Жамият | 17:49 / 03.04.2023
21389
11 дақиқада ўқилади

Македонский тангаларидан Бухоро амири қоғоз пулларигача – Ўзбекистондаги ягона археология музейидан фоторепортаж

Ўз тарихида хитой, ҳинд, юнон, ислом маданиятини уйғунлаштирган Сурхондарё, 3500 йил олдин яшаган аёл қабри, 15 аср олдин тикилган пахта кўйлак, Александар Македонскийдан қолган шаҳар, Термиз шаҳри фуқаросига айланган япон олими... Kun.uz 100 мингдан ортиқ экспонат ва артефактларни ўзида жамлаган, Ўзбекистондаги ягона Термиз археология музейидан фотожамланмани тақдим қилади.

Музей ҳақида

Термиз археология музейи 2002 йил 2 апрелда Термиз шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан ташкил этилган. У ўзига хос археологик йўналишга эга музей бўлиб, фонди жуда йирик: у ерда 116 мингта артефактлар бўлса, шулардан 55 мингтаси музей намойишига қўйилган.

2 қаватли музейни бир нафасда айланиб чиқиб бўлмайди. Қадимги ва яқин ўтмиш тарихидан маълумот берувчи артефактларни кўздан кечириб чиқиш учун камида 2 соат вақтингизни сарфлайсиз. Бизга экспонатлар ҳақида маълумот бериш учун музей ходими Феруза Хуррамова ҳамроҳлик қилди.

Бугун у тақдим этган маълумотлар асосида музейга виртуал саёҳат қиламиз.

Шри-Ланканинг бодхи дарахти Сурхондарёда

2017 йилда Термиз шаҳрининг Қизил Шарқ кўчасидаги уйларнинг биридан бодхи дарахти барглари шакли билан ишлов берилган капител (бу устунларнинг тож безак қисми) топилади.

Капител. Милодий I-III асрлар. Эски Термиз

Бодхи буддавийлик динида муқаддас саналган дарахт бўлиб, унинг остида Будда ўтирган.

Узлатга кетган Будда ҳайкали. Милодий II аср. Эски Термиз

Музейда бодхи шакли туширилган кўплаб артефактларни учратиш мумкин. Бу дарахт Шри-Ланканинг Анурадхапурa шаҳрида ҳозиргача сақланиб қолган. Маълумот учун, Ўзбекистон–Шри-Ланка орасидаги масофа қарийб 4 минг кмни ташкил қилади.

Капител шакли туширилган артефактлар. Милодий I-III асрлар.

Феруза Хуррамованинг маълумотига кўра, эрамизнинг илк асрларида бу ҳудудларга буддавийлик дини Ҳиндистон тарафдан кириб келади ва кейинчалик бу ердан Хитой тарафга қараб ёйилади. Шу сабабли музей артефактлари орасида кичик ўйинчоқ катталигидан 2-2,1 метргача бўлган кўплаб Будда ҳайкаллари бўлакларини кўрасиз.

Будда ҳайкали тана аъзолари

Араб истилоси даврида барча Будда ибодатхоналари ва ҳайкалларининг бошлари бузиб ташланган. Шу сабабли улар бошсиз ҳолатда сақланиб қолган.

Термиз шаҳридан унчалик узоқ бўлмаган манзилда Фаёзтепа ёдгорлиги бор. Қадимги ибодатхона вазифасини ўтаган масканда маҳаллий ўтроқ аҳоли диний урф-одатларини амалга оширган. Археологлар қазишма ишлар чоғида маскандан ўрта ҳажмли Будда ҳайкали (эрамизнинг I-III асрларига оид), уй анжомлари ва ошхона жиҳозлари, кундалик турмушда керак бўладиган ашёлар топишган. Қуйидаги тош ҳовуз ҳам Фаёзтепадан топилган бўлиб, бу ҳовуз сувга тўлдирилиб, унинг атрофида диний маросимлар ўтказилган.

Ҳовуз. Милодий I-III асрлар. Фаёзтепа

Фаёзтепа ёдгорлиги буддистлар учун зиёрат қиладиган муқаддас жой бўлган. Ҳатто ҳозиргача тибетликлар Фаёзтепани зиёрат қилиш учун келиб туришади.

Ҳудуддаги маданиятлар қоришувини шундан ҳам билса бўладики, тош ҳовуз буддавийларники бўлса-да, унда тасвирланган афсонавий қуш Грифон эса юнон мифологиясидан олинган. Грифон – боши шер, танаси эса қушники каби тасвирланган.

Афсонавий қуш (Грифон) тасвирланган карниз. Милодий II-III асрлар

Термизнинг япон фуқароси

Като Кюдзо 1922 йилда Кореянинг Тегу шаҳрида туғилади. У 2-жаҳон уруши даврида асирга тушиб, Сибирда 5 йил яшаган. Шу сабабли рус тилини яхши билган. У асирликдан кейин археология соҳасига қизиқиб қолади ва 1989 йилда Ўзбекистонга келиб 27 йил мобайнида қидирув ишларида қатнашади. Ўзбекистон археология қўшган улкан ҳиссаси учун 2002 йилда Термиз шаҳри ҳокимининг қарори билан унга Термиз шаҳрининг фахрий фуқароси унвони берилган.

Като Кюдзо

Музейда унинг хотирасига алоҳида кўргазмалар зали ташкил этилган.

Като Кюдзо кўргазма зали

2020 йилда Кюдзонинг яқинлари Ўзбекистон ҳукуматига хат билан мурожаат қилишиб, унинг хотирасига ҳайкал, меҳмонхона ва япон боғи қуриш таклифи билан чиқишган ва бу лойиҳа учун 7,5 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратадиган бўлишган. Коронавирус пандемияси сабабли тўхтаб қолган қурилиш ишлари энди бошланиш арафасида. Бу лойиҳа учун Термиз шаҳрида жой ҳам ажратилган”, дейди Феруза Хуррамова.

Осиёдаги биринчи неандертал ва 3000 йил олдинги аёл қабри

Етакчи археологларнинг фикрича, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида замонавий қиёфадаги одамлар Бойсун туманининг Тешиктош ғорида топилган. Бу мил. авв. 100-40 минг йилликларни ўз ичига олади. 8-9 ёшли неандертал боланинг бош суяги 1938 йилда топилган. Бу суяк Осиёда топилган биринчи неандертал қолдиғидир. 1939 йилда антрополог Михаил Герасимов томонидан унинг бюсти яратилган. Музейдаги бюст ҳайкалнинг нусхаси бўлиб, унинг асл нусхаси собиқ иттифоқ даврида мамлакатдан олиб чиқиб кетилган, ҳозирда Санкт-Петербургдаги Эрмитаж музейида сақланади, дейди Феруза Хуррамова.

Неандертал бола бюсти

Шерободдаги 100 гектар ерда мил. авв. 15-14 асрга тегишли Жарқўтон шаҳар қолдиқлари топилган. Музей ходимига кўра, бу Сурхондарё воҳасида пайдо бўлган илк шаҳар бўлган. Шаҳарнинг 20 га ерида топилган 3000 та қабр археологлар томонидан очиб ўрганилганда, бронза даврида одамлар она қандай ғужанак ҳолатда ётса, худди шундай ҳолатда эркакларни ўнг, аёлларни эса чап тарафга ётқизиб, шахсий буюмлари, овқатлар билан дафн қилишган.

35-40 ёшли аёл қабри. Мил. авв. XV-X асрлар

Тарихий шаҳарлар

Навбатдаги экспонат милоддан аввалги 17-15 асрга оид Сополлитепа ёдгорлигидан 8 та маҳалла ва кўплаб лабиринтлар топилган. Шаҳарга киришдаги бу лабиринтлар айрим археологлар томонидан душманларни чалғитиш учун барпо қилинган дейилса, бошқалар улардан дон сақлаш омбори сифатида фойдаланилган, дейишади.

Сополлитепа макети. Мил. авв. XVII-XV асрлар

Ҳозир ҳам айрим маросимларда сақланиб қолган олов иштирокидаги маросимлар бундан 3500-3000 йиллар олдинги удумлардан қолиб кетган.

Жарқўтондаги олов ибодатхонаси макети. XV-X асрлар

Македонский Сурхондарё ҳудудида

Милоддан аввалги 329 йилда юнон саркардаси Александр Македонский бу ҳудудларга бостириб киради ва Бақтрия ҳокимининг қизи Роксанага уйланади. У шимолий-ғарбий Ҳиндистонга юриш қилади ва 33 ёшида касалликка чалиниб, вафот этади. Вафотидан сўнг унинг тансоқчиси Салавка Салавкийлар империясига асос солади ва бу империя ушбу ҳудудларда 70 йил ҳукмронлик қилади”, дейди Феруза Хуррамова.

Александр Македонский ва юнон саркардалари бюстлари

Ундан кейин эса Диодот Юнон-Бақтрия империясига асос солади ва бу империя воҳа ҳудудларида 115 йил ҳукмронлик қилади.

Қуйидаги суратда эса Кампиртепа меъморий ёдгорлигидаги ўша даврга тегишли зодагон оила ҳовлиси акс этган.

Зодагон оила ҳовлиси. Милоддан аввалги III-II аср

1933 йилда чегарачилар томонидан Амударё сувлари ичидан ушбу Айритом фризнинг (милодий 1-3-асрлар) асл нусхаси топиб олинади. Ва ўша йили бу фриз археолог Михаил Массон томонидан Ленинградга (ҳозирги Санкт-Петербург) олиб кетилади ва шу билан ўша ерда қолиб кетади.

Айритом фризи. Милодий I-III асрлар

Ҳозирда унинг асл нусхаси ҳам Санкт-Петербурдаги Эрмитаж музейида сақланади. Бу экспонат эса унинг нусхаси. Унда бодхи дарахтлари орасидаги мусиқачилар тасвирланган.

Бир ҳайкал юзида юнон, кушон ва ҳинд қиёфаси

Эркак ҳайкалининг боши. Милодий II-III асрлар. Далварзинтепа. Шўрчи тумани

Юнон эркаги ҳайкалининг бош қисми. Агар унга яхшилаб эътибор қилинса, динлар ва маданиятлар уйғунлигини фарқлаш мумкин бўлади. Соч турмаги юнонча, кўзлари кушонликларники, мўйлови эса ҳиндларникидек. Бир ҳайкал мисолида уч турга мансуб эркак тимсолини кўришимиз мумкин”, дейди музей ходими.

Кушон ҳукмдорлари

Юэчжи қабилалари бу ҳудудларга кириб келиб, Юнон-Бақтрия салтанатини ўзларига бўйсундиришади.

Кушон ҳукмдорлари бюстлари

Уларнинг кириб келиши билан диний ва маданий ҳаёт ўзгариб, диний қарашларда юнон буддизми пайдо бўлади.

Суратда акс этган, Холчаёндан топилган Афина маъбудаси ҳайкали ҳам Буддага ўхшаб кетади.

Афина маъбудаси. Милоддан аввалги I аср
Холчаён саройи макети. Милоддан аввалги I аср

15 аср аввалги пахта кўйлак

Эски Термиздан топилган пахтадан тикилган аёл кўйлаги. V аср

Археологларнинг айтишича, бу кўйлак елвизакли жойда асрлар давомида қолиб кетган. Шу сабабли чириб қолмаган.

Зодагон ҳовлиси макети. Далварзинтепа. Мил. авв. I аср – милодий III аср

Ислом даврнинг бошланиши

8-аср бошларида барча Марказий Осиё ҳудудлари қаторида ҳозирги Сурхондарё вилояти манзилларида ҳам янги давр бошланади. Шундан сўнг ислом маданияти, урф-одатлари, меъморчилиги жамият ҳаётида акс эта бошлайди.

Термизшоҳлар саройи меъморий безаклари. XI-XII асрлар

Пайғамбарлар ороли

Сурхондарёнинг Афғонистон билан чегарасида, Амударё дарёсидаги оролда Пайғамбарлар ороли бор. У ерда Қуръонда номи зикр этилган Зулкифл пайғамбари мақбараси бор. Мақбара дарё ўзанлари орасидаги кичик оролда жойлашгани учун шундай номланади.

Пайғамбарлар оролидаги Зулкифл мақбараси макети. XI-XII асрлар

Бу орол қўриқланадиган чегара ҳудудида жойлашгани учун саёҳлик мақсадида уни зиёрат қилиш имкони ҳозирча мавжуд эмас. Мақбара Сурхондарё вилоятининг маданий мерос объекти ҳисобланади.

Македонский Сурхондарёда кўприк қурган(ми?)

Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида Искандар (халқ тилида Македон) номли кўприк бор. Унинг ёнидаги қишлоққа Македон номи берилган. Кўприк 16-асрда қурилган бўлса-да, маҳаллий аҳоли уни мил.авв. 4-асрда яшаган Александр Македонский номи билан боғлашади.

Искандар (Македон) кўприги макети. XVI аср

Македонскийдан тортиб Бухоро амири тангалари ва пулларигача

Музейнинг энг қизиқарли ва қаттиқ қўриқланадиган бўлимларидан бири бу кумуш ва олтин тангалар сақланадиган қисмидир. У ерда милоддан аввалги асрлардан то Бухоро амирининг қоғоз банкноталаригача бўлган пулларидан иборат экспонатлар сақланади.

Александр тангалари. Кумуш
Юнон-Бақтрия тангалари подшолари Демитрий, Эвкрадит. Анталкид тангалари. Кумуш, бронза. Милоддан аввалги II аср
Хитой тангалари. Мис. VI-VII асрлар
Қорахонийлар тангалари. Мис. XI аср
Хоразмшоҳлар тангалари. Мис. XIII аср
Бухоро тангалари. Мис. XVI аср.
Бухоро тангалари. Кумуш . XIX аср
Георг IV тангалари. Кумуш, олтин. XX аср
Бухоро қоғоз пуллари. XX аср.

Сардорбек Усмоний

Мавзуга оид