Жамият | 21:18 / 30.03.2023
26176
2 дақиқада ўқилади

Паррандачилик фабрикасидаги портлаш сабаби нима?

Бугун Каттақўрғон туманидаги паррандачилик фабрикасида кучли портлаш содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган лавҳада бино бутунлай вайрон бўлгани акс этган.

Воқеа ҳақида дастлабки маълумотлар берилди. Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига кўра, ҳолат 30 март куни 10:40 ларда Каттақўрғон туманидаги товуқ фабрикасида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида содир бўлган. Бошқармага вафот этган ёки жароҳат олганлар ҳақида хабар келиб тушмаган. Чақнаш оқибатида ёнғин содир бўлмаган.

Kun.uz мухбири Каттақўрғон туманида бўлиб, воқеа тафсилотларини ўрганди.

«Каттақўрғон парранда» МЧЖ бош муҳандиси Неъматилло Ҳайитовнинг айтишича, газ чақнаши содир бўлган бинода парранда сақланмаган. Ишчилар хона ҳароратини кўтариб, дизенфикция қилмоқчи бўлишган. Бироқ махсус қурилмада газ қамалиб қолиши натижасида кучли чақнаш юзага келган. Икки нафар ишчи – чиланган ва муҳандис енгил тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

Бош муҳандиснинг қўшимча қилишича, жами 200 квадрат метр жой вайрон бўлган ва кўрилган моддий зарар тахминан 18 млн сўмни ташкил қилади.

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, ушбу фабрикада 370 нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилади. Хона турли зараркунандалардан зарарсизлантирилаётган вақтда у ерга яқин жойда ишчилар бўлмагани айтилди.

«Каттақўрғон парранда» масъулияти чекланган жамияти масъуллари зарарланган бино ва унинг тасвирларини олишга розилик бермади. Ҳудуд карантин ҳолатида эканлиги айтилди.

Воқеа жойига ФВБ, ИИБ, ССБ, прокуратура ҳамда «Ҳудудгазтаъминот» масъул ҳодимлари чиқиб ўрганиш олиб борган.

Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов олди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид