Жамият | 10:32 / 14.04.2023
30441
2 дақиқада ўқилади

“Аёлни беҳурмат қилишнинг ўзи — энг ёмон зўравонлик”.  Ўзбекистонликларнинг оиладаги зўравонликка муносабати

Президент 11 апрел куни хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари ҳимоя қилишни янада кучайтиришга оид қонунни имзолади. Kun.uz одамларнинг аёлларга нисбатан зўравонлик ва унга жазо қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги фикрлари билан қизиқиб, Тошкент шаҳрида сўровнома ўтказди.

Сўровнома иштирокчиларининг аксарияти аёлларга нисбатан зўравонликни уриш, дўппослаш, ҳақоратлаш билан ифодаланишини қайд этди. Бир гуруҳ респондентлар жинсий зўравонликнинг кўп учраётганидан ташвишдалигини билдирди. Суҳбатдошлар бундай зўравонликларга қандай жазо берилиши кераклиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб қайтарди.

“Зўравонлик – аёлни таҳқирлаш-да. Бундай эркакларнинг жамоат жойларида юришга ҳам, халқнинг орасида туришга ҳам ҳаққи йўқ. Уларни эркак деб ҳисобламайман. Бундайларни умуман жамиятдан чиқариб, қаергадир олиб бориб ташлаш керак. Қамоқ жазоси билан қутулиб қолишмайди, у ер (қамоқ)дан баттар бўлиб чиқади. Яхшиси, халқнинг орасида тошбўрон қилиш керак”.

“Қўл билан урса, 5-6 йилга, жинсий зўравонлик қилинса, умрбод қамоқ жазоси берилса, тўғри бўларди”.

“Зўравонликнинг энг биринчиси – беҳурмат қилиш ва қўл кўтариш. Бу аёл учун эркак томонидан қилинадиган энг ёмон нарса. Уларни омма олдида халқнинг ўзи жазолаши керак”.

“Зўравонларнинг кечириб бўлмайдиган айблари бўлса, олий жазо берилишини сўрардим”.

“Аёлга қўл кўтариш, ноҳақ айблашни зулм дейиш мумкин, зулмнинг кўп турлари бор. Тажрибамда жуда кўп бўлган, лекин бу ишимдан афсусланаман”.

“Руҳий зўравонлик энг ёмони бўлса керак деб ўйлайман. Босим ўтказиши оқибатида аёл чорасиз бўлиб қолганидан сўнг билмадим нима қилади?”.

“Фарзандлари олдида беҳурмат қилишса, мана шу зўравонлик. Аёл киши бунга чидай олмайди. Бу уриш, сўкишдан ҳам ёмони. Ҳаётимда ҳам бўлган. Уларни жим, индамасдан жазолаш керак. Аллоҳга солса, бўлди”.

Сўровномани тўлиқ юқоридаги видеода кўриш мумкин.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади,

Тасвирчи Асрор Алмуродов

Дилшода Шомирзаева
Муаллиф Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид