Ўзбекистон | 21:16 / 06.04.2023
8489
3 дақиқада ўқилади

Барча туман ва шаҳарларда ҳаво ифлосланишини кузатувчи станциялар ўрнатилади

Ўзбекистонда ҳудудларнинг ҳаво тозалиги рейтинги тузилиб, шу асосда мансабдорларга баҳо берилади. Экологик назорат инспекцияси фаолияти йўлга қўйилади. Боғ ва ўрмонлар барпо этиш учун дастур асосида маблағ ажратилади. Саноат корхоналари тўлайдиган оқова учун компенсация миқдори оширилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 6 апрель куни табиатни муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди.

Сув тозалаш иншоотлари

Расмий релизда айтилишича, мамлакатдаги 500 дан зиёд корхонада сув тозалаш иншооти стандартга жавоб бермайди, баъзиларида умуман йўқ. Компенсация миқдори камлиги сабабли, бундай технология ўрнатишдан кўра, компенсация тўлаш фойдали бўлиб қолган. Шу боис меъёрдан ортиқча оқова учун компенсация тўловини ошириш таклифи билдирилди.

Шавкат Мирзиёев экологик назорат инспекцияси фаолиятини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди.

Чиқиндилар

Қайд этилишича, Ўзбекистонда йилига 7 млн тонна маиший чиқинди ҳосил бўляпти. Шундан фақат 2 млн тоннадан зиёди қайта ишланади. Қолган чиқиндилардан пайдо бўлаётган иссиқхона гази

ва сизот сувлар табиатга зарар етказяпти.

Оҳангарондаги эски полигонда чиқиндидан 15 MW электр энергияси олиш лойиҳаси бошланган. Давлат раҳбари бу тажрибани кенгайтириб, бошқа полигонларда ҳам чиқиндини қайта ишлаш ва муқобил энергия олишни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.

Ўрмон хўжалиги

Ўрмон хўжалигида дарахт билан қопланган ҳудудлар атиги 8 фоиз экани айтилди. Кўчатчиликни ривожлантириб, чўлларда 221 минг гектар, тоғ ҳудудида 15 минг гектар ўрмонлар барпо қилишга имконият борлиги қайд этилди.

Бунда, ўрмончилик соҳасини ривожлантириш ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда тубдан янги тизимни жорий этишга кўрсатма берилди. Жумладан, боғ ва ўрмонларни барпо этиш марказий молиялаштириладиган манзилли дастур асосида амалга оширилиши қатъий белгиланди.

Гидрометеорология

Гидрометеорология йўналишида автоматлашган метеорологик станцияларни кўпайтириш, гидрологик ўлчов ускуналарини автоматлаштириш, агрометеорологик хизмат бўйича мобиль иловани ишга тушириш чоралари белгиланди.

Бундан ташқари, ҳар бир туман ва шаҳарларда атмосфера ҳавоси ифлосланишини мониторинг қилиш учун автоматлашган кичик станциялар ўрнатилади. Шунга асосан, ҳудудларнинг ҳаво тозалиги рейтинги шакллантирилиб, мансабдор шахслар ишига баҳо бериб борилади.

Экотуризм

Қайд этилишича, табиий муҳитни асраб-авайлаган ҳолда, қўриқхона ва питомникларда экотуризмни, ов хўжаликларида овчилик туризмини ривожлантириш мумкин.

Шу боис табиат масканларига сайёҳларни жалб қилиш, ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш учун питомниклар ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, январ ойида янги ташкил этилган Табиат ресурслари вазирлигига Азиз Абдуҳакимов раҳбар этиб тайинланган. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид