Жаҳон | 15:03 / 10.04.2023
20339
6 дақиқада ўқилади

Запорижжя яна ўққа тутилди, Россия ракетаси уйни яксон қилган. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 410-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Россия қўшини Запорижжяни ўққа тутди. 11 ёшли қиз ва унинг отаси ҳалок бўлган.
  • Украина ҚК Шарқий қўшинлар гуруҳи вакили Сергей Череватийнинг хабар қилишича, «Вагнер» ХҲКнинг йўқотишлари туфайли Россия Бахмут йўналишига мунтазам армия қисмларини юборишга мажбур бўлмоқда. Унинг сўзларига кўра, Бахмут учун жангларда ХҲК «фақат ҳалок бўлганлар ҳисобланганда» кунига ўртача юз киши йўқотмоқда. Россия томони бу маълумотга муносабат билдирмаган.
  • The Washington Post нашри Пентагоннинг сиздирилган махфий маълумотларига таяниб хабар беришича, «Вагнер» ХҲК Мали ва Украинадаги «ҳаракатлар» учун Туркиядан қурол сотиб олишга ҳаракат қилган. Маълум қилинишича, хусусий ҳарбий компания вакиллари Туркияда «айрим суҳбатдошлар билан учрашган», Малининг муваққат президенти Ассими Гоита эса гўёки унинг мамлакати «Вагнер» ХҲК учун Туркиядан қурол сотиб олишга тайёрлигини тасдиқлаган. Бу музокаралар нима билан якунлангани ва бу ҳақда Туркия ҳукумати ниманидир билиши аниқ эмас. Туркия ҳукумати матбуот хизмати ва Малининг Вашингтондаги элчихонаси журналистларга изоҳ беришдан бош тортган.
  • Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) ўзининг кунлик ҳисоботида хабар беришича, Россиянинг Украинадаги юриши суръати бутун фронт бўйлаб пасайган. Экспертлар ёзишича, Россия кучлари ўзининг юриш қилиш имкониятлари пасайганини артиллерия орқали ёпишга уринмоқда – бу жанг майдонида унинг қўлланиши динамикасида ҳам сезилади, аммо Россияда ўқ-дорилар етишмовчилиги якунда «РФ Қуролли кучларининг заиф томонлари ўртасида мувозанатни топишда давом этиш қобилиятига путур етказади».
  • Твер областида «Свобода России» легионига аъзо бўлишга уринишда айбланган Сергей Колин мажбурий даволанишга юборилди. Тергов версиясига кўра, Колин телеграм ва ютуб орқали (унинг Kupala TV канали бўлган) «махсус ҳарбий амалиёт ўтказилиши вақтида Украина томонини қўллаб-қувватлашини айтган», «РФ фуқароларига душманлигини билдирган», шунингдек «давом этаётган махсус ҳарбий амалиёти билан боғлиқ равишда РФ раҳбарияти ва ҳукуматига нисбатан салбий муносабатини билдирган».

Кун кадри. Отишмалар вақти ертўлага яширинган буви ва набира

Богоявленка қишлоғи ўққа тутилиши чоғида уй ертўласига тушиб олган 70 ёшли Любов ўзининг 10 ёшли набираси Кристинани қучмоқда. Бу қишлоқ Вуҳледардан тахминан 15 километр масофада жойлашган — бу Донецк областининг Россия қўшинлари томонидан мунтазам равишда ўққа тутилаётган шаҳарларидан биридир. Вуҳледар каби Богоявленка қишлоғи ҳам ракета зарбаларидан жиддий шикастланган.
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA

Запорижжя ўққа тутилиши оқибатлари

9 апрелга ўтар кечаси Россия қўшини Запорижжяни ўққа тутди. Украина ФВДХ маълумотига кўра, ракеталарнинг иккитаси шаҳардаги хусусий секторга келиб тушган, икки киши ҳалок бўлган — 50 ёшли ота ва унинг 11 ёшли қизи. Она харобалар остидан чиқариб олинган, оиланинг катта қизи меҳмонда бўлган ва омон қолган.

Отишма вақти ҳалок бўлган қизча фотосуратлари
Kateryna Klochko / AP / Scanpix / LETA
Россия ракетаси келиб тушган жойда ҳосил бўлган кратер
Kateryna Klochko / AP / Scanpix / LETA
Ракета келиб тушган уйлардан биридаги ошхона столи
Reuters / Scanpix / LETA
Украиналик полициячи ракета зарбаси берилган жойда ишламоқда
Reuters / Scanpix / LETA

Украина қуролли кучларининг Донецк областидаги позициялари 

Украина ҚК жангчилари Часив Яр атрофидаги жангларда ҳалок бўлган қуролдошининг жасадини танкда олиб кетмоқда — Бахмутдан 13 километр ғарбда жойлашган бу шаҳар Украина армиясининг ушбу йўналишдаги бўлинмалари таъминоти учун муҳим нуқта ҳисобланади
Kai Pfaffenbach / Reuters / Scanpix / LETA
Украиналик ҳарбий Бахмут атрофидаги фронт чизиғидаги хандақ бўйлаб ҳаракатланмоқда. Украина ҚК қуруқлик қўшинлари қўмондони Олександр Сирский тасдиқлашича, Россия қўшини Бахмут атрофида «ёндирилган ер» тактикасини қўлламоқда. «Бинолар ва позициялар авиация зарбалари ва артиллерия олови билан йўқ қилинмоқда. Бахмут мудофааси давом этмоқда. Вазият мураккаб, аммо назорат остида», — дея аниқлик киритган Сирский. Украина ҚК Шарқий қўшинлар гуруҳи спикери Сергей Череватий Россия қўмондонлиги Бахмут атрофига қўшинларнинг элита бўлинмалари, жумладан десантчиларни ташлаётгани ҳақида хабар қилган.
Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA
Донецк областидаги олдинги чизиқда украин қўшинлари окопида белкурак ва милтиқ
Kai Pfaffenbach / Reuters / Scanpix / LETA
Украина ҚК 1-танк бригадасининг 57 ёшли хизматчиси Константин Донецк областидаги олдинги чизиқда каскасини тўғриламоқда (сурат айнан қаерда олинганига аниқлик киритилмаган)
Kai Pfaffenbach / Reuters / Scanpix / LETA
Бахмут атрофидаги дала ҳоспитали олдида украиналик ярадор аскарларнинг оёқ кийимлари
Libkos / AP / Scanpix / LETA

Мавзуга оид