Жаҳон | 15:25 / 12.04.2023
35420
3 дақиқада ўқилади

Фото: Вулқон туфайли Камчаткадаги қишлоқ кул қатлами остида қолди

Камчаткада Шивелуч вулқони уйғониши давом этмоқда. Шамол вулқон кулини Уст-Камчатский районининг Ключи, Козиревск ва Майское посёлкаларига олиб келмоқда, ҳудудларга тушган кул қатлами 20 сантиметргача етган. Регион раҳбари Владимир Солодов Усть-Камчатский райони аҳолисини хотиржамликни сақлашга чақириб, огоҳ бўлиш ва уйда қолишни тавсия этган.

Фото: Reuters / Scanpix / LETA

11 апрелга ўтар кечаси Камчаткада Шивелуч вулқони уйғониши бошланди. Вулқон кули атрофдаги аҳоли яшаш манзиллари устига ёпирилди.

Кул 20 километр баландликка кўтарилган - бу Шивелучни кузатиш тарихидаги энг юқори баландлик. Натижада вулқонга яқин ҳудудларда авиация хавфсизлиги билан боғлиқ қизил режим эълон қилинган. 

«Кул булути Шивелучдан 500 километр шимоли-ғарбга тарқалган ва тарқалишда давом этмоқда. Уст-Камчатский районининг Ключи ва Козиревск посёлкаларига кул ёғиши кучайиб бормоқда», деган Россия фанлар академияси Узоқ Шарқ бўлими вулқоншунослик ва сейсмология институти директори Алексей Озеров.

Козиревск посёлкасига кул ёғиши оқибатлари

Унинг сўзларига кўра, Ключи - Усть-Камчатск йўли ҳудудида лой оқими хавфи сақланиб қолмоқда.

Ключи посёлкасини ҳам вулқон кули қатлами қоплаган

Ноқулай об-ҳаво шароити (қор ва қорбўронлар) туфайли Шивелуч вулқонининг видеокузатувини олиб бориш мураккаблашган.

Вулқон кули 20 километргача юқорига отилмоқда
Фото: DMITRY LEVIN/TASS

11 апрел куни кул ва қор ёғиши оқибатида иккита аҳоли яшаш пункти - Козиревск посёлкаси ва Майское қишлоғи электр таъминотисиз қолган.

ФВВ хабарига кўра, бошқа ҳудудларда, жумладан ўлка маркази ҳисобланган Петропавловск-Камчатскда ҳам кул ёғиши эҳтимоли истисно қилинмайди.

«Шамол йўналиши ўзгариши муносабати билан Бистринский, Милковский, Тигилский, Елизовский районлари ва Петропавловск-Камчатск ҳудудига вулқон кули тушиши эҳтимоли истисно этилмайди», дейилган ФВВнинг минтақавий бошқармаси хабарида.

Феврал ойи бошида Шивелуч вулқонида кул 6,5 км баландликкача кўтарилиши қайд этилганди.
Фото: TASS

Шивелуч Петропавловск-Камчатск шаҳридан 440 км масофада жойлашган ва яриморолнинг энг йирик ва энг шимолдаги фаол вулқонларидан бири ҳисобланади.

Олимлар Шивелучда кучли отилиш бошланишини бир неча ой муқаддам прогноз қилишганди.

Ўтган йил декабрида Россия Фанлар академиясининг Камчаткадаги геофизика хизмати мутахассислари вулқонда юқори фаолликни қайд этишганди. Ўшанда ҳам узлуксиз равишда тепалик ёнбағирларидан кичик кўчкилар туша бошлайди, йирик кўчкилар эса - ҳар соатда бир марта кузатилади. Бундан ташқари, вулқон вақти-вақти билан бир неча минг метрга кул ота бошлаганди.

Шивелучда 2022 йил ноябридаёқ юқори даражадаги фаоллик бошланганди
Фото: TASS/ KAMCHATKA BRANCH OF RAS GEOPHYSICAL SERVICE
Шивелуч вулқонининг сунъий йўлдошдан олинган тасвири, 2015 йил 29 декабр. Фото: Getty Images
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид