Ўзбекистон | 19:27 / 03.04.2023
32060
4 дақиқада ўқилади

Атиги уч ходим ишлайдиган ташкилот. Хоразмдаги воқеалар Болалар омбудсмани эътиборидан қандай четда қолгани ҳақида

Болалар омбудсмани Хоразмдаги оилавий меҳрибонлик уйининг 3 нафар тарбияланувчиси жинсий зўравонлик қурбонига айлангани билан боғлиқ ҳолатдан нега вақтида хабар топмаганлиги сабабларини изоҳлади.

Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 1-оилавий меҳрибонлик уйининг вояга етмаган уч нафар тарбияланувчиси ойлар давомида жинсий алоқага мажбурлаб келингани ва жиноятчиларга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлангани жамоатчиликни жунбишга келтирди.

1 апрел куни Олий Мажлиснинг Болалар ҳуқуқлари бўйича вакили ҳам муносабат билдирди.

Вояга етмаганлар билан боғлиқ мазкур аянчли ҳолатга Болалар омбудсмани нега кеч муносабат билдирди? Вазиятни ўрганишга нега энди киришилди?

Kun.uz мухбирининг шу ва бошқа саволларига Олий Мажлиснинг Болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова жавоб берди.

“Бу ҳолат бўйича ростдан ҳам биз кеч хабар топдик. 31 март куни соат 23:20 да «Эффект Макаренко» телеграм каналида хабарни ўқидим. Шу заҳоти масалага доир материалларни қаердан олиш мумкинлиги ҳақида сўрадим. «Nemolchi.uz» каналида маълумотлар борлигини айтишди. Суд ёпиқ тарзда ўтгани учун умуман хабаримиз йўқ эди. Бизга ҳеч ким хабар бергани йўқ. Ижтимоий тармоқларда Сенат мажлисида айтилган деган гаплар бор, мен ўша мажлисда йўқ эдим.

Яна бир масала. Болалар омбудсман институти 3 йилдан бери фаолият юритяпти. Бизда фақатгина 3 та ходим ишлайди. Болалар омбудсмани, етакчи мутахассис ва сектор раҳбари. Вилоятларда ходимларимиз йўқ ҳозир, яъни структурамиз йўқ.

Ҳозирда болалар ҳуқуқлари омбудсмани бўйича қонун лойиҳаси тайёрланган. Ҳозирча кутяпмиз, муҳокамадан ўтгач, Қонунчилик палатасига киритилади. Қонун бўйича бизнинг штатлар кенгайтирилади ва вилоятларда ҳам ишлаш имконияти бўлади. Чунки болалар омбудсманининг вилоятларда ҳам вакиллари бўлиши шарт. Агар минтақавий вакиллар ишласа, биз бемалол шундай ҳолатларни зудлик билан ўрганишга ҳаракат қиламиз”, – дейди Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова.

Алия Юнусова мазкур ҳолат бўйича Болалар Омбудсмани сифатида ишни назоратга олганини ва охиригача батафсил ўрганишини маълум қилди.

“Ҳар битта ҳолат Болалар омбудсмани томонидан назоратга олинади. Бу институт мустақил фаолият олиб боради. Виз болалар манфаатларидан келиб чиқиб ишлаймиз. Шунинг учун ўзимизнинг ташаббуслар билан ҳар битта ҳолатни ўрганишга ҳаракат қиламиз. Тегишли давлат идораларига, вазирликларга ўз тавсияларимизни берамиз ва ҳолатларни назоратга олиб, охиригача етказишга ҳаракат қиламиз.

Бундай ҳолат битта эмас, ростдан бундай ҳолатлар кўп. Биз уч йилдан бери мониторинг қиляпмиз. Вояга етмаганлар учун мўлжалланган муассасаларда кўп ҳолатларни аниқлаганмиз. Бизнинг асосий вазифамиз ҳар бир тушган мурожаат бўйича муаммони тизимли ўрганишимиз керак. Болаларни ҳимоя қилиш тизими ҳозирги вақтда талабга жавоб бермайди. Бу борада ихтисослашган прокурорлар, судьялар, адвокатлар бўлиши керак. Нима учунки, бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисидаги қонунда алоҳида 11-моддасида болани ҳимоя қилишда биринчидан ҳомийлик-васийлик органлар сифатида суд ва прокуратура кўрсатилган. Нега энди ҳолат суд томонидан кўриб чиқилган бўлса, енгил жазо берилди, деган савол бор. Биз масалани қайта таҳлил қилиб, кўриб чиқишимиз мумкин. Лекин биринчи навбатда суд органлари ваколатига киради бу. Албатта, масалани атрофлича ўрганамиз ва керак бўлса, жабрланувчи қизлар билан яна гаплашамиз. Аллақачон шуъбамизга топшириқ берилган. Атрофлича маълумотларни оламиз ва масала бўйича ишларни охиригача олиб борамиз”.

Мавзуга оид