Зеленский босқиннинг илк кунида 7 давлат раҳбари билан гаплашган. Украина мудофаа вазири асирга тушиши мумкин эди
2022 йилнинг 24 февралида нималар бўлганди? «Украинская правда» бу ҳақда батафсил ёзди.
Украина мудофаа вазири Олексий Резников 24 феврал куни соат тўрт атрофида Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг қўнғироғидан уйғониб кетади. «Алексей Юрьевич, улар ҳужум қилишди», — дея эслайди Резников бош қўмондондан эшитган илк сўзларини. «Тушундим, 20 дақиқада бораман», — дея жавоб қайтаради вазир.
Эрталаб соат бешда Резников мудофаа вазирлигида эди. Бу ерда барча навбатчи ходимлар аллақачон зирҳли нимчалар ва каскаларни кийиб олишган, автоматларни қўлга олишганди. «Украинская правда» нашри ёзишича, босқин ҳақидаги хабардан кейинги илк дақиқаларданоқ мудофаа вазирлиги биноси «улкан термитлар уяси»ни эслатарди, бу ерда аскарлар қум тўлдирилган қопларни ташиб «катта мудофаа контури» қуришга киришганди. «Россия пропагандаси „қарор қабул қилиш марказлари“ деб таърифлаган бошқа идораларда ҳам худди шундай вазият кузатилаётганди», дея ёзади «Украинская правда».
Резниковнинг сўзларига кўра, Залужнийнинг қабулхонасидаги муҳит бошқача эди — бу ерда командирлардан ҳисобот қабул қилинар ва буйруқлар бериларди. «Фаоллик ортганди, аммо менинг хотирамда Залужний билан бўлган қандайдир ўзгариш муҳрланмайди. Биз танишганимдан буён у доим сергак ва диққатни бир жойга жамлаган ҳолда юради. <…> Унинг учун ҳеч нарса ўзгармаган. У бутун умри мобайнида бу ҳужумга тайёрланганди ва бу палла келганди», — дея хотирлайди Резников.
Тахминан худди шу вақтда Киевнинг бошқа чеккасида Олий рада раиси Руслан Стефанчук портлашлар овозидан уйғонади. Кўп ўтмай унга ИИВ раҳбари Денис Монастирский (у 2023 йил 18 январида Бровари шаҳрида вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлди) қўнғироқ қилиб, босқин бошлангани ҳақида хабар беради, кейин Хавфсизлик кенгаши раиси Олексий Даниловдан ҳам телефон келади, у Володимир Зеленский Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши йиғилишини чақирганини айтади
Стефанчук ҳам Олий рада депутатларини йиғиши керак эди, Зеленскийнинг ҳарбий ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармони кучга кириши учун уни парламент маъқуллаши талаб этилган. Депутатлар партия чатларида хавфсизлик нуқтайи назаридан сессиялар залида эмас, Киевдаги «Она ватан» ҳайкали остида учрашишга келишиб олишади. Стефанчукнинг сўзларига кўра, «ҳайпчи» депутатлардан бири жонли эфирга чиқиб, Рада йиғилиши қаерда ўтишини айтиб юборади. Якунда депутатлар Грушевский кўчасидаги Рада биносида йиғилишга қарор қилади.
Эрталабки соат 6:30 да депутатлар парламентга кела бошлайди. Украинанинг собиқ президенти ва «Европа бирдамлиги» партияси етакчиси Петро Порошенко уни рафиқаси Марина уйғотганини айтган. У хотинига кетиши кераклигини айтади, аммо аёл рад этади. Порошенко Киев областидаги Козин шаҳридан партия офисига йўл олади, соат еттида эса Радага етиб келади. Бу ерда у «қўрқиб кетиб» эвакуация эҳтимолини муҳокама қилаётган жуда кўп одамларни учратади.
«Мен уларга айтдимки, агар парламентни эвакуация қилсангиз, биринчидан, мен бормайман. Иккинчидан, сиз бунга ҳақлисиз, аммо бу барчани Киевдан қочишга даъват қилувчи кучли сигнал бўлади. Ким кетишни истаса, кетақолсин, аммо бу ҳақда ҳеч ким билмаслиги керак. Чунки биз қатъийлигимиз ҳамда Киевни топширмоқчи эмаслигимизни кўрсатиш учун шу ерда бўлишимиз керак», — деган Порошенко.
Рада раиси биринчи ўринбосари Олександр Корниенконинг фикрича, оммавий эвакуация йўқлиги «одамларга ҳокимият органлари Киевда қолгани ва бундан кейин ҳам қолиб, кураш олиб боришини кўрсатган».
Рада йиғилиши эрталабки соат саккизда бошланган. Данилов депутатлардан ҳарбий ҳолат жорий этилишини қўллаб-қувватлашни сўраган ва украин ҳарбийлари «ҳозирда мудофаа жанг қилиб, мудофааланаётгани, барча ўз жойидалиги»ни қайд этган. Шундан кейин залда ҳозир 300 нафар депутатнинг барчаси қарорни маъқуллаган. Улар орасида россияпараст ҳисобланган «Мухолифат платформаси — Ҳаёт учун» партияси аъзолари ҳам бор эди. «Украинская правда»нинг қайд этишича, партиянинг шу куни парламентга келган вакиллари «максимал даражада ўзининг борлигини сездирмасликка уринган».
«Мен уларни пайқамадим. Қўйдай ювош! Бошларини кўтаришмасди, қуриллашмасди, қичқиришмасди», — дея эслайди Порошенко.
Стефанчук депутатлардан кейинги йиғилиш вақти ва жойини белгилашга ҳуқуқ беришни сўрайди. Унинг ўзи кейинроқ изоҳ беришича, бу воқеаларнинг ҳар қандай ривожида, жумладан Киев қуршаб олинган тақдирда ҳам Раданинг ишлашини юридик жиҳатдан таъминлаш учун зарур эди. Депутатлар бу таклифни, шунингдек, овоз бериш электрон тизимда эмас, балки қўл режимида ўтказилишини қўллаб-қувватлашади.
Йиғилишни якунлар экан, Стефанчук кетадиган депутатлар сотқин деб ҳисобланишини айтади. У шунингдек ўзи ҳалок бўлган тақдирда қандай ҳаракатланиш бўйича ўринбосари билан келишиб олади.
Украина президенти офиси жойлашган Банковая кўчасида «асосий шахслар» 24 февралга ўтар кечаси соат тахминан бирда уйларига кетишганди, аммо эрталабки соат тўртда ишга қайта бошлашади. Офис раҳбари Андрей Ермак кейинроқ эслашича, уйига соат тахминан иккида келган, аммо бир-бир ярим соат ўтиб разведка ва ҳарбийлардан ҳарбий ҳаракатлар бошлангани ҳақида хабар олган. У ортига қайтган.
«Украинская правда»нинг қайд этишича, 23 феврал куни кечқурун ҳам мамлакатни кенг кўламли босқин бўлмаслигига ишонтириб баёнот берган Володимир Зеленскийга энг катта масъулият тушарди. У мудроқ мамлакатни уйғотиб, барча кучни жамлаш ва зарбага бардош бериш»га эришиши талаб этиларди. Журналистлар айтишича, улар қайси амалдор ёки ҳарбий билан гаплашмасин, уларнинг ҳар бири 24 феврал куни президент уни қандай уйғотиб, чақиргани ва топшириқни бажаришга юборгани ёки олдига вазифа қўйгани ҳақида яхши эслайди.
Урушнинг биринчи кунида Зеленский дунё етакчи сиёсатчилари билан саккиз марта телефон мулоқоти ўтказилади: Жо Байден, Олаф Шолц, Борис Жонсон, Австрия канцлери Карл Нехаммер, Ражаб Эрдўған, Швеция бош вазири Магдалена Андерссон, Европа кенгаши раиси Шарл Мишел, шунингдек Эммануэл Макрон.
Тинчлик вақтида бундай мулоқотларнинг ҳар бирини уюштириш учун ҳафталар талаб этиларди, аммо энди «дипломатик вақт» қисқарганди, дея қайд этади «Украинская правда». Зеленскийнинг биринчи шундай мулоқоти эрталабки соат еттилар атрофида бўлади, ўшанда у тўғридан тўғри британлар бош вазири Борис Жонсонга сим қоқади. Кейинроқ Зеленский дунё давлатлари етакчилари билан WhatsApp мессенжери орқали ҳам гаплашганини айтганди.
Соат 6:42 да Зеленский уруш давридаги илк видеомурожаатини ёзади. У ҳарбий ҳолат жорий этилганини эълон қилади. Бир ярим соат ўтиб президентнинг навбатдаги видеомурожаати чиқади — бу унинг классик иш кийимида қилган охирги мурожаати бўлиб қолади. Шундан кейин у фуқаролар қаршисида фақат армия футболкасида кўриниш беради, бу кийим «унинг имижининг ажралмас қисми»га айланади.
Кўп ўтмай президент офисига Олий рада спикери Стефанчук раҳбарлигидаги парламент делегацияси ташриф буюради. Депутат Сергей Рахманин ҳикоя қилишича, Зеленский «саросимага тушган» кўринмаганди. Порошенконинг сўзларига кўра, депутатлар Зеленский билан «мазмунли» суҳбат қуришган. Улар энди мухолифлар эмаслиги бўйича келишиб олишган, чунки уларда ягона душман бор эди — Владимир Путин. Порошенконинг қайд этишича, бундай таклиф Зеленский томонидан билдирилганди.
«Киев ярим қуршов ҳолатида эканида ҳам бу келишув сақлаб қолинди», — дейди собиқ президент.
Иштирокчиларнинг айтишича, ўшанда учрашув кутилмаганда тўхтатилган. Залга қўриқчилар кирган ва бошпанага кетишни талаб қилишган. «Президент тансоқчилари киришди ва Банковая томон қандайдир ҳаракат кузатилаётгани, шунинг учун президент кетиши кераклигини айтишди», — дейди Стефанчук. Унинг сўзларига кўра, улар парламент спикери пойтахт марказидан ўн дақиқалик масофада бўлиб туриши бўйича келишишади.
«Шундай қилиб бизда „Киев атрофидаги карусел“ деб аталган ой бошланди: доимий равишда кўчиб юрдик, ҳар сафар бошқа-бошқа жойларда тунадик, аммо нимадир бўлганда етиб келиш учун Киев атрофида қолдик», — дея ҳикоя қилади у.
Соат 11 да ҳукумат йиғилиши бўлиб ўтади, унда вазирлар кабинетининг айрим аъзоларини Украина ғарбига эвакуация қилиш ҳақида қарор эълон қилинади. Ҳукуматнинг бир қисми Киевда қолади, қолган қисми эса кворумни (йиғилишлар қарорлари қонуний бўлиши учун иштирокчиларнинг устав бўйича етарли ҳисобланадиган миқдори) сақлаган ҳолда бошқа жойда бўлиш бўйича қарор қилиши мумкин эди. «Мудофаа учун керак бўлганлар Киевда қолишди. Бу мутлақо мантиқий қарор эди. Аммо биз [Киевда қолганлар] барибир ҳали ҳам мажлис ўтказиш учун офлайн йиғилмасдик. Кимдир бункерда ўтирган ҳолда, кимдир номаълум жойдаги кабинетда туриб, кимдир дўстлари билан ҳаммомдалигида, яна кимдир йўлда онлайн бўларди», — дея ҳикоя қилади мудофаа вазири Резников.
Украина инфратузилмалар вазири Олександр Кубраковнинг сўзларига кўра, шу куни тонгда вазирлар, уларнинг оила аъзолари ва махфий ҳужжатларни Киевдан олиб чиқиб кетиш учун поезд қидира бошлашган. Жамиятни ривожлантириш вазири Олексий Чернишовнинг айтишича, натижада бу «мутлақо одатий поезд» бўлган.
Кубраковнинг сўзларига кўра, бу вақтда Киевда қолган вазирликларда «бардак» бошланган: «Барча уёқдан бу ёққа чопар, ниманидир олиб кетар, ниманидир йўқ қиларди». «Ҳовлида протоколга кўра йўқ қилиниши лозим бўлган махфий ҳужжатларни ёқиб юбориш бошланганди», — дея қўшимча қилган у.
Резниковнинг айтишича, агар у ўша куни олдиндан белгиланган протокол бўйича ҳаракатланганида, катта эҳтимол билан асирга тушган бўларди. Унинг тушунтиришича, вазир ўз жамоаси билан бориши керак бўлган мудофаа вазирлигининг ҳимояланган қўмондонлик пункти Гостомелда жойлашганди, бу ерга эса ўша куни Россия десант туширади.
«Украинская правда»нинг ёзишича, марказий ҳокимият «ёйиб жойлаштирилаётган» маҳалда, Киевдан чиқишда улкан тирбандликлар юзага келади — ва ҳарбий комиссариатларда ҳам. Резниковнинг сўзларига кўра, ўшанда пойтахтдаги деярли ҳар бир кўчага блокпостлар ўрнатилганди.
«[Энергетика вазири] Герман Глушченко қўнғироқ қилди. Ва айтди: „Мен [ҳукумат йиғилишига] бора олмайман, улар юзим билан асфалтга ётқизишди. Мен энергетика вазири эканимни айтдим, уларга эса фарқи йўқ“. У марҳум Монастирскийга қўнғироқ қилади ва айтади: „Денис, менга кимдир, бирор нацпол (полициячи) йўл-йўриқ кўрсата оладими, чунки мен ўтиб кета олмаяпман“. Денис эса „ҳозир мен сенга тўсиқсиз ўтишни ташкил этиб бера олмасам керак, чунки блокпостларнинг кўпчилиги назорат остида эмас“. <…> Худога шукрки, Германни қўйиб юборишади. Яхшиям, вазиримизга зарар етказишмайди. У бир кун уйда ўтириши керак эди», — дея эслайди Резников урушнинг илк кунидаги воқеаларни.
У кейин барчаси аста-секин «тартибга келтирилгани»ни айтади.