Фан-техника | 18:45 / 14.04.2023
68515
2 дақиқада ўқилади

Twitter янгиланмоқда: 10 мингта белги ва монетизация

Twitter Blue обуначилари энди стандарт 280 та эмас, балки 10 мингта белгили твит ёзиши мумкин.

Фото: Getty images

Twitter компанияси Twitter Blue обуначилари учун янгиликлар жорий қилди. Энди улар стандарт 280 та эмас, балки 10 мингта белгили твит ёзиши мумкин. Бундан ташқари, матнни курсив ёки йирик ҳарфлар ёрдамида форматлаши ҳам мумкин.

Яна бир муҳим янгиланишни Twitter раҳбари Илон Маск эълон қилди. У ижтимоий тармоқдаги контентни монетизация қилиш тизими такомиллаштирилганини айтди. Йил давомида фойдаланувчилар ишлаб топган барча пулларини стандарт комиссия чегириб ташланган ҳолда олиши мумкин — Android ва iOS учун 30%, веб учун 8%.

Twitter ўз комиссиясини бир йилдан сўнг олишни бошлайди, деб қўшимча қилди Маск.

Ҳозирда контент яратувчилари ойига $2,99, $4,99 ва $9,99 обуналарини таклиф қилиши мумкин. Twitter қоидаларига кўра, ижодкорлар монетизация ҳуқуқига эга бўлиши учун камида 18 ёшда бўлиши, 10 мингта фаол фойдаланувчига эга бўлиши ва охирги 30 кун ичида камида 25 марта твит ёзган бўлиши керак.

Ҳозирча Twitter монетизация дастуридан фақат АҚШ аҳолиси фойдаланиши мумкин. Бироқ Маскнинг айтишича, компания бошқа мамлакатларда ҳам уни жорий қилиш устида ишламоқда.

Мавзуга оид