Бахмут мудофааси тўққизинчи ойда ҳам давом этмоқда, Киевда дафн маросимлари. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 414-куни ўтди. Асосий маълумотлар
- Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Петербургда «военкор» Владлен Татарский ўлимига сабаб бўлган портлаш ташкилотчилари Украина махсус хизматлари ва уларнинг «жосуслик тармоғи», жумладан Коррупцияга қарши курашиш фонди аъзолари Леонид Волков ва Иван Жданов бўлганини таъкидламоқда. Шунингдек, портлашнинг тахминий ташкилотчиси номи келтирилган — идора маълумотларига кўра, Украина фуқароси Юрий Денисов гўёки Украинадан Латвия орқали Россияга келган. Бундан ташқари, квартирасида Татарскийнинг ўлдирилишида айбланиб қўлга олинган Дарья Трепова яшаган квартира эгаси, петербурглик Дмитрий Касинцев уй қамоғига ташланган.
- Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) Массачусетс ҳаво миллий гвардияси разведка бўлимининг 21 ёшли аъзоси Жек Тейшейрани Пентагон ва Америка разведкаси махфий ҳужжатлари сиздирилишига алоқадорликда гумон қилиб ҳибсга олди. The Washington Post нашри ёзишича, Тейшейра бир йилдан ортиқ вақт давомида махфий ҳужжатларни Discord’даги ёпиқ чатда эълон қилиб келган. У бир неча ўн йил муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
- Европа иттифоқи «Вагнер» ХҲК ҳамда Евгений Пригожинга тегишли бўлган РИА ФАН янгиликлар агентлигига қарши санкциялар қўллади.
- Германия Полшага Миг-29 русумли бешта қирувчи самолётни Украинага юборишга рухсат берди.
- Ҳаагадаги Россияга Украинанинг «Нафтогаз» компаниясига Қрим аннексияси туфайли келтирилган зарарни қоплаш учун беш миллиард доллар миқдорида товон пули тўлаш мажбуриятини юклади. Дмитрий Песков Россия томони Ҳаагадаги суд қарорини «таҳлил қилаётгани»ни айтди.
Словянск ўққа тутилиши
13 апрелга ўтар кечаси Россия қўшини Донецк областининг Словянск шаҳрини ўққа тутди — бу шаҳар РФ армияси кучлари сўнгги тўққиз ой давомида қамал қилаётган Бахмутдан 45 километр шимоли-ғарбда жойлашган.
Словянск мэри Вадим Ляхнинг сўзларига кўра, ракеталардан бири 8-сонли мактаб ҳовлисига келиб тушган, шунингдек унинг ёнидаги кўп қаватли уйга шикаст етказган. «Иккинчи ракета шаҳар сув таъминот канали атрофига тушган. Бир неча хусусий уйлар шикастланган. Икки ҳолатда ҳам қурбонлар бўлмаган», — дея хабар қилган Лях.
Бахмут учун жанг
Украина қўшини Бахмутни мудофаа қилишда давом этмоқда. Аннексия қилинган «ДХР» ҳукумати тасдиқлашича, ҳозирда Украина ҚК амалда шаҳарда блокланиб қолган ва чекиниш имконига эга эмас. Шу билан бирга, «Вагнер» ХҲК раҳбари Евгений Пригожиннинг сўзларига кўра, унинг ёлланма кучлари Бахмутни штурм қилмоқда, шаҳар учун «оғир қонли жанглар кетмоқда» ва у тўлиқ қуршовга олингани ҳақида гапиришга ҳали эрта. Пригожин айни вақтда Бахмутнинг 80 фоиз ҳудуди Россия кучлари томонидан назорат қилинаётганини айтган.
Буюк Британия мудофаа вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, Украина қўшини ҳамон Бахмутнинг ғарбий ҳудудини сақлаб турибди, аммо ўз бўлинмаларини «тартиб билан» олиб чиқа бошлаган. Украина томони бу маълумот юзасидан изоҳ бермаган.
Бучадаги украин сапёрлари
Буча — Киев областидаги шаҳар бўлиб, бир йил муқаддам бутун дунёга машҳур бўлиб кетганди. 2022 йил март ойи охирида, Россия қўшини Бучадан чекинганидан кейин шаҳарга кирган Украина қуролли кучлари жангчилари кўчаларда тинч аҳоли вакилларининг ўнлаб жасадларига дуч келишганди. Бир ой давомида Россия оккупациясида яшаган маҳаллий аҳоли вакиллари кейинроқ РФ армияси аскарлари томонидан қўлланган қийноқлар, шафқатсиз қотилликлар ва талончиликлар ҳақида ҳикоя қилиб беришганди. Кремл Бучадан тарқалган кадрларни «фейк» ва «Киев режимининг тинчлик музокараларини барбод қилишга қаратилган спектакли» деб аташда давом этмоқда.
Украина ҳукуматининг 2022 йил сентябридаги маълумотларига кўра, Бучада ўлдирилган 442 кишининг жасади топилган. Бу воқеаларнинг бир йиллигида Володимир Зеленский шаҳарда оккупация вақтида ҳалок бўлганларнинг жами сони 1,4 минг кишини ташкил этганини маълум қилганди.
Бир йил ўтиб ҳам украин сапёрлари Буча атрофидан танкка қарши миналарни топмоқда. Қуйида уларнинг фаолияти акс этган суратлар.
Фронтдаги аскарлар
Киевда аскарнинг дафн маросими
Мавзуга оид
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12 / 22.11.2024
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
22:23 / 21.11.2024