Жамият | 14:37 / 06.04.2023
23261
6 дақиқада ўқилади

Хавфсиз ва арзон – икки кўҳна шаҳарни боғлаб турган Ўзбекистоннинг сўнгги троллейбуслари ҳақида репортаж

Урганч-Хива-Урганч йўналишидаги жамоат транспортлари ичида энг арзон, энг қулай ва энг хавфсизи бўлган, мамлакатда сақланиб қолган сўнгги троллейбуслар фаолиятига Kun.uz мухбири назар ташлаб, ўнлаб шаҳарларимизда 60 йилдан ортиқ хизмат қилган, 2011 йилгача Хоразмдан ташқари барча ҳудудлардаги фаолиятини тўхтатган троллейбуслар, амалга ошмай қолиб кетган қарорлар ва янги троллейбус линиялари ҳақидаги маълумотларни бир саҳифага жамлади. 

Бугун атрофимиздаги оддий нарсалар келажакда биз учун ширин хотира, ёқимли қўмсаш ёки ачинишга сабаб бўлиши ҳеч гап эмас. Бунга Ўзбекистон троллейбусларини мисол қилиш мумкин. Халқ тилида “шохли автобус” номи билан аталган бу транспортлар кечагина ҳаммамиз учун шунчаки узоқни яқин қилиш воситаларидан бири эди. Ўқиш, иш, юмушга шошиларканмиз, троллейбусларнинг “шохлари” электр симларидан чиқиб кетиб, кўпчилигимизни куттириб, хуноб қилган ҳолатлар ҳам бўлган, агар эсласангиз... 

Фото: Tashtrans.uz

60 йилдан ортиқ муддатда республикамизнинг ўнлаб шаҳарларида хизмат қилган бу транспортлар ҳақида интернет маълумотлари шу қадар озки, қўмсаганда овуниш чанқоғи босилмайди кишининг. Лекин бизда ҳали имкон бор экан, Ўзбекистон троллейбусларининг сўнгги авлоди ва республикада сақланиб қолган ушбу ягона жамоат транспорти ҳақида лавҳа тайёрлашга қарор қилдик. 

Энг арзон транспорт 

Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридан тарихий ва сайёҳлик шаҳри Хивага бормоқчи бўлсангиз, транспорт танлашда шошилманг. Икки шаҳарни бир-бирига боғловчи “шохли автобус”лар сизни энг арзон нарх билан манзилингизга элтиб қўяди. Бу жамоат транспортини нафақат арзон, балки, сизнинг троллейбуслар билан боғлиқ энг қимматли хотираларингизни эсга солувчи “вақт машинаси” ҳам дейиш мумкин. 

1998 йилда Хива шаҳрининг 2500 йиллик юбилейи муносабати билан Урганч-Хива йўналишида йўлга қўйилган троллейбуслар хизмати учун йўлкира нархи атиги 3000 сўм. Йўналишдаги яқинроқ масофалар учун эса 1000-2000 сўм ҳам тўлаш мумкин. 

Бу троллейбусларда пул терувчи ходимлар йўқ. Йўловчиларнинг ўзлари тартиб билан ҳайдовчига йўл ҳақини топшириб, тушиб кетаверишади. Гувоҳи бўлдикки, арзон ва хавфсиз бу транспортдан  ўқувчилар энг кўп фойдаланар экан.

Ҳайдовчининг илтимоси

10 йилдан бери троллейбус бошқариш бўйича малакам бор, - дейди ҳайдовчи Сардор Сатипов, - Хивадан Урганчгача бўлган 37-38 км масофага 50-55 дақиқада етиб борамиз. Троллейбусларга хорижий сайёҳлар ҳам чиқишади. Йўлларда тирбандликлар учраб туради. Ҳайдовчилардан троллейбус йўлларини тўсиб қўймасликларини, автомобилларини тўхташ учун махсус белгиланган жойларга қўйишларини илтимос қилиб қоламиз”.

Ҳозирда ҳаракатланаётган Shkoda 24Tr русумли бу электр автобуслар 2013 йилда йўналишга қўйилган. Унга қадар эса 1998 йилда келтирилган Shkoda 14Tr русумли эски троллейбуслар ҳаракатланган.

Фото: Tashtrans.uz
Фото: Tashtrans.uz

Ўзбекистон троллейбуслари тарихи

Мамлакатимизда илк троллейбуслар 1947 йилда Тошкент шаҳри кўчаларида юра бошлаган. Дастлабки йўналиш транспортлари пойтахтимизнинг темирйўл вокзали ва Чорсу бозори ўртасида қатнаган. Йилдан йилга Тошкент, Самарқанд, Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах, Олмалиқ, Нукус, Бухоро, Урганч ва Хива шаҳарларида ҳам шу турдаги электротранспортлар ҳаракати йўлга қўйилган.

Ва ҳатто 1999 йилда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан 2005 йилгача Қўқон, Қарши, Навоий, Термиз ва Гулистон шаҳарларида ҳам троллейбуслар қатновини йўлга қўйиш режа қилинган. (Ҳужжат 2022 йилнинг июль ойида ўз кучини йўқотган.)

Лекин негадир бу режалар амалга ошмай, қайтанга деярли барча шаҳарларда “шохдор автобуслар”нинг фаолиятига нуқта қўйилган. Хоразмникидан ташқари мавжуд шаҳарлардаги троллейбуслар 2011 йилга  келиб, ҳаракатланишдан бутунлай тўхтади.

Фото: Tashtrans.uz

Уларнинг ўрнини эса айни пайтда оммабоп ва йўловчилар учун ноқулай бўлган Damas автомашиналари ҳамда Isuzu автобуслари тўлдирди. Бу уловлар ҳам қачондир тарихга айланар, лекин троллейбуслардек қўмсашни уйғота олмаса керак.

“Троллейбус учун бажонидил эрта уйғонаман”

Ҳаётимда ҳеч бир ишга тонгги соат 4 дан турмайман. Лекин троллейбус учун бажонидил уйғонаман”, деган эди 2010 йилда берган интервьюсида троллейбус кондукторларидан бири.

Фото: Tashtrans.uz

Троллейбус бошқарувчиси эса: “Бизда доим шундай, аввалига ҳамма нарсани жуда тез бузиб ташлашади. Ва кейин вақти келганда, кимдир эрталаб уйғонади ва савол беради: “Троллейбус қаерга кетди? Бор эди-ку?! Қани, дарҳол қайтаринг!” Афсусланарлиси эса у пайтда биз ҳайдовчилар бўлмаймиз”, деганди.

Фото: Tashtrans.uz

Умид йўқ эмас 

Лекин Хоразмда троллейбуслар келажагидан умид қилиш мумкин. Буни қуйидаги мисоллар билан ифодалаймиз:

Урганч шаҳри бўйлаб янги троллейбус ҳалқа йўли қурилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йилда хоразмлик сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилган эди

Транспорт вазирлиги Автомобиль ва дарё транспортини ривожлантириш департаменти бошлиғи Руслан Рўзметовнинг ўтган йили Gazeta.uzʼга берган интервьюсига кўра, 1997 йилда Урганчда узунлиги 11 км бўлган троллейбус ҳалқа йўналиши ишлаб чиқилган. Шунинг 6 километрига контакт тармоғи ўрнатилган.

Фото: Mintrans.uz

1997 йилда Урганч учун лойиҳа доирасида яна кўплаб троллейбусларни босқичма-босқич харид қилиш режалаштирилган. Депо учун жой камида 60 та автомашинани сақлаш ва уларга техник хизмат кўрсатишни ҳисобга олган ҳолда ажратилган. Сотиб олинган 9 та троллейбус эса вилоятда тўхтаб қолган лойиҳанинг биринчи босқичи бўлган холос.

Нима бўлганда ҳам, бугунги кунимиз эртага тарихга айланиши бор. Шундай экан, Хоразмга келсангиз, эсдалик ва хотирада қолиши учун, албатта, Ўзбекистондаги ягона троллейбуслар хизматидан фойдаланинг.

Фото: Tashtrans.uz

Сардорбек Усмоний

Мавзуга оид