Ўзбекистон | 22:11 / 08.04.2023
21393
4 дақиқада ўқилади

“20–30 фоиз дренажларни фуқароларнинг ўзи уй қуриш жараёнида ёпиб юборган” – Шавкат Умрзоқов

Тошкентга янги тайинланган ҳоким Шавкат Умрзоқов пойтахтнинг дренаж тизими ўрганиб чиқилгани, кўчаларни нима сабабдан сув босгани ҳақида гапирди. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, ҳоким ерости сув кетиш тизими ишдан чиқишига аҳолининг тартибсиз қурилишлари ҳам сабаб бўлганини қайд этган.

Тошкент шаҳрига Хитойдан электр ва табиий газда ҳаракатланадиган жами 268 та автобус келтирилди. Пойтахтда вужудга келаётган тирбандликларга ечим бўлиши кутилаётган автобуслар тақдимоти 8 апрел куни ўтказилди. Унда Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умрзоқов ҳам қатнашиб, Kun.uz мухбирининг автотураргоҳлар ва дренаж тизими муаммолари ҳақидаги саволларига жавоб қайтарди.

Ҳокимга кўра, Тошкентдаги автотураргоҳлар тизими тартибга солинмаган, бунинг учун аввало йўлларни тўғрилаш лозим.

“Бу фақат ҳокимиятнинг эмас, балки ўзимизнинг, инсонларнинг ҳам йўлда юриш маданияти ҳисобланади. Биринчидан, йўлда ҳаракатланувчи ҳар битта “автомобилчи”нинг транспорт қўйишини инобатга олган ҳолда автотураргоҳлар ташкил қилиш, керак бўлса, уларни пулли қилиб, ундан орттирилган маблағ мазкур тизимни ривожлантиришга сарфланади.

Автотураргоҳларнинг ҳаммаси бозорга яқин ҳудудларда жойлашади. Бир нарсани тушунинглар, ишлаб чиқаришдами – умуман ҳамма нарсада “bottleneck” деган нарса бор. Олдин 10 талик қувурларда сув юрган бўлса, ҳозир ривожланиш шунчалик тез бўлганидан 20-30 талик қувурларда сув юргандек тирбандлик пайдо бўлади. Демак, биз нима қиламиз? Сувнинг ҳаракатланишини ҳар қаерга оқизиб-оқизиб юборишимиз керак. Бу – тез бўладиган нарса эмас. Тез бўлган нарсанинг умри қисқа бўлади.

Бир йилда Тошкентдаги аҳоли сони деярли 100 мингга ошяпти. Ички миграция бор. Ҳажм ўсишидан келиб чиқиб, келгусидаги ҳисоб-китобларни ҳам оляпмиз. Бу йилдан жорий қилишни бошлаймиз, муаммо бирданига ечилмайди. Коридор дейилганда, биринчи битта кўчадаги муаммо, кейин иккинчи ва учинчиларнинг – шу тарзда босқичма-босқич бошқа масалаларни ечамиз”, – дейди у.

Шавкат Умрзоқов Kun.uz мухбирининг шаҳар дренаж тизимида юзага келаётган муаммолар борасидаги саволига қуйидагича жавоб берди.

“Дренаж тизимини ўргандим. Ўзимиздан ҳам айб қидирайлик, 20-30 фоиз дренажларни фуқароларнинг ўзи уй қуриш жараёнида ёпиб юборган. Биз бу нарсаларни ўрганиб, аниқлаб бўлдик. Ҳозир мазкур тизимни энди қандай тиклаймиз, қонунбузилишига йўл қўйган инсонларга қандай чора кўрилади? Бу – давлат мулки. Нимага сув тошди? Биринчидан, асфальт бўлиб ётибди, сув шимилмади. Одамлар уй қуряпти, қурмаса ҳам тўсқинлик бўлаётганини ёзади. Шароит қилиб берилишини талаб қилишади. Лекин аҳолимиз қурилиш маданиятига риоя қилган ҳолда қуриши керак-ку, ернинг остидан ўтган нарсаларни ёпиб ташлаши керакмас-ку. Бу борада тадбиркорларнинг ҳам, аҳолининг ҳам сонини аниқлаб, маълум қиламиз”, – дея қайд этади Умрзоқов.

Маълумот учун, кўп йиллар прокуратура тизимида турли лавозимларда фаолият юритган Умрзоқов 2018 йилдан буён “Ўзавтосаноат”га раҳбарлик қилиб келаётганди. Шу йилнинг 23 март санасида эса Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.

Аввалроқ Kun.uz’га интервю берган мутахассислар пойтахтдаги йўллар, йўлаклар бетонлаштирилаётгани, ер ўзлаштирилиши ортидан ариқлар бесабаб ёпиб ташланаётгани, палапартиш қурилиш – умуман шаҳар бош режасиз қолаётгани сабаб енгил ёмғирда ҳам талафотли сув тошқинлари юзага келаётгани ҳақида гапирганди.

Апрел ойи бошидаги ёмғирлар сабаб яна тошқинлар келиб чиққач, 5 апрел куни президент Шавкат Мирзиёев Қурилиш вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига дренаж тизими бўйича ечим топиш вазифасини юклади.

Мавзуга оид