Жаҳон | 16:16 / 08.04.2023
9113
3 дақиқада ўқилади

The Times Украинанинг ЗАЭСни қайтариб олишга уриниши ҳақида маълумот берди

2022 йил октябр ойида 600 га яқин украиналик ҳарбий Запорижжя атом электр станцияси устидан назоратни тиклашга уринган, бироқ бунга эриша олмаган, деб ёзади The Times. 

Фото: Str./AFP/Getty Images

2022 йилнинг кузида украиналик ҳарбийлар Россия қўшинлари томонидан босиб олинган Запорижжя атом электр станциясини озод қилишга уринган, аммо муваффақиятсизликка учраган. Бу ҳақда Британиянинг The Times газетаси 7 апрель, жума куни хабар берди. 

Киев Европадаги энг йирик атом электр станциясига бостириб киришга уринишни расман тан олмади, бироқ Украина махсус кучлари, ҳарбий разведка ва денгиз кучлари вакиллари анонимлик шарти билан нашр журналистларига операция тафсилотларини айтиб беришди. Ўшанда Россия қўшинлари Днипронинг бошқа қирғоғидаги Украина шаҳарларини ва Никополдаги йирик пўлат заводини ўққа тутиш учун унинг ҳудудидан фойдаланиб, электр станциясини олти ойдан кўпроқ вақт давомида ушлаб турган эди, деб ёзади The Times. 
 
The Times нашрининг ёзишича, 2022 йил 19 октябрга ўтар кечаси 600 га яқин украиналик ҳарбийлар оғир пулемётлар, МК-19 гранаталари ва танкка қарши қуроллар билан 30 та қайиқда Днипронинг станция жойлашган чап қирғоғига боришга уринган. Махсус кучлар катерлари Днипрони кесиб ўтаётганда, Украина ҳарбийлари россияликлар позицияларига, жумладан, HIMARS ракета тизимлари ёрдамида ўқ узишни бошлади. 

«Жангда фақат пиёдалар қатнашиши мумкин, деган фикр бор эди. Улар бизга қарши артиллериядан фойдалана олмайди, чунки бу атом электр станцияси», - дея операцияда қатнашган ҳарбийлардан бирининг сўзларидан иқтибос келтиради газета. Бироқ, унга кўра, Россия қўшинлари «жуда зич мудофаа чизиғида бўлган, ҳамма нарсани миналаштирган». «Биз яқинлаша бошлаганимизда улар ҳатто танклар ва артиллериядан тўғридан тўғри сув устида бизга қарата ўқ отишни бошлади», дейди украиналик ҳарбийлар. «Охир-оқибат, ҳужумчиларнинг кичик гуруҳи қирғоққа етиб олишга муваффақ бўлди. Улар Энергодар чеккасида рус армияси билан уч соатлик отишмада бўлди, бироқ кейин чекинишга мажбур бўлди», деб ёзади The Times. 

Журналистларнинг таъкидлашича, радиация сизиб чиқиши хавфи туфайли ҳужум қилишга бундай уриниш ҳатто Запорижжя атом электр станциясини Киев назоратига қайтариш зарурлигига ишончи комил бўлган Украина расмийларида ҳам хавотир туғдирган.

Мавзуга оид