Жамият | 16:49 / 17.04.2023
18042
2 дақиқада ўқилади

“Коррупция – фаровон ҳаёт пойдевори” номли танлов фейк экани айтилди

Ижтимоий тармоқларда Наманган давлат университетида ўтказилган иншолар танлови “Коррупция – фаровон ҳаётимиз пойдевори” деб аталгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ғолибларга берилгани айтилган дипломда танлов номи шундай деб ёзилганини кўриш мумкин. Дипломда имловий хатоликлар ҳам кўзга ташланади.

Фото: НамДУ

Суратни биринчи бўлиб тарқатган каналлардан бирининг админи Kun.uz билан суҳбатда сурат бир танишидан келгани, аммо уни текширмаганини айтди.

Наманган давлат университети сурат фейк эканини билдирди.

“Наманган давлат университетида 2022 йилнинг 16 ноябр куни "Конституция – фаровон ҳаётимиз пойдевори" ҳамда "Коррупция – тараққиёт кушандаси" мавзусида энг яхши иншолар танлови ўтказилган. Танлов ғолиблари муносиб равишда пул мукофотлари билан тақдирланган, аммо ҳеч бир иштирокчи учун диплом ёки сертификат тайёрлаб берилмаган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган "Диплом" университет бошланғич ташкилоти томонидан ўтказилган "Ўтмишга назар" шиори остидаги Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" асари юзасидан ўтказилган савол-жавоблар беллашувидаги фаол иштирокчилар учун берилган. Аммо ушбу намуна Коррупция ёки Конституция билан боғлиқ танловлар учун берилмаган”, – дейилади расмий изоҳда.

НамДУ баёнотида қалбаки ҳужжатлар тайёрлаганлик учун жиноий жавобгарлик борлиги эслатилган.

Фото: НамДУ

Университет тармоқларда тарқалган диплом фейк эканини урғуларкан, "Ўтмишга назар” шиори остидаги Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асари юзасидан ўтказилган савол-жавоблар беллашувида берилган сертификатнинг суратини эълон қилди.

Мавзуга оид