Жамият | 12:49 / 10.04.2023
34529
2 дақиқада ўқилади

Андижонда туман ҳокими ўринбосари пора билан ушланди

Андижон вилояти Избоскан тумани ҳокими ўринбосари 8 сотих ерни ноқонуний равишда олиб беришга ваъда бериб, 5,3 млн сўм олган вақтида қўлга олинди.

Андижон вилояти Избоскан тумани ҳокимининг инвестиция, саноат ва савдо йўналиши бўйича ўринбосари ҳимоя ҳудудидаги ер майдонини амалдаги тартибни бузган ҳолда сотиб олиб бериш эвазига пора олган вақтида ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Дарё» манбасига кўра, Избоскан тумани ҳокимининг инвестиция, саноат ва савдо йўналиши бўйича ўринбосари А.К. Катта Фарғона канали ҳимоя ҳудудидан 0,08 га ер майдонини E-auksion’даги савдоларни ёпиқ шаклда ўтказган ҳолда сотиб олиб беришда ёрдам беришини айтиб, эвазига пул талаб қилган. У 7 апрел куни талаб қилинган пуллардан 500 долларини хизмат хонасида олаётганида қўлга тушган.

А.К. 2022 йилнинг октябр ойидан буён туман ҳокими ўринбосари — туман инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келган.

Бундан аввалроқ Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг икки мансабдори пора билан қўлга олингани хабар қилинганди.

Мавзуга оид