Германия атом билан хайрлашмоқда. Мамлакатда охирги учта АЭС ёпилди
15 апрел куни Германиядаги учта атом электр станцияси (АЭС) фаолиятини тўхтатди. Мамлакатдаги барча атом электр станциялари 2022 йилга қадар ёпилиши тўғрисидаги қарор анча аввал, Япониянинг зилзила ва цунами оқибатида жиддий зарар кўрган Фукусима атом электр станциясидаги авариядан кўп ўтмай қабул қилинган эди.
Экологик фаоллар ва ҳукмрон коалициядаги «Яшиллар» партияси атом станциялари хавфи ва радиоактив чиқиндиларни сақлаш билан боғлиқ муаммоларни айтиб, станцияларни ёпишни талаб қилаётганди.
Бироқ, кўплаб немислар буни хато деб ҳисоблашади, чунки атом станциялари кўмир, ёқилғи мойи ва ҳатто газда ишлайдиган станцияларга қараганда экологик тозароқ (ва арзонроқ).
Атом электр станцияларини ёпиш ғояси кучли анти-ядро лоббисига эга бўлган Германияда қўллаб-қувватланди. Бироқ, атом энергиясидан якуний воз кечиш муддати 2022 йил охиридан 2023 йил апрелига кўчирилганди, бу Украинага ҳарбий босқиндан кейин Россиядан газ етказиб бериш кескин қисқариши ва Кремлга қарши киритилган санкциялар билан боғлиқ эди.
Натижада, Берлин электрсиз қолиб кетмаслик учун нафақат атом электр станцияларининг ишлаш муддатини узайтириши, балки бир қанча кўмир электр станцияларини қайта ишга тушириши талаб этилди.
Денгиздан бир томчи
Биринчи бўлиб Бавариядаги «Изар-2» АЭС комплекси, кейин эса Эмсланд ва Неккарвестҳаймдаги станциялар ёпилди.
Ваҳоланки, ўтган йили ушбу учта атом электр станцияси мамлакатда ишлаб чиқарилган барча электр энергиясининг атиги 6 фоизини ташкил қилган. Таққослаш учун, 1997 йилда атом электр станциялари Германиянинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг 30,8 фоизини таъминлаган.
Мамлакат расмийлари таъкидлашича, энергетика билан боғлиқ вазият тўлиқ назорат остида, атом электр станциялари вақт ўтиши билан демонтаж қилинади ва қайта ишлаш имкониятини сақлаб қолиш учун консервация қилинмайди. Уларнинг эслатишича, Германия газ омборлари максимал даражада тўлдирилган ва суюлтирилган газни қабул қилиш учун барча зарур инфратузилма яратилган бўлиб, у Россия газ таъминоти ўрнини босади.
Бундан ташқари, вице-канцлер, иқтисодиёт ва иқлим вазири ва «Яшиллар» партиясининг вақтинчалик раиси Роберт Ҳабекнинг сўзларига кўра, Германия 2030 йилга бориб электр энергиясининг 80 фоизини қайта тикланадиган манбалардан ишлаб чиқариши керак.
Тўғри, бунинг учун бир неча йил давомида кунига 4-5 та шамол турбинаси қуриш керак бўлади ва ўтган йил давомида уларнинг бор-йўғи 551 таси қурилган.
Франция рози эмас
Бироқ, Европанинг баъзи давлатлари бутунлай бошқача йўлдан бормоқда.
Ўтган йил бошида Франция президенти Эммануэл Макрон 6 дан 14 тагача янги реактор қуришга ваъда берди, улардан биринчиси 2035 йилгача ишга туширилиши керак. Шунингдек, ҳозирги станцияларнинг максимал ишлаш муддатини 40 йилдан 50 тагача узайтириш режалаштирилмоқда.
Ядровий энергетика – урушдан кейинги Франция иқтисодиётининг асоси бўлиб, Европада Германиядан кейин иккинчи ўринда туради. Атом электр станциялари Франциянинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг 70 фоизини қоплайди. Бу мамлакатни, асосан, Италия ва Буюк Британияга энергиянинг энг йирик экспортчисига айлантирди.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи табиий газ ва ядро ёқилғисини тоза энергия манбалари сифатида таснифлади. Натижада, Европа Иттифоқи мамлакатларига заҳарли чиқиндиларни атроф муҳитга зарар етказмасдан утилизация қилишни таъминласа, мавжуд атом электр станцияларини ишлатишга рухсат берилди.
Европа Комиссиясининг 2021 йил учун маълумотларига кўра, Европа Иттифоқида электр энергиясининг 25 фоизи атом электр станцияларида ишлаб чиқарилади, улардан 52 фоизи Францияда, 9 фоизи Германияда, 8 фоизи Испанияда, 7 фоизи Швецияда ва яна 7 фоизи Белгияда.
Мавзуга оид
11:10 / 22.11.2024
Меркел мемуарида РФга нисбатан сиёсатини ҳимоя қилиб чиқди
13:43 / 21.11.2024
Германия Украинага навбатдаги ҳарбий ёрдам партиясини юборди
21:36 / 20.11.2024
Ford компанияси Германияда салкам 3 мингта иш ўрнини қисқартиради
19:34 / 20.11.2024