Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Англияда Лондон дербиси, Францияда чемпионлик интригаси. Ҳафта ўйинлари анонси
Еврокубоклар якунланиб улгурмай, кучли бешликда миллий чемпионатлар ҳам бошлаб юборилди. Келаси ҳафта ҳам ЕЧЛ ўйинлари борлиги боис, етакчи жамоаларнинг учрашувлари шанба оқшомида бўлиб ўтади. Англияда катта дуэл олдидан пешқадамларнинг сиртқи кураши давом этаётган бўлса, Францияда чемпионлик интригаси қайтмоқда.
АСТОН ВИЛЛА – НЬЮКАСЛ (15 апрел, 16:30)
Айтиш мумкинки, агар пешқадамларни қўшмаса, бугунги кунда АПЛнинг энг яхши формадаги икки жамоаси тўқнаш келади. «Астон Вилла» умуман Унаи Эмери келганидан кейинги даврда фақат «Арсенал» ва «Манчестер Сити»дан камроқ очко жамғарган, холос. Жамоа охирги 7 ўйинда 6 ғалаба қайд этди ва фақат 1 ўйин дуранг ўйнади.
«Ньюкасл»да худди шундай – Эдди Ҳау шогирдлари ўйини март ойи бошларида бироз пасайгандек туюлганди, аммо терма жамоалар билан боғлиқ танаффус жамоага ижобий таъсир қилди. «Манчестер Юнайтед» устидан қозонилган сўзсиз ғалабадан сўнг «Ньюкасл» учинчи ўринга қайтган бўлса, кейин сафарда «Вест Ҳэм» ва «Брентфорд» каби анча қийин рақибларга қарши ҳам 100 фоизлик натижа қайд этилди. Чемпионлар Лигаси йўлланмаси сари дадил одимлаётган «Ньюкасл»нинг сўнгги натижалардан кейин еврокубоклар зонасига кириб олган «Астон Вилла» майдонига сафари анча муросасиз кечиши шубҳасиз. Агар йўқотилган очколар бўйича ҳисобласак, «Ньюкасл» тўртликнинг энг яқин таъқибчиси бўлмиш «Тоттенҳэм»дан 6 очко олдинда. Демак, бу ўйиндаги ғалаба йўлланма учун курашда жамоага катта ишонч ва турнир жадвалида устунлик тақдим этади.
Бирмингҳэмликлар ўз майдонидаги охирги уч ўйинда нафақат очко йўқотмаган, балк ўз дарвозасига гол ҳам ўтказиб юбормаган.
Таркибларга эътибор қаратадиган бўлсак, ҳар икки томонда ҳам йўқотишлар йўқ эмас. «Астон Вилла»да Кэш ва Коутиньо ой охиригача шерикларига ёрдам бера олмайди. Шунингдек, Леон Бэйлининг ҳам камида ўша муддатгача таркибдан ташқарида экани ҳам сезиларли йўқотиш. Меҳмонлар сафида эса, Мигел Алмирон ҳануз тўлиқ тикланмади ва майдонга тушиши сўроқ остида турибди. Шунингдек, Аллен Сен-Максимен «Вест Ҳэм»га қарши ўйинда тиззасидан жароҳат олганди ва Брентфорддаги ўйинни ўтказиб юборди. Унинг кичик жароҳати ҳам бугунги ўйинга халақит бериши мумкин.
Ўзаро ўйинларда «Ньюкасл» устунроқ, аммо айнан Бирмингҳемда кечган ўйинларда «Астон Вилла» доим муносиб қаршилик кўрсатган. Хусусан, сўнгги уч ўйин мезбонларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабалари билан якунланган. Умуман, «қарғалар»нинг ушбу стадиондаги охирги ғалабаси қарийб 10 йил олдин содир бўлган. Ўша ўйинда майдонга тушган футболчилардан ҳозирда ҳар икки жамоада ҳеч ким қолмаган.
САУТҲЭМПТОН – КРИСТАЛ ПЭЛАС (15 апрел, 19:00)
Нафақат чемпионлик ёки еврокубоклар учун кураш, балки турнир жадвалининг қуйи қисмида ҳам кураш қизғин кечмоқда ва биратўла 9 жамоа ўзини хавфсиз ҳис қила олмайди. Ҳозирда бу жамоалар ичида энг юқорида «Кристал Пэлас» бормоқда ва бу устунликка ҳам сўнгги ўйинларда, Рой Ҳожсон келганидан сўнг қўлга киритилган икки ғалаба ёрдамида эришилди. Ҳамон лондонликларни хавфли зонадан атиги 6 очко ажратиб турибди, холос. Ҳожсон шогирдлари кейинги 4 учрашувни айнан мана шу тўққизлик ичидаги жамоалар билан, яъни АПЛда қолиш курашидаги рақобатчиларига қарши ўтказади – «Саутҳэмптон», «Эвертон», «Вулверҳэмптон» ва «Вест Ҳэм». Катта эҳтимол билан мана шу тўрт ўйинда «Кристал Пэлас»нинг тақдири узил-кесил ҳал бўлиши мумкин.
«Саутҳэмптон»нинг аҳволи бироз оғир. Биринчидан, очколар бўйича жамоа энг сўнгги поғонани эгаллаб турибди. Шунингдек, жамоа кўрсатаётган охирги натижалар ҳам ҳавас қилгулик эмас – 5 ўйиндан бери ғалаба йўқ, охирги 12 ўйинда атиги икки бор уч очко қўлга киритилди, холос. Бунинг устига тақвим борасида ҳам омад чопмаган. Рубен Селлес шогирдлари ушбу учрашувдан сўнг «Арсенал» майдонига сафар қилади, кейин эса «Ньюкасл» ва «Брайтон» сафарлари ҳам кутиб турибди. Демак саутҳэмптонликлар учун айнан мана шундай ўзаро ўйинларда бор кучни ишга солиш сўнгги чора бўлиб қолмоқда.
Учрашувда мезбонлардан Че Адамс, Ромео Лавия, Валентино Ливременто каби етакчи футболчилар қатнаша олмайди. Муҳаммад Салису ҳам бир неча кунга сафдан чиққан. Ҳожсон эса Вилфрид Заанинг ёрдамидан фойдалана олмайди. Ўттиз ёшли ҳужумчи ой охирларида майдонга қайтиши кутилмоқда. Шунингдек, Одсон Эдуарнинг ҳолати ҳам шубҳа остида қолмоқда.
Бу ўйин жамоаларнинг ушбу мавсумнинг ўзидаги учинчи тўқнашуви бўлади. Биринчи даврада лондонликлар Эдуарнинг голи эвазига минимал ғалабага эришган бўлса, Англия кубоги илк босқичида меҳмонда тўп сурганига қарамай, «Саутҳэмптон» 2:1 ҳисобида устун келганди. Қизиғи, бу ўйинда ҳам «Кристал Пэлас» голини бугун майдонга тушиши сўроқ остида бўлган Эдуар урганди.
АТЛЕТИК – РЕАЛ СОСЬЕДАД (15 апрел, 19:15)

Баскония дербиси. Албатта, қизиқ бўлади. Биринчи даврадаги ўйинда ҳакам ҳаммаси бўлиб 7 сариқ ва битта қизил карточка ишлатганди. Ҳа, Испанияда учрашувнинг муросасизлик даражасини кўп ҳолларда мана шундай карточкалар ҳам белгилаб беради. Ўшанда мезбон сифатида ҳаракат қилган сосьедадликлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонганди.
Дерби бўлишдан ташқари, турнир жадвали нуқтайи назаридан ҳам муҳим учрашув. «Сосьедад» ҳозирда 4-ўринни эгаллаб турибди, аммо сўнгги ўйинларда ҳатто «Бернабеу» бўлса ҳам ғалаба қозонаётган «Вилярреал» ортдан таъқиб қилиб келмоқда. Ўртадаги фарқ эса, атиги 4 очко бўлиб турибди. Билбаоликлар эса, «Бетис», «Райо» каби клублар билан еврокубок ўринлари учун курашмоқда. Валверде шогирдларига ҳам очко сув ва ҳаводек зарур.
«Эспаньол»га қарши учрашувда «Атлетик» ветерани ва етакчиларидан бири Оскар Де Маркос навбатдаги сариқ карточкасини олди ва дисквалификация туфайли, ушбу учрашувда шерикларига ёрдам бера олмайди. Шунингдек, мезбонлар сафида Иньиго Лекуэ ва Морцильонинг майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда. «Сосьедад» сафида эса Содиқ Умар яна камида бир ой ўйнай олмайди.
Ўзаро ўйинлар мавзусига қайтадиган бўлсак, охирги ўн йилликда устунлик «Реал» тарафида, аммо Билбаода кечган охирги дерби мезбонларнинг ишончли ғалабаси билан тугаган – 4:0. Энди «Атлетик» қаторасига 4 ўйиндан буён ўз майдонида ғалаба нима эканини билмаётганини, охирги уч дербида дуранг қайд этилмаётганини ҳам қўшинг – ўйиннинг қай томонга кетишини олдиндан тахмин қилиш жуда мушкул, тўғрими?
ПСЖ – ЛАНС (15 апрел, 23:55)
Гўёки чемпионлик интригаси ва Франция чемпионати биргаликда тилга олинмайдиган тушунчаларга айланиб қолган бўлса-да, «ПСЖ» буни ҳам эплади. Жамоа охирги уч ўйиндан иккитасини ютқазиб қўйди. Бунинг устига ҳар икки ўйин ҳам Парижда, аввал «Ренн» жавобсиз икки гол уриб кетган бўлса, «Лион» ҳам парижликлар билан охирги 9 ўйиндаги илк ғалабасига эришди.
Бундан «Ланс» фойдаланди ва орадаги фарқни 6 очкогача қисқартиришга эришди. Жамоа 7 ўйиндан бери мағлубият нималигини билмаяпти, охирги тўрт ўйинда эса, умумий 10-1 ҳисобида 4 ғалабага эришди. «Ланс» шунингдек, ўз дарвозасидан гол ўтказиш бўйича лигада энг яхши кўрсаткичга эга бўлиб турибди – атиги 22 гол ва бу «ПСЖ» натижасидан 7 тага кўп. «Ланс» Франция чемпионати жорий мавсумида энг кам мағлубиятга учраган – 3 марта. Масалан, Париж жамоасида мағлубиятлар сони бешта. Биринчи даврадаги ўзаро ўйинда «Ланс» ўз майдонида «ПСЖ»ни 3:1 ҳисобида мағлуб этган. Ўша ўйин мундиалдан кейинги учрашувлардан бири бўлиб, на Месси на Неймар майдонга тушганди, лекин умуман бу жамоалар ўртасидаги охирги уч ўйинда «ПСЖ» ғалаба қозона олмай келмоқда. Лигада жамоалар ўртасидаги охирги 9 ўйиндан 5 тасида «ПСЖ» юта олмагани ҳам эътиборли факт. Умуман, Франк Ҳайзе қўл остида «Ланс» юқори лигага қайтгач, «ПСЖ»га қарши 5 ўйин ўтказган бўлса, фақат бир марта Париж жамоаси ғалаба қозонган. «Ланс» ҳисобида ғалабалар сони иккита.
Энди мана шу, ютиш, дарвозасига гол уриш қийин бўлган, бунинг устига «ПСЖ» учун ноқулай бўлган «Ланс» Парижда ғалаба қозонадиган бўлса, орадаги фарқ атиги 3 очкога айланади. Ана интрига.
Бундан ташқари, «ПСЖ» қарийб уч ой, 12 январдан буён, яъни охирги 8 уй учрашувида ўз дарвозасини дахлсиз сақлай олмаётганини ҳам таъкидлаш жоиз. «Бавария» бўладими, «Тулуза»ми, ким бўлишидан қатъи назар Парижда гол уриб қайтишнинг уддасидан чиқиб келмоқда.
Энди таркибларга юзланамиз. «ПСЖ» сафида Неймарн йўқлиги янгилик эмас. Шунингдек, Мукиеле ва Кимпембе ҳам мавсум охиригача сафдан чиқишган. Марко Вератти ва Ренато Санчеш бир вақтда, тахминан шу ой охирида тикланиши кутилмоқда. Яъни бу футболчилар ҳам ушбу ўйинда майдонга туша олишмайди. Меҳмонларда эса Букса, Ле Кардинал, Фортес каби футболчилар тўлиқ тикланиб улгуришгани йўқ. Фаринес эса, ушбу мавсумда бошқа майдонга туша олмайди.
ВЕСТ ҲЭМ – АРСЕНАЛ (16 апрел, 18:00)
«Арсенал» «Энфилд»да мағлубиятдан қутулиб қолди, ҳа, ўн йилдан бери ғалаба қозона олмаётган стадионда бу сафар уч очко олиш мушкул эди, тўғри, аммо агар турнир жадвали нуқтайи назаридан қарасак, ўша дуранг «Арсенал» учун мағлубиятга тенг бўлди. Биринчидан, ҳисобда олдинда бораётганди ва мезбонларнинг ҳисобни тенглаштирувчи голи сўнгги дақиқаларда урилди, иккинчидан, энди, «Манчестер Сити» ҳам ўз тақдирини ўзи ҳал қила оладиган аҳволга келди. Ҳозирда йўқотилган очколар борасида «Арсенал» атиги 3 очко олдинда, тўплар нисбати бўйича манчестерликлар устун, шунингдек, ой охирида жамоалар айнан «Этиҳад»да, яъни «Манчестер Сити» майдонида куч синашади.
Бу шартларда «Арсенал»нинг бошқа ўйинларда очко йўқотишга ҳаққи йўқ. «Арсенал»ни олдинда «Этиҳад» сафаридан ташқари, «Ньюкасл», «Брайтон», «Челси» каби қийин рақиблар ҳам кутиб турганини эътиборга олсак, «Вест Ҳэм»даги ўйин ғалаба қозониш шарт бўлган ўйинларнинг биринчиси. Мезбонлар осонликча ён бермаслиги аниқ. Ўйиннинг дерби мақомидан ташқари, «Вест Ҳэм» лигада жон сақлаш учун курашаётганини ҳам эсдан чиқармаслик керак. «Вест Ҳэм» хавфли зонадан атиги уч очко олдинда тургани ўз йўлига, бундан ташқари, жамоанинг уй учрашувлари «Арсенал»дан сўнг, «Ливерпул» ва «Манчестер Юнайтед» экани, сафарлар эса, «Манчестер Сити»дан ташқари, «Лестер», «Кристал Пэлас» каби тўғридан тўғри рақобатчилар эканини эътиборга олсак, аҳвол оғир. Мойес биргина очко учун «Арсенал»га «ўлигини ташлайди». Бунинг устига «Вест Ҳэм» майдонида ўтган охирги 5 ўзаро учрашувнинг атиги 2 тасида «Арсенал» ғалаба қозона олган, холос. 1-даврада «Эмирайтес»да кечган ўйинда «Вест Ҳэм» биринчи бўлимни 1:0 ҳисобидаги устунлик билан якунлай олганди. Кейинчалик, мезбонлар жавобан уч гол киритишганди.
«Арсенал» сафида ҳимоя чизиғидаги йўқотишлар сақланиб турибди. Айниқса, Уилям Салибанинг йўқлиги «Ливерпул» билан ўйинда сезилди. Ҳолдинг гўёки унинг ўрнини билдирмаётганди, аммо «Энфилд»даги хатолардан сўнг, футболчининг ўзига бўлган ишончи қай даражада бўй кўрсатади, кўрамиз. Шунингдек, Текехиро Томиясу ҳам яна камида бир ой шерикларига ёрдам бера олмайди. Мезбонларда эса, фақат Жанлука Скамакка йўқ. У жорий мавсумда бошқа майдонга тушмайди.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
15 АПРЕЛ.
Болонья – МИЛАН (18:00), БАВАРИЯ – Ҳоффенҳайм (18:30), Штутгарт – БОРУССИЯ Д (18:30), ЧЕЛСИ – Брайтон (19:00), ТОТТЕНҲЭМ – Борнмут (19:00), НАПОЛИ – Верона (21:00), МАНЧЕСТЕР СИТИ – Лестер (21:30), ИНТЕР – Монца (23:45), Кадис – РЕАЛ МАДРИД (23:55)
16 АПРЕЛ
УНИОН БЕРЛИН – Бохум (20:30), Сассуоло – ЮВЕНТУС (21:00), РОМА – Удинезе (23:45)
17 АПРЕЛ
Лидс – ЛИВЕРПУЛ (23:55)
Мавзуга оид
20:15 / 27.05.2025
Францияда криптомиллионерларни ўғирлаш иши бўйича 20 дан ортиқ шахс ҳибсга олинди
14:00 / 27.05.2025
Париж Макроннинг хотинидан тарсаки егани акс этган кадрларга изоҳ берди
21:53 / 26.05.2025
Трамп Путиннинг ёлғон гапираётганини билади – Макрон
16:40 / 26.05.2025