга ўхшамайди.
Асримизнинг 23-йилига келиб ҳам бу ёввойилик одамларни қийнамоқда. Европа марказида мустақил Украина давлатига Россиянинг бостириб кириши ҳам шундан далолатдир.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52 / 22.11.2024
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024