Жаҳон | 18:05 / 29.03.2023
27227
3 дақиқада ўқилади

«У қон ҳидини сезиши биланоқ босимни бошлайди». Зеленский Бахмутни эгаллашга йўл қўймаслик кераклиги ҳақида

Фото: Getty Images

Украина президенти Володимир Зеленский Associated Press агентлигига берган интервьюсида, хусусан, нега Украина қуролли кучлари учун Бахмут шаҳрини сақлаб қолиш жуда муҳимлигини тушунтириб берди.

Зеленский Бахмутнинг қулаши тактик мағлубиятдан кўра қимматроқ сиёсий мағлубиятга олиб келишига ишора қилди.

«Агар Бахмут бой берилса, Россия президенти Владимир Путин бу ғалабани ҳам Ғарбда, ҳам Россиянинг ичида, Хитой ва Эронда сотади. У қон ҳидини сезиши билан биз кучсиз эканимизни ҳис қилади, у босим қилади, босим ва яна босим қилади», деди Зеленский.

Украина президент Бахмутнинг қулаши Украина жамиятидаги кайфиятга ҳам таъсир қилишини айтиб ўтган. «Жамиятимиз чарчоқни ҳис қилади. Жамиятимиз мени улар [Россия расмийлари] билан муроса қилишга ундайди», деди у.

«Уруш – бу ғалабалар тўплами. Кичик ғалабалар, кичик қадамлар», деб таъкидлади у ва Украина «жуда катта давлат, катта душман, катта армия» билан курашаётгани, аммо уларнинг «қалби кичик» эканини қўшимча қилди.

Зеленский уруш украиналикларни бирлаштирганини таъкидлаган.

«Гарчи улар бўлиниши мумкин эди, лекин улар айнан бирлашиш йўлини танлай олдилар. Миллат учун оғир дамда шу йўлни топганимиз учун ҳаммадан – ҳар бир иттифоқдошимиздан, халқимиздан, Худодан, ҳаммадан миннатдорман. Бу йўл халқимизни қутқарди, биз эса ўз юртимизни сақлаб қолдик. Биз биргамиз», деди Зеленский.

Associated Press агентлигига кўра, Зеленский деярли барча интервьюларини инглиз тилида берган. У Украина бўйлаб сафари чоғида поездда журналистлар билан суҳбатлашган.

  • Бахмут учун жанглар 2022 йил июлидан бери давом этмоқда. Россия қўшинлари, шу жумладан «Вагнер» ХҲК, Украина ҳимоячиларининг қаршиликларига қарамай, аста-секин олдинга силжимоқда. Америка Урушни ўрганиш институти (ISW) маълумотларига кўра, 21 мартдан 28 мартгача рус қўшинлари Бахмутнинг яна 5 фоизини эгаллаб олган ва шаҳарнинг 65 фоизини назорат қилмоқда.
  • Март ойи бошида Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний ва президент Володимир Зеленский ўртасида Бахмутни ҳимоя қилишни давом эттириш борасида келишмовчилик борлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. 6 март куни олий қўмондон штабининг навбатдаги йиғилишидан сўнг Залужний ва «Хортица» қўшинларининг тезкор-стратегик гуруҳи қўмондони Олександр Сирский «мудофаа операциясини давом эттириш тарафдори эканини айтишди».

Мавзуга оид