Ўзбекистон | 13:40 / 15.04.2023
5466
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди

15 апрель куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон миллий етакчиси, Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Дастлаб давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовга оғир жудолик - онаси Огулабат эдже Бердимуҳамедова оламдан ўтгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик ва таскин-тасалли сўзларини изҳор этди, унга ва барча яқинларига сабр-тоқат ва бардош тилади.

Суҳбатда икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Олий даражадаги келишувлар ижросининг бориши муҳокама қилинди. Йил бошидан буён ўтган икки томонлама мулоқотлар – Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, сиёсий маслаҳатлашувлар, транспорт ва маданият вазирларининг учрашувлари, дипломатик муносабатлар ўрнатилгани 30 йиллиги муносабати билан ўтказилган бошқа тадбирларнинг самарали натижалари қайд этилди.

Савдо-иқтисодий, энергетика ва сув хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди. Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш бўйича фаол алмашинувларни давом эттиришга келишиб олинди.

Телефон мулоқоти якунида етакчилар бир-бирини ва қардош мамлакатлар халқларини яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити билан дилдан қутлади.

Мавзуга оид