Ўзбекистон | 20:50 / 27.03.2023
46505
12 дақиқада ўқилади

Ташкил топиш, юксалиш ва хотима. Ўзбек хонликлари чегараларининг янги хариталари

Ўзбек тарихчилигида хариташунослик билан боғлиқ муаммолар етарлича. Ғарбнинг турли давлатларида мамлакат тарихидаги деярли ҳар бир йил учун хариталар мавжуд. Ўзбекистонда эса кўпинча бир хил, ҳаммага таниш бўлиб кетган хариталардан фойдаланилади ва тарихнинг катта қисми учун махсус хариталар йўқ. Масалан, хонликлар даврига оид.

Фото: Kun.uz

Бухоро хонлиги ёхуд амирлиги

XVI асрда Абулхайрхоннинг невараси бўлмиш Шайбонийхон бир неча йиллик курашлар натижасида Мовароуннаҳрда янги ўзбек давлатига асос солади. Бу салтанат дастлаб Шайбонийлар давлати деб аталади.

1533 йил Шайбонийлар салтанати тахтига ўтирган Убайдуллахон I мамлакат пойтахтини Самарқанддан Бухорога кўчиради. Бунинг сабаби унинг отаси Маҳмудхон (Шайбонийхоннинг укаси) Бухоро волийси (ҳокими) бўлгани эди. Шундан сўнг бу давлат пойтахт шаҳар номига асосланиб Бухоро хонлиги деб атала бошланади.

Бухоро хонлигининг 1533 йил, Убайдуллахон I тахтга келган даврдаги чегаралари.
Фото: Муҳаммадқодир Собиров

Шайбонийхон 1505 йил Хоразм, орадан икки йил ўтиб Хуросонга юриш қилади ва Вазир, Кўҳна Урганч, Ҳирот, Машҳад, Дамғон, Астробод каби шаҳарларни эгаллайди. Бироқ 1510 йил Шайбонийхоннинг фожиали ўлимидан сўнг бу ерлар Сафавийлар салтанати тасарруфига ўтиб кетади. 1512 йили шайбоний уруғининг бошқа бир вакили Элбарсхон Хоразмда Самарқанддан мустақил Хива хонлигига асос солади. Шайбонийхон авлодлари қўл остида Мовароуннаҳр ва Шарқий Туркистон ерлари қолади.

Бир қанча вақт ички урушлар гирдобида қолган Бухоро хонлиги Абдуллахон II даврида барқарор ва кучли давлатга айланади. Айнан Абдуллахон II ҳукмронлиги даврида Бухоро хонлиги ўз қудрати чўққисига чиқади. Абдуллахон II нафақат ички курашларга барҳам беради, балки хонлик ҳудудини кенгайтириб, Хуросоннинг Машҳад, Нишопур ва Сабзавор шаҳарларини сафавийлардан тортиб олади. Хива хонлигига юриш қилиб, уни Бухоро хонлигига қўшиб олади.

Шарқда эса Қошғарни ҳам ўз давлати таркибига киритади. Абдуллахон II даврида ўзбек давлатчилиги сўнгги бор улкан сарҳадларга эга бўлади. Ҳатто Сибир хонлиги ҳам Абдуллахонга сиёсий қарам бўлиб қолади. Абдуллахон Амир Темурдан сўнг Турон заминида иккинчи энг йирик ўзбек давлатни барпо қилганди.

Абдуллахон II ҳукмронлигининг сўнгги йилларида Бухоро хонлиги ҳудуди
Фото: Муҳаммадқодир Собиров

1598 йилда Абдуллахон II вафот этгач, у қурган улкан давлат ҳам заволга юз тутади. Хоразм мустақилликка эришади, сафавийлар Хуросонни эгаллайди. Қозоқ хони Таваккалхон Бухорога бостириб кириб, Тошкент, Жиззах, Хўжанд ва Самарқандни босиб олади. Унинг Бухорога ҳужуми муваффақиятсиз тугайди ва қозоқлар ортига ҳайдаб юборилади. Шундай бўлса-да Тошкент, Туркистон ва Тароз шаҳарлари Қозоқ хонлиги таркибига ўтиб кетади. 1601 йил, Абдуллахон II вафотидан уч йил ўтиб, мамлакатда Шайбонийлар сулоласи ҳукмронлиги ҳам барҳам топади ва Бухоро тахтига Аштархонийлар (ёхуд Жоний) сулоласи келади.

Аштархонийлардан Имомқулихон Бухоро ҳудудини анча кенгайтиради. Жумладан, Тошкент ва Тароз шаҳри хонлик ихтиёрига қайтариб олинади. Имомқулихондан сўнг тахтга келган Нодир Муҳаммад ва Абдулазизхон даврида салтанат чегаралари катта ўзгаришга учрамайди. Фақатгина 1680 йилда, жунғорлар ҳужумидан сўнг ҳалокатга юз тутган Қошғар хонлигининг баъзи ҳудудлари Бухоро хонлиги томонидан эгаллаб олинади.

Бухоро хонлиги чегаралари 1680 йилда. Фото: Муҳаммадқодир Собиров

Абдулазизхондан сўнг тахтга келган Субҳонқулихон даврида чегаралардаги энг катта ўзгариш Хива хонлигининг яна Бухоро хонлигига қўшиб олиниши бўлади. Бироқ бу узоқ давом этмайди. Субҳонқулихондан сўнг Бухоро тахтига ўтирган Убайдуллахон II мустақилликка интилаётган вилоятлар билан тўхтовсиз кураш олиб боради. Бир томондан Балх ҳокими Маҳмуд қатағон, бошқа томондан Фарғонадаги минг сулоласига қарши курашган Убайдуллахон 1711 йил фитна қурбонига айланади. Унинг ўлимидан сўнг Балх ва Фарғона водийси Бухоро хонлиги таркибидан чиқиб кетади.

Убайдуллахон II ўлимидан сўнг Бухоро хонлиги чегаралари. 1711 йил
Фото: Муҳаммадқодир Собиров

1740 йили Бухоро ва Хивага Эрон шоҳи Нодиршоҳ бостириб киради ва ҳар икки хонликни ўзига бўйсундиради. Эронга қарамлик 1747 йилга қадар давом этади. Шу йили Нодиршоҳ ўлдирилганидан сўнг Бухорода катта мавқега эришган ўзбекларнинг манғит қабиласи етакчиси Муҳаммад Раҳимбий аштархоний ҳукмдор Абулфайзхонни ўлдиради. Муҳаммад Раҳимбий тахтга аштархонийлар вакиллари бўлган қўғирчоқ ҳукмдорларни ўтқаза бошлайди. Ниҳоят 1756 йили Муҳаммад Раҳимбий Бухорони тўлиқ ўз бошқарувига олади, бироқ анъанага кўра фақатгина чингиз наслидан бўлган инсонларгина хон рутбасини олиши мумкинлиги боис Муҳаммад Раҳимбий ўзини хон эмас «Амир ул-мўминийн» деб эълон қилади.

Шу тариқа, Бухоро хонлиги Бухоро амирлигига айланади. Манғитлардан амир Шоҳмурод нафақат ўз адолатпарварлиги, балки ҳарбий муваффақиятлари билан ҳам алоҳида ажралиб туради. Амир Шоҳмурод 1788 йили Бухоро таркибидан чиқиб кетган Афғонистон шимолидаги ерларни амирликка қайтаради, Марв ҳам яна Бухоро мулкига айланади. Афғонистон шимолидаги ерлар (Чор вилоят: Андхўй, Шибирғон, Сарипул ва Ақча) 1845 йилга қадар Бухоро амирлиги тасарруфида қолади.

Амир Шоҳмурод ҳукмронлигининг сўнгги йилларида Бухоро амирлиги. 1800 йил
Фото: Муҳаммадқодир Собиров

Шоҳмуроддан кейин тахтга келган амир Ҳайдар ва Насрулло асосан ички низоларни бартараф қилиш билан шуғулланади. Насрулло 1842 йил Қўқон хонлигини Бухорога бўйсундиришга эришади, аммо шу йилнинг ўзидаёқ Қўқон мустақилликни қайтариб олади. Амирнинг Қўқонга иккинчи юриши Хива хонининг Бухорога ҳужуми сабаб бекор қилинади. Айнан Насрулло даврида Афғон Туркистони ёхуд чор вилоят бутунлай Афғонистон ихтиёрига ўтиб кетади.

1868 йил Рус империяси қўшинлари Бухорога бостириб киради. Бухоро амири Музаффар хонлик мудофаасини уюштира олмайди ва Бухоро Россия протекторати (вассал) бўлиб қолади. 1873 йил 28 сентябр куни амир Музаффар Туркистон генерал-губернатори фон Куафманнинг «дўстлик» ҳақидаги шартномасига қўл қўяди. Шартномага кўра, Бухоро амирлигининг Самарқанд, Ургут, Жиззах, Панжикент ва Каттақўрғон бекликлари Россия таркибига ўтади.

Бухоро амирлигининг Чор Россияси ҳужумларидан кейинги чегаралари, 1873 йил.
Фото: Муҳаммадқодир Собиров

Бухоро амирлиги ташқи сиёсатда Россияга қарам бўлса-да, ички сиёсатда бирмунча мустақилликка эга бўлади. 1917 йил Россиядаги феврал инқилобидан сўнг Бухорода ҳам амир ҳокимиятига қарши ҳаракатлар бошланади. Аммо амир Олимхон қулай фурсатдан фойдаланиб давлатни мустаҳкамлаш борасида етарли ишларни амалга оширмайди ва 1920 йил 30 август куни большевиклар ҳужумидан сўнг Бухородан қочиб кетади. Большевиклар таъсири остида Бухоро Халқ совет республикаси тузилади. Бу давлат 1924 йил 27 октябрда тугатилади ва унинг ҳудуди Ўзбекистон ССР ва Тожикистон АССР таркибига киритилади. Шу билан тўрт юз йилга яқин ҳукм сурган Бухоро давлати хотима топади.

Хива хонлиги

Хива хонлигига 1512 йил шайбоний Элбарсхон томонидан асос солинади. Хива хонлиги пайдо бўлганидан токи Россия империяси вассалига айлангунига қадар Оролбўйи, Манғишлоқ, Сарахс, Деҳистон ва Дарун ҳудудларини асосан ўз назоратида ушлаб туради. Туркман қабилалари ҳам гоҳ хонлик таркибида, гоҳ ундан мустақил бўлиб яшайди.

Xива хонлиги, 1515 йил. Фото: Муҳаммадқодир Собиров

Хива хонлиги жуда кўп вақт ички урушлар гирдобида қолади. Бу Хива хонлигида марказий ҳукуматнинг кучли бўлмагани билан изоҳланади.

Хива хонлиги марказлашган ҳокимият ва энг катта чегараларга ўзбекларнинг қўнғирот уруғидан чиққан (қўнғирот уруғи Хива тахтини 1770 йил қўлга киритган эди) Муҳаммад Раҳимхон I даврида эришади. Муҳаммад Раҳимхон Хивага доимий бўйсунувчи ҳудудлардан ташқари Сирдарёнинг қуйилиш қисми ва қорақалпоқларнинг Қўнғирот ҳудудларини бўйсундиради. Шунингдек, Раҳимхон 1820 йил Марвни Бухородан тортиб олишга муваффақ бўлади.

Муҳаммад Раҳимхон I даврида Хива хонлиги. Фото: Муҳаммадқодир Собиров

Муҳаммад Раҳимхондан сўнг ҳам хонлик ҳудудлари сезиларли даражада кичраяди. Ички курашлар ва исёнчи туркман қабилалари билан доимий урушлар хонликнинг силласини қуритади ва Хива ҳам 1873 йил Бухоро каби Россия протекторатига айланади. Хива хонлиги ва Россия ўртасида имзоланган Гандимиён шартномасига кўра Амударёнинг ўнг қирғоғидаги ерлар Рус империяси ихтиёрига ўтади. 1880-1885 йилларда олиб борилган юриш натижасида туркман қабилалари ҳам Россия таркибига ўтгач, Хива тасарруфида фақатгина Амударёнинг чап қирғоғидаги ерлар қолади.

Хива хонлиги ерлари, 1873 йил. Фото: Муҳаммадқодир Собиров

Хива хонлиги ҳам Бухоро каби 1920 йилда Хива Халқ совет республикасига айлантирилади ва 1924 йилда унинг ерлари Қорақалпоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ССР таркибига қўшиб юборилади.

Қўқон хонлиги

Қўқон хонлиги ХVIII асрда Фарғона водийсида ташкил топади. Янги мустақил давлатни дастлаб Чодак хўжалари бошқара бошлайди, бироқ 1709 йили ўзбекларнинг минг қабиласидан бўлган Шоҳрухбий хўжалар ҳокимиятига чек қўяди. Хонликнинг биринчи пойтахти этиб Тепақўрғон шаҳри танланади. Шоҳрухбийнинг ўғли Абдураҳимбий пойтахтни Қўқонга кўчиради.

Қўқон хонлиги, 1710 йил. Фото: Муҳаммадқодир Собиров

Қўқон хонлиги таркибига Фарғона водийсидан ташқари, Шарқий Туркистоннинг баъзи қисмлари ҳам киради.

Қўқон хонлиги ҳудуди Олимхон давридан тез кенгая бошлайди. Олимхон Тошкент, Сайрам ва Хўжанд шаҳарларини хонлик таркибига қўшиб олади. Унинг укаси Умархон эса бир неча юз йиллардан бери Бухоро ҳукмдорлари қўл остида бўлган Туркистон шаҳрини Қўқон хонлигига бўйсундиради. Шунингдек, Умархон Сирдарё бўйи ерларини Бухородан тортиб олишга муваффақ бўлади.

Қўқон хонлиги Умархоннинг ўғли Муҳаммад Алихон (Мадалихон) даврида энг катта сарҳадларга эга бўлади. Мадалихон ҳозирги Шимолий Қирғизистон, Жанубий Қозоғистон ерларини, Ўратепа, Қоратегин, Дарбоз, Кўлоб бекликларини ўзига бўйсундиради. Шунингдек бир неча бор Қошғарга ҳам юриш уюштиради.

Қўқон хонлиги, 1825 йил. Фото: Муҳаммадқодир Собиров

Бироқ Мадалихон ҳукмронлигининг сўнгги йиллари омадсиз кечади. Мадалихон бошқарувидан норози бўлган бир гуруҳ бек ва диндорлар Бухоро амири Насруллодан Мадалихонни тахтдан йиқитишни сўрайди. Натижада 1842 йил Қўқон деворлари остида пайдо бўлган Бухоро қўшини шаҳарни эгаллайди ва талон-торож қилади. Мадалихон ва онаси Нодирабегим қатл этилади, Қўқон хонлиги ерлари эса Бухоро амирлигига қўшиб олинади.

Шу йилиёқ Бухородан мустақилликка эришилган бўлса ҳам Қўқон хонлигининг кейинги тарихи турли гуруҳларнинг ўзаро курашларидан иборат бўлади ва хонлик қайта марказлашган кучли давлатга айлана олмайди. Бу эса хонликнинг Россия империяси учун тайёр ўлжага айланишига олиб келади. Қаттиқ қаршиликка қарамай, Хўжанд эгалланиши билан Бухородан узилиб қолган Худоёрхон 1868 йил Қўқонни Россияга қарам давлатга айлантирувчи сулҳни имзолашга мажбур бўлади. Аммо Бухоро ва Хива билан уруш якунлангач ҳамда Қўқонда рус ҳукмронлигига қарши ҳаракат бошлангач, руслар хонликни буткул тугатишга қарор қилади. 1876 йили Қўқон хонлиги давлат сифатида бутунлай тугатилади.

Кейинчалик собиқ Қўқон хонлиги ҳудудлари Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ССР ҳамда Тожикистон АССР таркибига киритилади. Шунингдек, хонлик ерларининг бир қисми Хитой ихтиёрига ўтиб кетади.

Муҳаммадқодир Собиров

Мавзуга оид