Жаҳон | 11:43 / 05.04.2023
10218
3 дақиқада ўқилади

Ал-Ақсо масжидида фаластинликлар ва Исроил хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар юз берди

Ал-Ақсо масжидида фаластинликлар билан Исроил хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар юз берди.

ҳибсга олинган фаластинликлар

Қуддусда Ал-Ақсо масжидида фаластинликлар ва Исроил ҳуқуқ-тартибот кучлари ўртасида тўқнашувлар юз берди. 5 апрел, чоршанба куни AP агентлиги хабар беришича, фаластинлик ўсмирлар исроилликларга тош ва петардалар отишни бошлаган, полиция шовқинли гранаталар билан жавоб берган. Тартибсизликларга сабаб полициянинг масжиддан пиротехника воситалари, таёқ ва тошлар олиб келган бир гуруҳ ёшларни ҳайдаб чиқариш операцияси бўлган.

ҲАМАС ҳаракати Ғарбий соҳилдаги ёшларни Ал-Ақсо масжиди ҳимояси учун ҳаракат қилишга чақирди. Ғазо секторидаги ҳаракат Исроил жанубига ракета ҳужуми уюштирди, Исроил бунга ҳаво ҳужуми билан жавоб қайтарди.

Кескинликнинг янги босқичи Рамазон ойига тўғри келди, Исроил халқи эса, ўз навбатида, Песах байрамини нишонлашга тайёргарлик кўрмоқда.

Исроил полицияси масжид ичида пиротехника портлагани ва у ерга тўпланганлар томонидан отилган тошлар акс этган видеотасвирларни тарқатди. Яна бир кадрда қалқон кўтарган полициячиларнинг масжид бўйлаб юрганини кўриш мумкин. Кадрларда масжиднинг тўсиқ билан ўралган эшиги ва полга пиротехника қутилари қўйилгани, сўнг полиция камида беш кишини қўли кишанланган ҳолда кўчага олиб чиққани тасвирланган.

Кейинроқ Исроил полицияси 350 дан ортиқ одамни ҳибсга олганини маълум қилди, деб хабар беради AFP ахборот агентлиги.

2022 йил декабр ойи охирида Исроилнинг янги ҳукумати қасамёд қилди. Бир ярим йиллик мухолифатдан сўнг вазирлар маҳкамаси раҳбари лавозимига қайтган бош вазир Бенямин Нетаняху вазирлар маҳкамасининг 33 нафар аъзосини, жумладан, ўнг қанот миллатчи коалициядан ҳам тақдим этди. Экспертлар фикрича, бу Исроил тарихидаги энг ўнг кайфиятдаги ҳукумат. Биринчи марта унинг таркибига ўнг қанот экстремистлар ва жиноий жавобгарликка эга бўлган одамлар кирган.

Янги ҳукумат босиб олинган Ғарбий соҳилда аҳоли пунктларини кенгайтириш сиёсатини олиб бориш ниятини эълон қилди.

28 январь куни ЕИ расмийлари Исроил ва Фаластин томонини «вазиятни юмшатиш ва келажакда зўравонлик ҳаракатларини олдини олиш учун зарур бўлган хавфсизликни мувофиқлаштиришни қайта бошлаш учун қўлдан келган ишни қилишга» чақирди.

Исроил 1967 йилда Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддус устидан ҳарбий назорат ўрнатди. Бугунги кунда у ерда 600 мингдан ортиқ яҳудий кўчманчилар истиқомат қилади. Фаластинликлар бу ҳудудларда пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил давлат яратмоқчи.

Мавзуга оид