Ўзбекистон | 10:30 / 12.04.2023
21948
7 дақиқада ўқилади

ЎзЖОКУ биносидаги ёриқ: у қаердан пайдо бўлган ва аслида ҳам хавфлими?

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг кўп қаватли биноси деворида пайдо бўлган ёриқ видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалди ва кўплаб мунозараларга сабаб бўлди. Бу ёриқ чиндан ҳам хавфлими?

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан скриншот.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган бу тасвирлар танқид, сатира ва ҳажвларга сабаб бўлди. Чунки кўпчиликнинг эсида ҳамон Туркиядаги вайронкор зилзилалар оқибатлари сақланиб турибди. Кўпгина изоҳларда ҳам ушбу ёриқнинг пайдо бўлишига сифатсиз қурилиш сабаб қилиб кўрсатилди.

Шахсан ўзим ушбу хабар чиқиши ҳамоно Twitter’да бу антисейсмик чок эканини айтиб, асло қўрқинчли нарса эмаслигини ёзган эдим.

Ёриқ университетнинг янги ва эски биноларини туташтириб турувчи девор сувоғида пайдо бўлган. ЎзЖОКУ бу борада расмий муносабат ҳам билдирди.

«Ушбу 2 см ёриқ эски ва янги бино орасидаги чок бўлиб, университетнинг янги биносини қуриш вақтида юзага келган. Қурувчилар тилида бу иссиқ ва совуқ таъсирида доимий ҳаракатда бўлувчи икки бино орасидаги чокдир. Мутахассислар тилида бу «Температурный шов» дейилади. Бу ҳолатнинг бинонинг чўкишига алоқаси йўқ. Чунки эски ва янги биноларнинг пойдевори ҳам бир-биридан алоҳида», — дейилган расмий муносабатда.

ЎзЖОКУ ректори Шерзодхон Қудратхўжа таҳририятимизга бу борада эълон қилинган хабар юзасидан эътироз билдириб, ёриқ антисейсмик чокда эмас, температура чокида пайдо бўлганини алоҳида таъкидлади.

Қурилиш соҳаси мутахассиси бўлмаган раҳбарни «сейсмик» сўзи чўчитиб юборган бўлиши табиий. Чунки ўз-ўзидан бу сўз зилзилага ишора беради ва ёриқ гўёки бинонинг зилзилабардошлигига рахна соладигандек. Аслида ундай эмас. Бу ёриқнинг ваҳима қиладиган жойи йўқ эди аслида. Шунчаки, бундай чоклар ҳеч қачон сувоқ қилинмаслиги керак. Хато шу ерда.

Хўш, икки бинони ажратиб турувчи чок нима деб аталади: антисейсмик чокми ёки температура чоки?

Аслида, бу девордаги ёриқ пайдо бўлган жой температура чоки эмас, антисейсмик чок дейилади. Чунки бинолар алоҳида иккита пойдеворда турибди.

Антисейсмик чоклар зилзила бўлиш эҳтимоли юқори бўлган ҳудудларда қилинади. Тошкент шаҳри эса 9 баллгача зилзила рўй бериши эҳтимоли бўлган ҳудуд саналади. Бино қурилишида улар яхлит қилиб эмас, пойдеворидан бошлаб томигача бўлмаларга бўлиб қурилади — моҳиятан уларнинг ҳар бири мустақил бино ҳисобланади, гарчи ташқаридан қараганда яхлит бинодек кўринса-да. Зилзила чоғида ҳам биргаликда эмас, ҳар бир бўлма мустақил тебраниши учун.

ЎзЖОКУ биноси билан боғлиқ ҳолатда аввалдан қурилган бинога тақалган ҳолда, антисейсмик чок қолдирилиб, янги бино қурилган. Антисейсмик чокларда одатда иккита алоҳида турган бино деворлари орасидаги масофа 25–50 см бўлади.

Бинони антисейсмик чокларга бўлаклаб режалаштириш. 1 — антисейсмик чоклар.

Фасади узун бўлган кўп қаватли бинолар, турар жойлар, стадионлар, спорт заллар, албатта, бўлакларга бўлиб қурилади ва антисейсмик чокларга эга бўлади.

Стадиондаги антисейсмик чок ва уни беркитиш. Фото: ims-konstrukt.ru

Антисейсмик чоклар усти ҳеч қачон сувоқ қилинмаслиги керак. Чунки кичикроқ тебранишлар, ҳарорат ўйнаши ва намлик таъсирида ҳам, албатта, ёрилиш рўй беради. Унинг усти резина ёки чўзилиб қисқарувчи тунука билан қопланиши керак.

Кўп қаватли уйнинг антисейсмик чокини беркитиш. Фото: termoteh.in.ua

Унда температура чоки нима?

Температура чоки бинонинг биринчи қаватидан томигача алоҳида бўлмаларга бўлади, худди антисейсмик чокка ўхшайди, лекин бу ҳолатда бино пойдевори умумий бўлади. Чунки у ер сатҳидан пастда бўлиб ҳарорат тебранишлари таъсирига камроқ тушади, бинобарин, деформацияларга камроқ дучор бўлади.

Температура чоки кўпинча пластик полимер таркибий қисмга эга моддалар билан герметизация қилинади: шамол, совуқ, иссиқ ёки ёғин сувлари кирмаслиги учун.

Турар жой биносининг температура чокини герметиклаш ва ёпиш. Фото: dvabrevna.ru

Умуман жисмга ташқи ҳарорат ва зилзила таъсир қилиши туфайли деформациянинг олдини олиш чоклар қолдириш қурилишда кенг тарқалган. Ҳеч эътибор берганмисиз, ер бўйлаб ётқизилган газ, нефть ва сув металл қувурларида тўғри қилиб тортилмайди. Маълум бир масофада эгиб чиқарилган жойлар қилинади.

Нефть ва газ қувурларидаги эгилишлар. Фото: tramis.ru

Иссиқда металл кенгаяди, совуқда тораяди, агар бундай эгилишлар қилинмаса қувурлар ёрилиб кетиши мумкин. Пластикдан ясалган қувурларда одатда бундай эгилишлар қилинмайди. Улар коррозияга ва ҳарорат таъсиридаги деформацияга чидамли, шу сабабли кўпинча улардан ерости ёки сувости орқали қувур тортишда фойдаланилади.

Гарчи мавзудан бироз узоқ бўлса ҳам, хабарингиз бўлиши учун қўшимча қилиб кетишга жазм қилдим. Деформацион чоклар кўприкларда ҳам қилинади.

Шаҳарларимизда жуда кўп кўприклар ва йўл ўтказгичлар қурилмоқда. Уларда ҳам деформацион чок қилиниши керак. Аммо беэътиборлик сабаб бизда камдан кам ҳолларда қилинмоқда. Масалан, Самарқанд шаҳрининг Уста Умар Жўрақулов кўчасидан М-39 халқаро автотрассасига чиқадиган йўл ўтказгичда шундай деформацион чок қилинган. Тошкентдаги кўплаб йўл ўтказгичларда қилинмаган.

Кўприк тўсинлари орасидаги масофа. Фото: kmsk.dp.ua

Йўл ўтказгич ва кўприк конструкция жиҳатидан устунлар узра ўрнатилган тўсинлардан иборат бўлади. Тўсинлар бирлашган жойда деформацион чок қилиниши керак. Чунки оғир юкли машиналар кўприк устига чиққанида тўсин эгилади. Бу эгилишни биз кўзимиз билан илғамаймиз. Бироқ йўл яхлит асфалт қилиб юборилса, тўсинлар бирлашган жойдан ёрила бошлайди. Албатта, қишнинг қаҳратони ва ёзнинг саратонида температура таъсирида ҳам тўсинлар деформацияга учрайди. Бундай ҳолатларни компенсация қилиш учун деформацион чоклар ўрнатилади.

Қуйида кўприк ва йўлўтказгичлардаги деформацион чоклардан айримлари келтирамиз. Хўш, эсланг-чи қайси кўприкларда шунақасини кўргансиз?

Кўприкдаги металлдан ясалган эски усулдаги деформацион чок. Фото: krd.ru
Кўприкдаги металлдан ясалган замонавий деформацион чок. Фото: fontanka.ru
Кўприкдаги пластикдан ясалган замонавий деформацион чок. Фото: yarnews.net

Албатта, биз ҳозир кўпроқ бўлакларга бўлиниб қурилган бино ва иншоотлар орасидаги чоклар ҳақида гаплашдик. Биноларнинг юк ва ташқи таъсирлар наижасида чўкиши оқибатида ҳам ёриқлар пайдо бўлади. Айнан ўшалар бинонинг юк кўтариш қобилиятига салбий таъсир ўтказиб, бино ёки иншоотнинг авариявий деб топилишига сабаб бўлади. ЎзЖОКУдаги ёриқнинг эса ҳеч қандай ваҳимали жойи йўқ. Шунчаки, ёриқ жойи тунука билан рисоладагидек қилиб беркитиб қўйилса бас.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

Мавзуга оид