Ўзбекистон | 12:03 / 29.03.2023
8396
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда одамларнинг машиналаридан пул ва буюмларни ўғирлаб келган гуруҳ ушланди

Жиноий гуруҳ йигит ва унинг ўсмир ёшдаги шеригидан иборат бўлган.

Фото: Тергов департаменти

Термиз шаҳрида одамларнинг машиналарини олиб қочиб, сўнг ундаги пул ва бошқа буюмларни ўғирлаб келган гуруҳ ушланган. Бу ҳақда Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2023 йил 25 март куни номаълум шахс Термиз шаҳрида фуқаролардан бирига тегишли бўлган Matiz машинасини номаълум томонга олиб қочиб кетган.

Олиб борилган тергов-тезкор тадбирлари давомида Matiz Термиз тумани Жўйжангал маҳалласи ҳудудига ташлаб кетилгани, машинада 200 минг сўм пул ва видеорегистраторда жойлашган флешкарта йўқлиги аниқланган.

Суриштирувлар давомида мазкур жиноятни 18 ёшли йигит ўзига олдиндан таниш бўлган маҳалладоши, 15 ёшли ўсмир билан содир этгани аниқланган. Улардан машина видеорегистраторидан олинган флешкарта ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Термиз шаҳар ИИБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисмининг “б”,“г” бандлари (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар процессуал тартибда ушланган.

Тергов давомида улар бошқа машиналардан ҳам қимматбаҳо нарсалар ва пулларини ўғирлагани, Matiz’ни ўзлари айланиш учун олиб қочишганини айтишган.

Қайд этилишича, ҳозирда ушбу гумонланувчиларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.

Мавзуга оид