Сноуден 2.0: Пентагон ҳужжатларини сиздирган Жек Тейшейра ким?
Сўнгги кунларда Пентагон махфий ҳужжатлари очиқ манбаларда тарқалгани дунёдаги йирик нашрларнинг «оромини ўғирлади». Йирик нашрлар бу маълумотларни чуқур таҳлил қилишга киришган бир вақтда уларни тарқатган «янги Сноуден» кимлиги ҳам маълум бўлди.
21 ёшли миллий гвардиячи
13 апрел куни New York Times маълумотларни АҚШ Миллий гвардиясининг 21 ёшли зобити Жек Тейшейра сиздиргани ҳақида хабар эълон қилди. Кўп ўтмай бош прокурор Меррик Гарленд бу иш бўйича чиндан Тейшейра гумондор сифатида қўлга олинганини тасдиқлади. 21 ёшли йигит АҚШ Миллий гвардияси ҳарбий ҳаво кучларининг 102-махсус разведка бўлинмаси зобитидир.
«Бугун куннинг иккинчи ярмида ФҚБ агентлари Жек Тейшейрани ҳеч қандай қаршиликсиз қўлга олишди», деди АҚШ бош прокурори. Унинг сўзларига кўра, Тейшейра ҳарбий йўналишдаги махфий маълумотларга эга чиқиш ва уларни тарқатиш айблови билан қўлга олинган.
Аввалроқ Пентагон расмий вакили Пэт Райдер матбуот анжуманида бу жиноят қасддан содир этилганини айтганди.
Тейшейрани қўлга олиш жараёнида ФҚБнинг кўплаб агентлари қатнашган. Улар Тейшейранинг Массачусетс штатидаги уйига зирҳли автомобилда боришган. Йигит ҳеч қандай қаршиликсиз таслим бўлган.
Гумондор қўлга олингунига қадар Америка нашрларида махфий маълумотлар қандай тарқалгани ҳақида турли тахминлар билдирилаётганди. Хусусан, Washington Post махфий маълумотларни ҳарбий қисмлардан бирининг ходими онлайн ўйиндаги чатда дўстларига тарқатгани ҳақида ёзди. Кейин эса New York Times ўз журналистлари маълумотни тарқатган ҳарбийнинг исми ва лавозимини аниқлаганини эълон қилди.
Washington Post эълон қилган постда номаълум ҳарбий онлайн ўйин ихлосмандлари орасида машҳур Discord платформасидаги кам сонли ҳаммаслаклари билан махфий маълумотларни бўлишгани ёзилганди. WP нашрига кўра, бу кам сонли инсонлар ҳарбийнинг «ўзи каби қуролни севадиган» йигитлар бўлган.
NYT нашри ёзишича, Тейшейра Discord платформасида 20-30 кишидан иборат ўзи каби «қуролларни севадиган», ирқчилик кайфиятидаги мемлар ҳамда видеоўйинларга қизиқадиган йигитлардан иборат гуруҳ тузган. Газета мухбири билан суҳбатда бўлган икки мансабдорнинг айтишича, Тейшейра айнан онлайн чатда давлатга тегишли махфий ҳужжатларни тарқатгани учун ҳибсга олинган.
Бир неча ой аввал бу кичик чат-гуруҳга фойдаланувчилардан бири бир неча юз саҳифадан иборат АҚШ разведкаси маълумотларини жойлаган. NYT Тейшейра томонидан тузилган ва махфий маълумотлар тарқалган «Thug Shaker Central» чат-гуруҳининг тўрт нафар аъзоси билан гаплашган. Уларнинг бири маълумотни тарқатган йигитни уч йилдан буён танишини айтган. Бу йигит маълумотни тарқатган одам билан кўришганини айтиб, уни O.G деб атаган.
Чат-гуруҳдагилар маълумотларни тарқатган одамни ёши каттароқ, оғир босиқ ва асосан ўсмирлар ўтирадиган гуруҳдаги яққол етакчи деб таърифлаган. Гуруҳ аъзоларидан бири бу «етакчи» разведка маълумотларига эгалиги ҳақида билганини айтган. Гуруҳ аъзолари маълумотни тарқатган одам кимлигини унинг исми билан айтиб бермаган бўлса-да, улар айтган рақамли излар айнан Жек Тейшейрага олиб борган. NYT экспертлари бу маълумотни текшириб кўрган.
Discord онлайн ўйинлар платформаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилган.
«Ким жавоб беришини билмаймиз»
Махфий маълумотларни тарқатишда гумонланаётган Жек Тейшейранинг исми ОАВда чиқиб бўлган бир вақтда АҚШ Хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби ҳукумат гумондорнинг исмини билмаслигини айтганди.
«Жуда кўп серияли ҳужжатлар чиқиб кетган. Ҳозирча бунинг учун ким жавобгар экани, нима учун бу иш қилинганини билмаймиз. Аввало чиқиб кетган маълумотлар миллий хавфсизликка қандай салбий таъсир қилишини ҳисоблашга уриняпмиз, суриштирув ишлари давом этмоқда», деганди Кирби.
Америкалик мулозимнинг сўзларига кўра, Вашингтон иттифоқчилари билан фаол ахборот алмашиб, уларда пайдо бўлган саволларга жавоб беришга тайёр.
«Бир йилдан буён тарқатиб келган»
Washington Post билан суҳбатда бўлган чат-гуруҳ вакилининг айтишича, Тейшейра маълумотларни бир йилдан буён, яъни Россия Украинага бостириб кирганидан буён чатдаги дўстлари билан бўлишиб келган. Манбага кўра, уруш бошланганидан буён бу борада фикрларини билдириб келган йигит уруш Россия ва Украина ўртасида кечаётгани, улар ўртасида ажралиб турадиган эмас, умумий нарсалар кўп бўлиши кераклигини аччиқланиб айтган.
Йигит махфий маълумотларни гуруҳда бўлишишдан аввал ундаги барча иштирокчилардан уларни тарқатмасликка сўз беришларини сўраган. Бу маълумотларни эса гўёки дўстлари «пропагандадан холи фактларни ўқишлари учун» юборган. Суҳбатдошга кўра, Тейшейра АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид қилишни эмас, шунчаки дўстлари ҳақиқатни билишларини истаган.
Махфий маълумотларда нима ёзилганди?
Журналистлар сизиб чиққан махфий маълумотларни ўрганишда давом этмоқда. Хусусан, америкалик журналистлар Пентагоннинг махфий маълумотларига таяниб, Россия Федерал хавфсизлик хизмати мамлакат армиясининг йўқотишларини 110 минг нафарга яқин деб ҳисоблаётганини аниқлаган.
Махфий ҳужжатга кўра, Россия ФХХ мамлакат мудофаа вазирлигини маълумотларни яширишда, хусусан, «вагнер»чилар, Рамзан Қодировнинг гуруҳи ҳамда Росгвардия зобитларининг ўлимини статистикага киритмаганликда айблаган.
Тарқалиб кетган махфий маълумотларга кўра, АҚШ Россия армиясининг урушдаги йўқотишларини 223 минг нафар деб баҳоламоқда.
Шунингдек, бу ҳужжатлардан АҚШ БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг ҳаракатларини диққат билан кузатиб бораётганини ҳам англаш мумкин.
Ҳарбий оила фарзанди
Тейшейранинг танишларидан бири уни ватанпарвар деб таърифлаган. Йигит ҳарбийлар оиласида ўсган. Унинг ўгай отаси 34 ёшда ҳарбий хизматдан нафақага чиққан, онаси эса узоқ йил ветеранларга ёрдам кўрсатадиган ташкилотга ишлаган.
Узоқ йилга қамалиши мумкин
ФҚБ томонидан қўлга олинган ва тез орада суд қилинадиган Жек Тейшейра бир неча ўн йилга қамалиши мумкин. Чунки у тарқатган ҳар бир ҳужжат учун 10 йиллик қамоқ жазоси кўзда тутилган. Йигит эса қанча ҳужжатларни тарқатгани аниқ эмас, Reuters Тейшейра 50 дан ортиқ махфий ҳужжатни тарқатганини тахмин қилган, лекин аслида бир неча юзлаб ҳужжатлар айнан Тейшейра орқали очиқ манбаларда пайдо бўлгани эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Кўпчилик Жек Тейшейра қўлга олинганидан кейин 2013 йил Марказий разведка бошқармасининг бутун дунёдаги одамларни оммавий кузатиш дастури ҳақида журналистларга маълумот берган Эдуард Сноуденни эслади. МРБ агенти бўлган Сноуден ҳозирда Россияда ушбу мамлакат фуқаролигини олиб яшаб келмоқда.
Мавзуга оид
13:22 / 13.11.2024
Пентагон ҳужжатларини ошкор этишда айбланган шахс 15 йилга қамалди
07:56 / 13.11.2024
Пентагон Украинага ёрдам учун қолган пул миқдорини эълон қилди
20:42 / 09.11.2024
Оқ уй Трампнинг сайловлардаги ғалабасидан кейин Украинага ҳарбий ёрдам юборишни тезлаштирди
09:00 / 30.10.2024