“Рақамларда сифатли” — М-39 йўлининг Тошкентдан Сирдарёгача бўлган қисмидан репортаж
Маҳаллий ички йўллар давлат дастурлари, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида босқичма-босқич яхшиланиб боряпти, аммо давлатларни бир-бирига боғловчи халқаро йўлларимиз ҳақида шундай дея оламизми? Kun.uz мухбири халқаро тоифадаги М-39 йўлининг Тошкент вилоятидан ўтувчи тахминан 100 км (бориш-қайтиш) қисмида юриб, Ўзбекистон автомобиль йўллари қурувчиларининг фаолиятига ойна тутди.
Аслида бу кўпчилигимиз юрган, юраётган ва юрадиган йўллар. Бу йўлларнинг сифатини стакан тўла сувнинг тўкилмаслиги билан баҳолаш тугул, ақалли идишдан сувни эплаб ича олмайсиз. Эътирозлар бўлса, бемалол тажриба қилиб кўришингиз мумкин. Ичаётган сувингиз ё томоғингизга тиқилади, ёки ярми эгнингизга тўкилади.
Биз ҳаракатланиб бораётган бу йўл Марказий Осиёнинг Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон давлатларидан ўтувчи ҳамда халқаро дея тоифаланувчи М-39 трассаси. Яъни республиканинг шимолий ҳудудларини жануб билан туташтирувчи магистрал йўл. Ўзимизникилар ҳам, Осиёнинг жанубий минтақаларига мамлакатимиз орқали ўтиб-қайтувчи хорижликлар ҳам шу йўлдан юради. Ўзбекистон йўллар сифати бўйича дунё рейтингига киритилмаганини ўтган лавҳаларимизда ҳам маълум қилгандик.
Йўлнинг тоифаси, мақоми ва аҳволи бир-бирига қанчалик мутаносиб? Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг расмий сайтида автомобиль йўлларининг ҳолатини кўрсатувчи очиқ электрон харита ишлаб турибди. Статистик рақамларда М-39 халқаро трассасининг Тошкент вилоятидан ўтувчи 65 км қисмидан 54,2 кми, яъни 83 фоизи қониқарли, 5,9 км қисми таъмирталаб, 5 кми эса таъмирланаётгани ёзилган.
Харита онлайнлигини ҳисобга олсак, биз йўлда таъмирлаш ишлари олиб борилаётганининг гувоҳи бўлмадик. “Қониқарли” даражаси ҳам йўлнинг қайси сифатига қараб берилиши қизиқ. Чунки Сирдарё томон юрарканмиз, рисоладагидек йўл деярли йўқ. Улар ямалган, нотекис, чуқурчали, ҳатто трасса бордюрлари ҳам ҳар 5–10 кмда турлича ўрнатиб ташланган. Йўлларимиз аниқ бир концепция доирасида қурилмагандек, ҳар жойда ҳар хил стандарт.
Сирдарё вилоятига етиб келдик. М-39 йўлининг 56-кми. Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг расмий сайтига яна юзлансак, халқаро йўлнинг бу вилоятдан ўтган 44 кмидан 43 км қисми қониқарли дея баҳоланган. Бу статистикага ишониб, вилоятдаги М-39 халқаро йўлининг 97 фоизи яхши экан, дея ортга қайтдик.
Йўлда келаётиб сиз ҳам ҳайдовчиларни сергак торттирувчи суратдагидек йўл чизиқларига кўзингиз тушган. Бу чизиқларнинг вазифаси – текис йўлларда ҳаракатланиб, мудраб келаётган ҳайдовчиларни сергак торттириш.
Парадокс ҳолат: ўзи бу йўллардаги мудом ўнқир-чўнқирлар сергаклантирувчи чизиқлардан кучлироқ бўлса, ўзи чизиқларга эҳтиёж борми? Унинг самараси ҳеч ҳисоблаб чиқилганми? Чуқурчалардан чарчаб келаётган ҳайдовчи энди тин олай деганда, бу чизиқлар ҳам йўлидан чиқиб турса энди...
Суратга эътибор беринг. Машина шифтидаги бу нуқта айнан шу йўлларда ҳаракатланиб келаётган йўловчилардан бирининг машина ичида сакраб, боши билан урилганидан пайдо бўлган. Бош кийим тугмачаси машина шифтида шундай чуқурча ҳосил қилган бўлса, бошда қандай из қолдирганини тасаввур қилаверинг.
Бу йўлларимизнинг аҳволига ойна тутувчи энг позитив бир мисол эди. Биз халқаро магистралларимизнинг Қашқадарё, Самарқанд ёки Хоразм вилоятларидан ўтган қисми эмас, шундоққина пойтахтдан бошланиб, 60-70 км масофа узоқлигидаги аҳволини эътиборингизга ҳавола қилдик. Республика миқёсидаги йўллар бўйича барчамиз аниқ тасаввурларга эгамиз. Бизга Автомобиль йўллари қўмитаси сайтида ёзилган рақамлардаги сифатли йўллар эмас, ўзимиз юрадиган, юрганда рози бўладиган йўллар керак.
Сардорбек Усмоний
Мавзуга оид
12:37 / 05.11.2024
Сирдарёда буви ва невара қарийб 7 кг тилла тақинчоқни чегарадан яширинча олиб киришга уринди
13:10 / 06.10.2024
Антикоррупция агентлиги: Сирдарё вилоятида 5 нафар ҳоким коррупциявий жиноят содир этган
13:20 / 29.09.2024
Сирдарёда Гулистон Сув иншоотлари бошқармаси ер кадастри бўлим бошлиғи ушланди
19:22 / 21.09.2024