Иқтисодиёт | 17:45 / 11.04.2023
40340
4 дақиқада ўқилади

UzTest директорига 2 ой учун қарийб 136 млн сўм ойлик тўланган

Илмий-синов ва сифат назорати маркази бош директори Жамшид Ғаниев январ ойида 51 млн сўм, феврал ойида 85 млн сўм ойлик олган. Бу – Ўзбекистондаги ўртача иш ҳақидан 17,5 баробарга кўп. Аввалроқ шу ташкилот бош бухгалтери 2 ой учун 468 млн сўм маош олгани хабар қилинганди.

Фото: UzTest

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази (UzTest) давлат муассасаси бош директори Жамшид Ғаниевнинг ойлик даромадлари бўйича маълумот тарқалди.

Унга кўра, Ғаниев UzTest'даги фаолияти учун 2022 йил март ойидан 2023 йил мартига қадар 12 ой давомида жами 551 млн 660 минг сўм маош олган. Биргина жорий йилнинг январ ойидаги маоши 50 976 280 сўм, феврал ойидаги маоши эса 84 908 480 сўм чиққан.

“Ижтимоий тармоқларда тарқалган "Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази" давлат муассасаси директори Ж. И. Ғаниевнинг жорий йил январь ва февраль ойларидаги даромадлари тўғрисидаги турли маълумотлар бўйича Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан махсус ишчи гуруҳ тузилди.

Айни пайтда мазкур ишчи гуруҳ Марказ ходимларининг доимий ойлик маошлари бўйича тўлиқ ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Расмий саҳифаларимиз орқали ўрганишлар якуни бўйича қўшимча маълумот тақдим этилади”,дея маълум қилинди UzTest'нинг Telegram-каналида.

Аввалроқ, UzTest бош бухгалтери ўзига январь ойида 157,6 млн сўм, февраль ойида 310,8 млн сўм миқдорида ойлик ёзгани ҳақида хабар берилганди.

Kun.uz қўшимча маълумот олиш мақсадида UzTest ахборот хизмати билан боғланди. Маълум қилинишича, ҳали ишчи гуруҳ томонидан ҳолат юзасидан қўшимча маълумот тақдим қилинмаган.

“Ҳар бир деталь текшириляпти”

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Рауфжон Расуловнинг маълум қилишича, 2-3 кун ичида ишчи гуруҳнинг ўрганишлари юзасидан батафсил маълумот берилади.

“Ушбу масалани ўрганиш мақсадида ўтган ҳафта Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги раҳбарияти томонидан ишчи гуруҳ тузилди. Ҳозирда тўланган ойликлар қаердан келди, нима учун шунча миқдордан ёзилди, мана шу ва бошқа жиҳатлар ўрганиляпти. Ҳали иш охирига етмади. Қонуний жиҳатдан ҳар бир деталь текшириляпти. Масалан, сертификатлаш жараёнида бухгалтер иштирок этмаслиги керак. Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи белгиланган, шундан келиб чиқиб давлат ташкилотларида ишловчи ходимларга ҳам маош тўланади. Бу ерда жуда катта иш бор. Икки-уч кун ичида ишчи гуруҳ ўрганиш ишларини тугатади”, деди Рауфжон Расулов.

Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи қанча?

2022 йил якунларига кўра, Ўзбекистондаги ўртача ойлик номинал иш ҳақи 3 млн 892 минг сўмни ташкил этган. Тиббиёт ходимлари ҳамда таълим соҳаси вакиллари маоши ўртача кўрсаткичдан ҳам паст даражада қолмоқда.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига кўра, 2022 йилда бюджет ва нобюджет ташкилотларда ишловчиларнинг 28 фоизи ёки 1 404 377 нафар ходим 1 млн сўмгача маош олган. 1 млн сўмдан 2 млн сўмгача ойлик олувчилар сони 1,2 млн нафарни (24,6 фоиз) ташкил қилган. Шунингдек, 25,2 фоиз ходим 2 млн сўмдан 4 млн сўмгача ойлик даромад топган. Республика миқёсида бюджет ва нобюджет ташкилотларда ишловчи ходимларнинг 77,8 фоизи ойига 4 млн сўмдан камроқ даромад топади.

“UzTest” қандай ташкилот?

Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази давлат унитар корхонаси минтақада ишлаб чиқарилаётган ва импорт қилинаётган қуйидаги йўналишдаги маҳсулотларни сертификатлаштириш ишларини олиб боради:

  • озиқ-овқат, парфюмерия ва косметика маҳсулотларини сертификатлаш;
  • қурилиш маҳсулотларини сертификатлаш;
  • машинасозлик ва металлни сертификатлаш;
  • кимёвий маҳсулотларни сертификатлаш;
  • электр маҳсулотлари учун сертификатлаш;
  • енгил саноатни сертификатлаш органи.
  • Қуйидаги йўналишларда синов лабораториялари олиб борилади:
  • электр саноати маҳсулотларининг синов лабораторияси;
  • юқори ва паст кучланишли электр материаллари синов лабораторияси;
  • машинасозлик маҳсулотларининг синов лабораторияси;
  • тўқимачилик саноати маҳсулотларининг синов лабораторияси;
  • енгил саноат маҳсулотларининг синов лабораторияси;
  • қурилиш материалларининг синаш лабораторияси;
  • полимер ва кимёвий маҳсулотларнинг синаш лабораторияси;
  • озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини синовдан ўтказиш лабораторияси.

Мавзуга оид