Жаҳон | 12:35 / 29.03.2023
9841
2 дақиқада ўқилади

WSJ: АҚШ коинотда Россия ва Хитой билан зиддиятга тайёрланмоқда

Қўшма Штатлар Хитой ва Россия томонидан сунъий йўлдошларни ўчириб қўядиган, ҳарбий ва фуқаролик алоқаларини бузиши мумкин бўлган ракеталар ва лазерлар жойлаштирилишидан хавотирда.

Фото: Getty Images

Россия ва Хитойдан келаётган эҳтимолий таҳдидларнинг кучайиши фонида Пентагон АҚШ Космик кучларини (USSF) коинотда ушбу давлатлар билан келажакда юзага келиши мумкин бўлган можарога тайёрлашга киришди, деб ёзади 28 март, сешанба куни The Wall Street Journal онлайн нашри.

Нашрда таъкидланганидек, АҚШ ҳарбийларининг бундай қадам қўйишига, хусусан, Хитой ва Россия сунъий йўлдошларни ўчириб қўядиган, ҳарбий ва фуқаролик алоқаларини бузадиган ракета ва лазерлар жойлаштираётгани сабаб бўлган.

WSJ маълумотларига кўра, бу ой Оқ уй USSF йиллик бюджетини 30 миллиард долларга оширишни таклиф қилди. Бу 2022 йилдагидан қарийб 4 миллиард доллар ва АҚШ ҳарбийларининг бошқа қисмлари, жумладан, ҳаво кучлари ва денгиз флотидан ҳам кўпроқ. Шу билан бирга, биринчи марта Космик кучлар ҳарбий хизматчиларини ҳарбий операцияларга тайёрлаш учун симуляторлар ва бошқа жиҳозларни сотиб олиш USSF харажатлари ичига киритилган.

Қайд этилишича, Космик кучлар учун ракеталарни учириш бўйича навбатдаги ҳарбий шартномалар пакетининг марказий қисми уларни Хитой ва бошқа душманлар ҳужумидан ҳимоя қилиш ҳисобланади. USSF раҳбарларининг сўзларига кўра, ушбу чора-тадбирларнинг мақсади сунъий йўлдошлар душман ускуналари томонидан аниқланишини қийинлаштириш, шунингдек, космосдан ёки ердан лазер билан уларни ўчириш имконини пасайтиришдан иборатдир.

Мавзуга оид