Жаҳон | 21:58 / 10.04.2023
10398
2 дақиқада ўқилади

Байден иккинчи муддатга сайланмоқчи, лекин буни реклама қилмайди - ОАВ 

АҚШ президенти маълум сабабларга кўра атайлаб бу сиёсий тактикани танлади. 

Фото: AP

Қўшма Штатларнинг амалдаги президенти Жо Байден 2024 йил ноябрида бўлиб ўтадиган президентлик сайловида иккинчи муддатга номзодини қўйишга қарор қилди. Бироқ, президент буни расман эълон қилмаяпти. 

NBC News хабарига кўра, президентлик кампаниясини бошлаш қарори аллақачон қабул қилинган, бироқ Байден ижтимоий-сиёсий босим туфайли атайлаб жараёнга старт бермаяпти. 

Бундан ташқари, Байден сайловда қатнашмаслик «имкониятини» сақлаб қолиш учун ўз қарорини муддатидан олдин эълон қилишни истамаяпти. 

Оммавий ахборот воситаларининг қайд қилишича, Байден иккинчи муддатга сайланиш имкониятини шарҳлар экан, сиёсий ёки шахсий шароитлар туфайли ўз режаларини ўзгартириши мумкинлигини айтган. 

Бироқ, ҳозирда унинг сиёсий маслаҳатчилари Байден иккинчи марта АҚШ президенти бўлиш амбицияларидан воз кечмаслигига ишонишга мойил. 

Байден ҳозирда америкалик оилалар ҳаётини яхшилаш бўйича ўзининг жорий сиёсатини амалга оширишга эътибор қаратмоқда, деди Оқ уй спикери ўринбосари Эндрю Бейтс. У, шунингдек, Байден иккинчи муддатга сайланишни режалаштираётганини тасдиқлади: «Буни эълон қилиш учун қандайдир муддат белгиланмаган». 

Хабар қилинишича, Байден ҳали президентлик сайловолди кампанияси бўйича бошқарувчи номзодини илгари сурмаган. Оқ уй барча потенциал номзодлардан ҳозирча «кутишни» сўраяпти, деди манбалардан бири. 

АҚШ президентлиги учун сайлов 2024 йил 5 ноябрь куни ўтказилади. Байден 82 ёшида иккинчи муддатга сайланиши мумкин. 

Мавзуга оид