Жаҳон | 09:07 / 03.04.2023
7510
2 дақиқада ўқилади

Финландияда консерваторлар сайловда бош вазир партиясини мағлуб этди

Финландияда бўлиб ўтган парламент сайловларида биринчи ўринни янги ҳукуматни шакллантириш бўйича асосий ҳуқуқни оладиган Миллий коалиция партияси эгаллади.

Петтери Орпо / Фото: AP

Финландия парламентига бўлиб ўтган сайловларнинг дастлабки натижаларига кўра, мамлакатнинг амалдаги бош вазири Санна Марин бошчилигидаги Социал-демократик партия консерваторларга мағлуб бўлди, деб хабар берди 3 апрел, душанба куни YLE жамоат телерадиокомпанияси.

Барча бюллетенлар санаб бўлингандан сўнг, раис Петтери Орпо бошчилигидаги Миллий коалиция партиясидан мухолифатдаги консерваторлар 20,8 фоиз, Риикка Пурра бошчилигидаги «Ҳақиқий финлар» партиясининг ўнг қанот популистлари 20,1 фоиз, Социал-демократик партияси эса 20,1 фоиз овоз тўплади. Санна Марин бошчилигидаги партия 19,9 фоиз овоз билан учинчи ўринни эгаллади.

Сайловнинг якуний натижалари 5 апрел, чоршанба куни эълон қилинади, бироқ Марин мағлубиятини тан олди. «Бу ҳақиқатан ҳам яхши ютуқ, гарчи бугун биз биринчи ўринни эгалламаган бўлсак ҳам. Демократия ўз сўзини айтди. Финландия халқи овоз берди ва демократиянинг ғалабаси - ажойиб», - дея ўз тарафдорларига мурожаат қилди у.

Миллий коалиция партияси, YLE ҳисоб-китобларига кўра, янги парламентда 48 ўрин, «Ҳақиқий финлар» - 46, социал-демократлар эса 43 ўрин олади. Партиялардан ҳеч бири мустақил ҳукумат туза олмайди ва улар коалиция тузишга мажбур бўлади. Кўпчилик овоз учун парламентда 100 дан ортиқ ўрин керак.

Парламент сайловларида кўпчилик овозни олган партия янги ҳукуматни шакллантириш учун асосий ҳуқуққа эга бўлади. Миллий коалиция партияси етакчиси Петтери Орпо барча кучлар билан коалиция бўйича музокаралар олиб боришга тайёрлигини айтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид