Спорт | 16:30 / 18.04.2023
57358
6 дақиқада ўқилади

«Бунёдкор» ва «Насаф» ўйинидан кейин икки жамоа футболчилари ўртасида оммавий муштлашув рўй берди

«Бунёдкор» сардори Даврон Эргашев қўлга киритилган 1 очкони провокацион нишонлаши «Насаф» футболчиларининг ғазабига сабаб бўлгани, бу эса икки жамоа вакилларининг муштлашувига олиб келгани айтилмоқда.

Ўзбекистон Суперлигасининг 6-турида Тошкентнинг «Бунёдкор» ва Қаршининг «Насаф» жамоалари ўртасидаги баҳс 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунланди. Баҳс давомида меҳмонлар бир кишига кам бўлиб қолган (учрашувнинг 71-дақиқасида «Насаф» футболчиси Умарбек Эшмуродов майдондан четлаштирилган) эса-да, сўнгги дақиқаларгача устунлик қилишгани айтилмоқда. Шунингдек, қашқадарёликлар сафида Абубакр Ризо Турдиалиев ҳам 42-дақиқада қизил карточка олган, бироқ у бу пайтда майдонда эмас, балки захира ўриндиғида ўтирганди.

Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларнинг сўнггисида ўтказиб юборилган гол мезбонларга қимматли бир очко келтирган бўлса, меҳмонларни уч очкодан маҳрум қилган. Учрашувдаги голлар Ғолиб Ғайбуллаев (40-дақиқа, «Насаф») ҳамда Алексей Носко (90+6-дақиқа, «Бунёдкор») ҳисобига ёзилган.

Ўйин якунлангач, икки жамоа вакиллари ўртасида юзага келган можаро оммавий муштлашувга айланиб кетган.

«Насаф» футболчилари ва мураббийлар штаби учрашув бош ҳаками Раҳимбек Каримовнинг қарорларидан норози бўлишганини яширишмаган. Воқеалар марказида бўлган спорт журналисти Николай Егоричевга кўра, ўйиндан сўнг захира ўриндиғида ўтирган вақтда қизил карточка билан “сийланган” Абубакр Ризо Турдиалиев ҳам трибуна остидаги хонада ҳакамни кутиб олиб, унга эътирозларини билдирган.

Даврон Эргашев Фото: Tribuna.uz

«Бунёдкор» сардори Даврон Эргашевнинг ҳаракатлари провокацион чиқди – у клуб гербини ўпди ва турли ҳаракатлари билан «Насаф» футболчилари ҳамда мураббийлар штабини ғазаблантирди. Ушбу видеода оммавий можаронинг бошланиши акс этган. Афтидан, Эргашев рақибига нимадир деган”, деб ёзади журналист.

Журналист Шаҳбоз Беғамов "Бунёдкор" сардорининг қилиғи ўзига ҳам ёқмагани, аммо бунда аниқ бир ҳақоратомуз ҳаракатни кўрмаганини таъкидлайди. Унинг фикрича, майдон ташқарисида унга бу қилиғи учун жавоб бериш ёки тушунтириш сўраш профессионаллик тарафидан ҳам нотўғри.

“Ўйин ҳақида айтишим мумкин бўлган нарса шуки, «Насаф» кучли ўйнади. Сухроб Султонов бўлмаганида катта эҳтимол ишончли ғалаба билан кетарди. Лекин «Насаф» ўйиндаги ушбу устунлигини ҳисобда акс эттира олмади ва натижада дуранг.

Ҳакамлик бўйича ортиқча саволларга ҳожат йўқ менда. Пенальти берилган вазиятда «Насаф» фойда кўрди, зарар эмас. Қизил карточка эса оппоқ қордек топ-тоза. Ҳакам ўйин натижасига таъсир қиладиган қўпол хато қилгани йўқ.

Даврон Эргашевнинг қувончи провокацион чиққани бор гап. Лекин бу унинг қарори, у голни ёки қўлга киритилган 1 очкони шундай нишонлади. Нишонлаш вақтида аниқ бир ҳақоратомуз ҳаракатни кўрмадим. Агарда бирор видеода аниқ бир камситиш ёки ҳақоратомуз ҳаракат бўлган бўлса, унда тартиб-интизом қўмитаси тегишли жазоларни беради. Муаммо йўқ. Бу футбол ва унда бу каби эмоциялар нормал, ҳаттоки керакли ҳолат. Шу учун футболни яхши кўрамиз.

Лекин вазият оммавий муштлашув, жанжалларгача боргани ва бунга Эргашевнинг гол қувончидаги ҳолатини сабаб қилиб келтириш нотўғри. Муаммо бошқа тарафда.

«Бунёдкор» тартибли, ҳеч ким билан ортиқча конфликтга бормайдиган ёқимтой жамоа. Унинг айби охирги дақиқаларда ўз уйида яна рақибга гол уриб, хурсандчилик қилганими? Истаганича қувониши мумкин ва буни қоидадан четга чиқмаган ҳолда нишонлашга ҳақли.

Ютсак биз зўр, ютолмасак ҳакамдан айб излаш ёки чидолмай рақибни хурсандчилигини муҳокама қилиш нотўғри”, деб ёзади у.

Интернетда тарқалган видеоларда ҳакамнинг финал ҳуштаги янграгач, майдонни тарк этиш асносида футболчилар бир-бирини туртиб, муносабатларга ойдинлик киритишга уринишгани акс этган. Можарога захира ўриндиғидагилар ҳам қўшилган. Зиддият қаршиликлар устози Рўзиқул Бердиев ва мезбонлар сардори Даврон Эргашев ўртасидаги айтишувдан сўнг кучайиб кетгани айтилмоқда.

Кийиниш хонасига кириш олдидан футболчилар ўртасида оммавий муштлашув содир бўлган. Ҳодиса гувоҳларига кўра, келишмовчиликда камида 40-50 киши иштирок этган. Воқеа акс этган видеоларнинг бирида «Бунёдкор» футболчиси Аваз Ўлмасалиевнинг юзида қон кўринган.

Ҳуқуқ-тартибот ходимлари футболчиларни тинчлантиришга, жамоат хавфсизлигини сақлашга уринишган, бироқ ғазаб отига минган ҳар икки жамоа вакилларини қуюшқонга солиш осон кечмаган. Журналист Николай Егоричев ҳамкасблари берган маълумотга таяниб, ўйинчилардан бири ҳуқуқ-тартибот ходимини уриб юборгани, бу эса можарога қўшимча бўлгани ҳақида ёзган.

«Насаф» клуби бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида ўйиндан кейин ҳамма тинчгина тарқалаётган пайтда Даврон Эргашев хунук қилиқлар қилганини айтаркан, исталган одам бунга жавоб қайтарган бўларди, дея таъкидлайди.

“Кап-катта одамсан, нега бундай жестларни кўрсатяпсан? Чиройли эмас бу ҳаракатинг”, деб айтдим унга. Ўйинни ютқазганинг йўқ, уйингда дуранг ўйнадинг, дедим. У биринчи марта бундай қилиқ қилаётгани йўқ. Буни биласизлар”, дея журналистларнинг саволларига жавоб берган Бердиев.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳам муносабат билдирган.

“Coca-Cola Суперлиганинг 6-туридан ўрин олган «Бунёдкор» — «Насаф» (1:1) учрашуви тугагач икки жамоа вакиллари ўртасида юзага келган вазият Тартиб-интизом қўмитаси томонидан кўриб чиқилади.

Ҳозирда ЎФА ва ЎзПФЛ мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан мавжуд видеоматериаллар ҳамда учрашув расмийлари ҳисоботи ўрганиб чиқилмоқда.

Барча маълумот ва материаллар Тартиб-интизом қўмитасига тақдим этилади. Айбдорлар аниқланиб, уларга нисбатан ўрнатилган тартибда чора кўрилади”, дейилади ЎФА баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йили Ўзбекистон Кубогининг 1/4 финали доирасида «Сўғдиёна» ва «Насаф» жамоалари ўртасидаги ўйинда ҳам оммавий муштлашув содир бўлганди

 

Мавзуга оид