Петербургдаги портлаш ва Константиновкага ракета зарбалари. Уруш суратлари
Украинадаги урушнинг 403-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Петербургда «военкор» Владлен Татарскийнинг ижодий кечаси ўтаётган кафеда портлаш рўй берди. Татарский ҳалок бўлган, яна 25 киши тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Дастлабки версияга кўра, портловчи қурилма ўрнатилган ҳайкалча кечага келган меҳмонлардан бири томонидан Татарскийга берилган.
- Аннексия қилинган Мелитополда локомотив депоси Украина қуролли кучлари томонидан ўққа тутилди. Олти киши тан жароҳати олган.
- Россия қўшини Донецк областидаги Константиновка шаҳрини ўққа тутди. Тинч аҳоли вакилларидан олти киши ҳалок бўлиб, яна 11 киши яраланган.
- Курск областининг чегарадаги Николаево-Дарьино қишлоғида етти киши украиналик ҳарбийлар зарбаларидан жабрланган.
- АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан телефон орқали мулоқот ўтказди. Уруш даврида бундай контакт камдан кам учрайди. Блинкен Wall Street Journal нашрининг Россияда ҳибсга олинган журналисти Эван Гершковични зудлик билан озод этишни талаб қилган. Бунга жавобан Лавров жосуслик ишини сиёсийлаштирмасликни сўраган.
Петербургда «военкор» Владлен Татарскийнинг ўлими
2 апрел куни кечқурун Петербургдаги Street Food Bar № 1 кафесида портлаш рўй берди. Бир киши ҳалок бўлиб, 25 киши жароҳатланган, шундан 19 киши шифохонага ётқизилган. «Фонтанка»га кўра, кафе аввал «Вагнер» асосчиси Евгений Пригожинга тегишли бўлган. Дам олиш кунлари бу ерда «Киберфронт Z» мунозара клуби аъзолари йиғилади, 2 апрел куни кафеда «военкор» Владлен Татарскийнинг (ҳақиқий исми-шарифи — Максим Фомин) «ижодий кечаси» ташкиллаштирилган. Бундан ташқари, маросимга Пригожиннинг ўзи ҳам келиши эҳтимоли бўлган.
Татарский ҳалок бўлди. «Фонтанка» хабарига кўра, кафеда гипсдан ишланган бюст портлаган, уни «военкор»га меҳмонлардан бири совға сифатида келтирганди. Совға берилганидан беш дақиқа ўтиб портлаш рўй беради — совғани олиб келган қиз эса бунгача кафени тарк этиб улгурган. Ҳуқуқ-тартибот органлари 3 апрел куни Петербургда Татарскийнинг ўлимида гумонлаб, 1997 йилда туғилган Дарья Треповани қўлга олди.
Россия пропагандачилари ҳодисада «украин террорчилари»ни айблади. Бунга жавобан Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк портлаш «ички сиёсий кураш»нинг намоён бўлиши ҳисобланишини айтди.
Константиновкага зарба
2 апрел куни Россия қўшини Донецк областининг Константиновка шаҳрига зарба йўллади. Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак берган маълумотга кўра, тинч аҳоли вакилларидан олти киши ҳалок бўлиб, яна 11 киши яраланган. «16 та кўп квартирали уйлар, саккизта хусусий уй, боғчалар, Константиновка давлат солиқ инспекцияси биноси, газ қувурлари, учта автомобил шикастланган», — дея ёзади Ермак телеграм-каналида.
Харкив областидаги украин вертолётчилари
Харкив областида ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда. Област ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубовга кўра, 2 апрел куни Купянск, Харкив, Чугуйив ва Изюм районларининг чегарага яқин жойлашган шаҳар ва қишлоқлари ўққа тутилган. Хусусан, зарбалар оқибатида Купянскда 65 ёшли аёл яраланган.
Бундан ташқари, Синегубовнинг қайд этишича, областда миналардан тозалаш ишлари давом эттирилмоқда. Бир кун ичида украин сапёрлари икки гектар ҳудудни текшириб чиқишган ва 47 та портловчи предметни зарарсизлантиришган.
Мавзуга оид
21:05 / 10.11.2024
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
20:11 / 10.11.2024
Россия Курск областига ҳужум учун 50 минг кишилик қўшин тўплади — NYT
19:02 / 10.11.2024
The Guardian: Буюк Британия ҳукумат алмашганидан кейин Украинага ракеталар етказишни тўхтатди
13:30 / 10.11.2024