Жамият | 21:59 / 17.04.2023
98632
8 дақиқада ўқилади

Қайтмасдаги сирли қотиллик. Ваҳшийларча одам ўлдирган шахс жазодан қандай қутулиб қолганди?

2009 йил 12 август эрта тонг. Ички ишлар бўлимининг навбатчилик қисмига қўнғироқ қилган аёл қизини ўз уйларида шафқатсизларча ўлдириб кетишганини хабар қилди. Воқеа жойи (Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги Қайтмас қишлоғи)га етиб келган тезкор ходимлар танасининг 27 жойига ваҳшийларча пичоқ урилган 20 ёшлардаги қизни кўришади.

Марҳуманинг онаси ҳамда 15 ёшли укаси йиғи ва қўрқувдан қалтираб ўтирарди. Ҳовли дарвозаси ва унинг қаршисидаги футбол стадиони девори устидан топилган қон излари қотил шу томонга қочганини кўрсатарди.

Номаълум “маняк”

Ўрта Чирчиқ туманида содир этилган мазкур жиноят эшитган ҳаммани ёқа ушлашга мажбур этганди ўшанда. Сабаби, 20 ёшли қиз ваҳшийларча ўлдирилган.

Туман прокуратураси терговчиси ва тезкор ходимлар зудлик билан воқеа жойига етиб боришади. Қотиллик аломатлари яққол кўриниб турибди: уй кийимидаги қиз танасининг 27 жойига пичоқ урилган ҳолда хона эшиги олдида қонга беланиб ётарди. 

Марҳуманинг фақат 15 ёшлардаги укаси бор эди. Она икки фарзандини отасиз катта қилган, бировдан кам қилмай ўстирганди. Оиланинг иқтисодий имкониятлари ҳам ёмон эмасди, ўзига тўқ яшашарди. Шу сабабли терговчилар аввало хонадонга ўғри тушган ва бунга гувоҳ бўлиб қолган қизни ўлдирган, деган тахминга келади.

Бунинг устига она ҳам йиғлаган кўйи “Биламан, буни уйга тушган ўғри қилган, бошқача бўлиши мумкин эмас. Қизимнинг душмани йўқ эди, бировга ёмонлиги тегмаган унинг”, дея бақириб-чақирарди.

Шу тариқа ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, қотилни излаш бошланади.

Девор устидаги қон изи

Терговчилар олдида жуда чигал масала турарди: қотил ким? У хонадонга қандай кирган? Қандай қилиб бунчалик “тоза” ишлаган?

Мактаб стадионининг девори устидан топилган қон излари қотил шу тарафга қочиб яширинганини кўрсатарди. Албатта, бундай ваҳшийликка борган одам жиноятидан сўнг қўлини ювиб, қон изини йўқотиб ўтирмаслиги аниқ.

Тумандаги жиноят содир қилиб, жазо муддатини ўтаб чиққан ҳамда жиноят содир қилишга мойил бўлганлар шахслар кузатувга олинади. Шубҳали кўринганлари бирин-кетин терговга жалб этилади. Аммо ҳа деганда қотил топилавермайди. Жиноятчини қарийб 40 кун излашади...

Марҳуманинг ошиғи

Тергов-суриштирув ишлари давом этар экан, ходимлар марҳуманинг ошиқ йигити бўлганини аниқлашади. Қиз у билан очиқчасига ўз уйида учрашар, уларнинг ишқий муносабатларидан қизнинг онаси ва укаси ҳам хабардор эди. Йигити билан кунора “ошиқ ўйинини ўйнаётган” опани укаси бир неча бор кўриб қолган ҳамда бу ишини уйда қилмаслигини уқтирганди.

ИИБ ходимлари йигитни ушлаб, тергов ҳибсхонасига жойлаштиришади. Аввалига у жиноятни бўйнига олмайди. Аммо тергов жараёнидаги қийноқлардан сўнг у мазкур жиноятни бўйнига олади. “Ҳа, мен қилдим, ўзимни тутолмай қолдим, жаҳлимни чиқарди, шу учун уни ўлдирдим”, дейди у терговчига қарата.

Бир қарашда қотил топилган, иш очилганди. Аммо ундай бўлмайди: прокуратура терговчиси йигитга бир-нечта савол бериб, қизни у ўлдирмаган деган хулосага келади ва қўйиб юборади. Чунки “қотил”нинг кўрсатмаси воқелик ва ишда тўпланган далилларга мос келмаётганди. 

Қотил “ови” давом эттирилади ва орадан кўп ўтмай, ИИБ яна ошиқ йигитни олиб келади. У бу сафар далилларга мос равишда “сайраб беради”. Лекин прокуратура терговчиси гарчи йигит бўйнига олиб ўтирган бўлса-да, яна уни қўйиб юборади. 

Калаванинг учи

Иш кўлами кенгайиб борар, аммо натижадан дарак йўқ эди. Туманда яшовчи “рўйхатдагилар”нинг аксарияти терговга жалб қилинди, бироқ бундан иш чиқмади. 

Шундай кунларнинг бирида, терговда сўроқ қилинаётган марҳуманинг онаси қизи ўлиб кетганини, ҳалиям ўғли борлигини, бўлмаса ёлғиз қолиб кетиши мумкинлигини бот-бот такрорлайди. Унинг бу гаплари терговчида шубҳа уйғотади.

Она ўйлаб топган “сценарий”

Опасининг қилиқлари – уйда йигити билан очиқчасига “ётиб-туриши” уканинг ғурурига текканди. У бир неча бор опасига бундай қилмасликни айтиб, жанжал кўтарди. Бироқ опа йўлидан қайтмади. Афсуски, унинг навбатдаги “учрашуви” ўлим билан якун топди.

Кўчадан қайтган ука яна уйдаги “ошкора ошиқлик саҳнаси”га гувоҳ бўлиб қолади. Эндигина 15 ёшда, ўтиш даврида бўлган боланинг муштлари тугилади. Қўлига пичоқ олиб, қўшни хонада кутиб ўтиради. Кейин ошиғини кузатиб қайтаётган опасини ёнига чақиради ҳамда у эшикдан кириши билан кўксига пичоқ санчади. Опасига кетма-кет пичоқ ураётган ука жазавага тушган ва ўзини буткул унутганди. Аллақачон жон таслим қилиб бўлган опанинг танаси эса зарбалар кўплигидан илма-тешик бўлиб кетади. Шу тариқа, ука опанинг қотилига айланади.

Уйга келган она мудҳиш қотиллик устидан чиқади: қизи қонга беланиб ётар, олдида ўғли кўзларида қўрқув қотиб қолганича бепарво ўтирарди.

Аввалига бақириб юборган она бир лаҳзада ўзини қўлга олади. Сабаби қизи-ку ўлди, ўғлига ҳам узоқ муддатли қамоқ жазоси хавф солаётганди. Агар ўғли қилган жинояти учун озодликдан маҳрум қилинса, у ёлғиз қолади. Буни тасаввур қилишнинг ўзиёқ она юрагидаги қўрқувни каррасига оширарди. Бироз саросимадан сўнг “Бўлар иш бўлди, ҳеч бўлмаса ўғлимни қамоқдан асраб қолишим керак”, деган тўхтамга келади у.

Шу тариқа жиноят излари яширилади, ҳамма жой қайта ва қайта кўздан кечирилади. Узоқни ўйлаган она терговни чалғитиш учун хонадон дарвозаси ва унинг рўпарасидаги девор устида атай қон изини қолдиради. Бу қотил шу томонга қочган, деган тасаввурни уйғотиш учун эди. Она бу иши билан маълум муддат ўз ниятига етади ҳам. Сабаби терговчилар бу ҳийлага алданган ва кўзлари олдида юрган қотилни 40 кун бошқа жойдан излашганди.

Иш судга ҳам бормайди – қотил жазодан қутулиб қолади

Тергов Жиноят кодекси 97-моддаси иккинчи қисмининг ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдиришда ифодаланадиган банди бўйича олиб борилаётганди. Бу модда бўйича айбланадиган шахс 25 йилгача қамалиши ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиниши мумкин эди. Гарчи қотилликни ким содир этгани маълум бўлган бўлса-да, терговчи укани қамоққа олишга шошилмасди.

Адвокатнинг илтимосномасига кўра боланинг қотиллик юз берган лаҳзадаги руҳий ҳолати психотрик экспертизадан ўтказилади. Экспертиза эса у ўша вақтда ўз ҳаракатини кучли руҳий ҳаяжонланиш (аффект) ҳолатида содир этган, деган хулоса берди.

Шу сабабли терговчи ишни қайта малакалайди ҳамда айблов Жиноят кодекси 97-моддаси иккинчи қисмидан 98-моддасига ўзгартирилади. Яъни ука кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан одам ўлдирган, деб топилади.

Унча оғир бўлмаган жиноят сифатида таснифланувчи ушбу модда амнистияга ҳам тушарди. Жиноят содир этилганидан кўп ўтмай амнистия акти эълон қилинганди. Шу сабабли терговчи қотилга нисбатан амнистия актини қўллаб, жиноят ишини айблилик масаласини ҳал қилмай туриб тугатиш тўғрисида қарор қабул қилди (2009 йилда кучда бўлган қонунчиликка кўра, терговчилар амнистия актини қўллаш ваколатига эга бўлган).

Шу тариқа ўз опасини 27 маротаба пичоқ санчиб ўлдирган ука жазодан қутулиб қолади.

Реал воқеалар асосида Руслан Сабуров тайёрлади.

Мавзуга оид