Жаҳон | 15:24 / 17.04.2023
4582
3 дақиқада ўқилади

Судандаги жангларда 100 дан ортиқ тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди

Судан армияси ва исёнчилар ўртасидаги жангларда 1000 га яқин одам яраланган. Қурбонларнинг ҳақиқий сони кўпроқ бўлиши мумкин.

Фото: AFP

Суданда армия ва исёнчилар ўртасидаги тўқнашувлар оғир артиллерия, танклар ва ҳаво ҳужумлари билан кечиши оқибатида қурбонлар сони ортиб бормоқда. Жанглар чоғида 97 киши ҳалок бўлди, яна 942 киши яраланди, деб хабар берди 17 апрель, душанба куни маҳаллий шифокорлар уюшмаси. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, қурбонлар сони камида 83 кишини ташкил этган, 1000 дан ортиқ киши жароҳат олган. Пойтахт Хартумнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудларида қурбонларнинг ҳақиқий сони бундан ҳам кўп, деган хавотирлар бор.

Судан армияси ва Тезкор ҳаракат кучлари (RSF) ўртасида жанглар давом этяпти. Жанглар Хартумда ва ҳукумат иншоотлари, жумладан, президент саройи ва қуролли кучлар бош қароргоҳида юз беряпти. Тўқнашувлар яна бир қатор бошқа шаҳарларда, жумладан Жанубий Дарфур провинцияси маркази бўлган, аҳоли зич жойлашган Няла шаҳрида ҳам содир бўлмоқда.

Сўнгги кунларда Суданнинг амалда президенти бўлган Абдул Фаттоҳ ал-Бурҳон ва унинг ўринбосари, RSF’ни бошқараётган Муҳаммад Ҳамдан Дагало ўртасидаги зиддият кескин авж олди. Исёнчилар мамлакатнинг камида учта аэропортини, шунингдек, бир қатор ҳарбий объектлар ва президент саройини эгаллаб олганини маълум қилди. Судан армияси бу маълумотни рад этди. Мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари RSF базаларига ҳаво ҳужумларини давом эттириб, тинч аҳолини уйда қолишга чақирди. 

Бир неча ўн йил давомида мамлакатни бошқарган Умар ал-Башир 2019 йилда чуқур иқтисодий инқирозга учраган Судандаги оммавий норозилик намойишлари фонида ҳокимиятдан ағдарилган эди. Мунтазам армия ва RSF ўшанда халқ қўзғолонларини биргаликда қўллаб-қувватлади. 

Ал-Башир ағдарилганидан сўнг ҳарбийлар ва фуқаролик гуруҳлари ўтиш даври ҳукуматини тузишга келишиб олдилар, бироқ 2021 йил октябр ойида Суданда давлат тўнтариши кузатилди, натижада мамлакатдаги ҳокимият бутунлай генерал ал-Бурҳон қўлига ўтди. RSF раҳбари Муҳаммад Ҳамдан Дагало яқинда Суданни демократияга олиб боришга ваъда берган ҳаракатга раҳбарлик қила бошлади. 

Мавзуга оид