Донбассда вайрон қилинаётган яна бир шаҳар ва топшириқ бажаришга кетаётган вертолётлар. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 396-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Тула яқинидаги Киреевскда украинлар дрони уриб туширилган, уч киши жабрланган.
- Киев-Печерск лаврида Украина проваслав черковининг сўнгги ибодати бўлиб ўтди, унга бир неча минг киши келди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси «давлатнинг УПЧга қарши ҳаракатлари камситувчи характерга эга бўлиши мумкинлигидан хавотир» билдирилган ҳисоботи эълон қилинди.
- РФ ҳукумати Украинанинг аннексия қилинган ҳудудларида эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади.
- Владимир Путиннинг Беларус ҳудудига тактик ядро қуроллари жойлаштириш тўғрисидаги қарори фонида Пентагон Россия уни қўллашининг аломатларини кўрмаётганини маълум қилди.
Кун кадри. Ёнган Вуҳледар
Март ойи бошида Россия армияси Донецкдан тахминан 60 километр масофада жойлашган Вуҳледар шаҳри атрофида оғир йўқотишларга учради. Украин ҳарбийларининг баҳоларига кўра, россияликларнинг 2023 йилнинг дастлабки ойларида Сватове-Креминна йўналишида, шунингдек, Авдийивка ва Вуҳледарга қилган ҳужумлари муваффақият келтирмаган. Британия ҳарбий разведкаси қайд этишича, сўнгги вақтларда Россия фақат Бахмутда, «Вагнер» ёлланма жангчилари ҳисобига тактик ютуқларга эришган. «Россия мудофаа вазирлиги Вагнернинг ютуқлари билан рақобатлашишни истаётгани туфайли ҳам Вуҳледарда муваффақият қозониш учун ўжарлик билан ҳужум қилаётган бўлиши мумкин», — дейилган ҳисоботда.
2022 йил бошида, кенг кўламли босқин бошланиши ва аҳоли эвакуациясидан олдин, Вуҳледарда 14 минг киши яшаган. 2023 йил февралига келиб, шаҳар раҳбари ўринбосари Максим Вербовскийнинг сўзларига кўра, бу ерда 500 га яқин киши қолган, уларнинг олти нафари болалар. «Улар мунтазам портлашлар, ёнғинлар ва отишмалар шароитида яшаб келишмоқда», — дея қайд этади Вербовский.
Бахмут учун жанг
Донецк областининг Бахмут шаҳри Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар ўчоғи бўлиб қолишда давом этмоқда, деди Украина қуролли кучлари шарқий гуруҳи спикери Сергей Череватий 25 март куни. Қуйида украин ҳарбийларининг ушбу ҳудуддаги позициялари акс этган суратлар.
Украиналик вертолётчилар
Фронт бўйидаги Авдийивка ҳаёти
Бахмутдан жанубда, Донецкдан эса тахминан 20 километр шимолда жойлашган Авдийивка шаҳри мунтазам равишда ўққа тутилмоқда, «охирзамон ҳақидаги фильмлардаги ҳудудларга ўхшаб бормоқда», деди 26 март куни шаҳар ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбари Виталий Барабаш. У яна бир бор аҳолини эвакуация бўлишга чақирган; маъмурият кўрсатмасига мувофиқ, барча коммунал хизматлар ходимлари шаҳарни тарк этган.
Россия қўшинларининг кенг кўламли босқинига қадар Авдийивкада 32,5 минг атрофида одам яшаган, ҳозирда бу ерда 1,9 минг киши қолган, улар орасида болалар ҳам бор. 22 март куни, Барабашнинг сўзларига кўра, шаҳарда бирорта ҳам бутун бино қолмаган.
Буюк Британия мудофаа вазирлигига кўра, РФ қўмондонлиги фронт чизиғини барқарорлаштиришга интилмоқда ва катта эҳтимол билан асосий эътиборни Авдийивка ва Сватове-Креминна линиясига қаратган.
Мавзуга оид
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12 / 22.11.2024
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
22:23 / 21.11.2024