Ўзбекистон | 23:02 / 05.04.2023
26125
3 дақиқада ўқилади

“Агар ютолмасам, қонингизни ичаман” — Навоийда директор ўқитувчиларни электрон доска учун овоз йиғишга мажбурлади

Навбаҳор туманидаги 9-умумтаълим мактаби директори йиғилишда ўқитувчиларга “Ташаббусли бюджет”да овоз тўплаш бўйича “план” қўйди. Уни бажармаганларга эса ўқув йили бошида дарс соати тақсимотида муносабат мутлақо бошқача бўлишини билдирган.

Ижтимоий тармоқларда Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги 9-мактабга оид видеолавҳа тарқалди. Унда мактаб директори йиғилиш ўтказиб, ҳар бир ўқитувчи “Ташаббусли бюджет”да 50 тадан овоз тўплаши кераклигини уқтирган.

“Агар 100 та ўқитувчи 50 тадан овоз тўпласак, 5 мингта бўлишимиз керак эди. Лекин биз 12 млн сўмга сим-карта сотиб олдик. Бугун ҳам 2 млн сўм пул тайёрлаб ўтирибмиз, ҳар бир сим-картани 20 минг сўмдан сотиб оляпмиз.

4-5 та мактаб мингталаб сим-карта олиб, қараб ўтирибди. Агар мен ютолмасам, ҳаммангнинг қонингни ичаман, миллионлаб ойлигингни қўясан. Ҳозир мудир ҳамма нарсани инобатга олиб, бу ерда жамоа ўтиргани учун индамай кетди. Нарёқда эшитмаган гапим қолмади.

Олсам олдим, агар олмасам, битталаб ҳисоб-китоб қиламан. Ана ўшанда кўрасан, дарсни қандай қилиб оласан ва сенга муносабат қандай бўлади”, – дея ўқитувчиларга босим ўтказган мактаб директори.

Мактабнинг ташаббуси – кучли компьютерлар, электрон доска, замонавий парта ва столлар ҳамда хоналар учун 3D декорацияни ўз ичига олади.

Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси видеолавҳадаги овоз ҳақиқатдан ҳам Навбаҳор туманидаги 9-умумий ўрта таълим мактаби директори Д.Туробовага тегишли эканини тасдиқлади.

Маълум қилинишича, директорга нисбатан “иш берувчининг тегишли буйруғига асосан белгиланган тартибда интизомий жазо чораси қўлланилган”. Айнан қанақа жазо эканига ойдинлик киритилмади.

“Шунингдек, ҳозирда мазкур ҳолат ваколатли органлар томонидан мактаб директори Д.Туробованинг ҳатти-ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари бор-йўқлиги ўрганилмоқда. Ушбу ҳолат юқори турувчи ва ваколатли органлар томонидан назоратга олинган бўлиб, ўрганиш якунлари бўйича қўшимча хабар берилади”, – дейилади расмий ахборотда.

Вилоят ММТБ таълим муассасаларида содир этилаётган турли ҳолатларга бефарқ бўлмаган ота-оналар ҳамда жамоатчилик вакилларига миннатдорчилик билдирган. Бошқарма келгусида ҳам доимий ҳамкорлик ишларини олиб боришга тайёрлиги таъкидланган.

Олдинроқ Навоий вилояти Хатирчи туманидаги 24-умумий ўрта таълим мактабида 8-синф ўқувчилари дарс вақтида бошқа хонага олиб чиқилиб, рўйхат бўйича телефон рақамларга қўнғироқ қилиб чиқиш орқали, “Ташаббусли бюджет”да овоз йиғишга мажбурланганди.

ММТБга кўра, ҳолат ўрганилиб чиқилгач, бунга мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари йўл қўйгани аниқланиб, унга нисбатан ваколатли орган томонидан маъмурий жавобгарлик ва жарима жазоси белгиланган.

Руслан Рамазанов
Тайёрлаган Руслан Рамазанов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид