Ўзбекистон | 23:39 / 11.04.2023
26509
5 дақиқада ўқилади

Ўқувчиларга берилган егуликлар ичидан тўғноғич ва қум чиқди

Хўжайли туманидаги мактабнинг бошланғич синфида ўқувчи қизалоқ мактабда берилган шоколадли конфетни еяётиб, унинг ичида қум ёки тупроқ борлигини кўрган. Устозининг айтишича, бошқа бир ҳолатда егуликлар ичидан тўғноғич чиққан, яна бир ҳолатда эса чириган олма тарқатилган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманидаги 41-мактабда бошланғич синф ўқувчиларига берилган ширинликнинг ичидан қум чиқди. Ижтимоий тармоқларда мактаб ўқитувчиси Багдагул Бекбосинованинг мурожаати тарқалди.

Унинг сўзларига кўра, Қорақалпоғистон ва Хоразмда бошланғич синф ўқувчиларига берилаётган бепул егуликларнинг “сифати жудаям қониқарсиз”.

“Шу кунгача берилган маҳсулотлар бўйича қатор камчиликларни мактаб раҳбариятига айтиб келганман. Олмалари ювилмаган, чириган... Кекс ичидан қизлар сочига тақадиган “невидимка”, ун қопини тикадиган ип чиққан кунлар ҳам бўлган. Лекин 7 апрел 2023 йил 2-“Б” синф ўқувчимнинг конфетидан қум аралаш тупроқ чиқди. Қиз бечора ярмини еган. Конфет ўралган қоғозини кўздан ўтказсам, ишлаб чиқарувчи ҳақида ҳеч нима ёзилмаган.

Бундай маҳсулотларни бериб, болаларнинг соғлигига зарар етказиб, берганидан бермагани яхши эмасми?

Келажагимиз бўлган болалар соғлиги барча учун муҳим.

Тегишли жавобгар шахслар бундай сифатсиз маҳсулотни олиб келиб болаларга тарқатгани учун жавоб беришини сўраб қоламан. Ҳар бир ўқувчи учун кунига неча сўм сарфланади? Берилаётган маҳсулотлар шу пулга арзийдими?”дейди муаллима 8 апрел куни ижтимоий тармоқда эълон қилинган мурожаатида.

Мурожаатга чириган олманинг расми, шунингдек, егуликлар ичидан сочга тақиладиган тўғноғич ва қум чиққани акс этган сурат ва видеолар илова қилинган.

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги 10 апрел куни ҳолатни тасдиқлади.

Маълум қилинишича, ҳолат бўйича Хўжайли тумани ХТБ томонидан ўрганиш ишлари ўтказилган. Бу тумандаги 41-мактабда 961 нафар ўқувчи ўқийди, шундан 388 нафари – бошланғич синф ўқувчилари. Уларга озиқ-овқат маҳсулотларини 2022 йил 10 октябрдан бери “Bekbergen Servis Orayi” МЧЖ етказиб бермоқда.

Ўрганишда аниқланишича, ушбу корхона томонидан 2023 йил 7 апрел куни 41-мактабдаги 388 нафар бошланғич синф ўқувчиси учун тасдиқланган таомнома (меню) асосида ёнғоқли кекс, “СТЕЛ” шоколади, олма, ширин чой етказиб берилган. Келтирилган егуликлар соат 9:45 да махсус комиссиянинг 5 нафар аъзоси томонидан қабул қилиб олинган.

Расмий ахборотга кўра, шу куни 2-“Б” синф ўқувчиларига берилган “СТЕЛ” шоколадидан қум чиққан ва синф раҳбари Б.Бекбосинова ҳолат бўйича мактаб раҳбариятига видео хабар орқали мурожаат қилган. Мактаб раҳбарияти бу ҳақда етказиб берувчи кейтеринг корхонасига маълумот берган.

“Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли тартибда чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, қўшимча ўрганиш ишлари амалга оширилишини, амалга оширилган ишлар натижаси ҳақида қўшимча маълумот берилишини маълум қиламиз”, – дейилади ҚҚР ХТВ баёнотида.

Таъкидланишича, ювилмаган олма билан боғлиқ ҳолат аввалроқ, шу йилнинг 7 феврал куни рўй берган. Бу бўйича кейтеринг корхонасига ва мактабдаги қабул қилиб олувчи комиссия аъзоларига ХТБ томонидан огоҳлантириш берилган.

Расмий ахборотда тўғноғич масаласига изоҳ берилмаган.

Вазирликнинг маълумот сифатида қўшимча қилишича, Хўжайли тумани ХТБга қарашли умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган 8670 нафар бошланғич синф ўқувчиларига 3 та кейтеринг корхонаси томонидан ҳар куни меню асосида озиқ-овқат маҳсулотлари бериб келинмоқда. Булар – “Таббасум Нукус”, “Бекберген Сервис Орайы”, “Аллиансе Арал–С” корхоналаридир.

Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистонда бу каби нохуш ҳолатлар биринчи марта кузатилмаяпти.

Декабр ойида Тўрткўл ва Беруний туманларида мактабларнинг бошланғич синф ўқувчиларига тошдай қаттиқ пряник тарқатилган. Ўшанда етказиб берувчи корхона раҳбарига чора кўрилгани ҳақида ҳеч қандай хабар берилмаган, у фақат узр сўраган эди.

Феврал ойида эса Кегейли туманида болаларга чириб кетган олма берилди. Ўшанда ҳолатни Олий Мажлис Сенати ўрганган ва сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилиб олган мактаб директорлари жаримага тортилганди.

Бошланғич синф ўқувчиларига егулик берилиши 2023 йил сентябрдан бошлаб бутун Ўзбекистон бўйлаб барча умумтаълим мактабларида жорий этилади.

Мавзуга оид