Ўзбекистон | 14:40 / 19.04.2023
16066
22 дақиқада ўқилади

“Давлат газни экспорт нархида бизга сотса ҳам майли” —иссиқхоначиликдаги муаммолар ҳақида

Қишлоқ хўжалигининг келажаги – иссиқхоналар. Иссиқхоналарда сув кўп миқдорда тежалади, ўсимлик ўсиши назорат остида туради, турли ўзгарувчан факторлардан ҳимояда бўлади. Аммо Ўзбекистонда соҳа таназзулга учраяпти.

Kun.uz қишлоқ хўжалиги тармоқларида мавжуд муаммоларни ёритишда давом этади. Навбатдаги суҳбатимиз – газдан тўлиқ узилиши кутилаётган иссиқхоналар ҳақида. Суҳбатдошларимиз – Мева-сабзавотчилар миллий ассоциацияси раҳбари Абдураҳим Абдувалиев ва “Дормон Ниҳол Агро” корхонаси ҳаммуассиси Аҳроржон Асқаров.

Шокир Шарипов, журналист: Кўпчилигимизни қийнаётган ва қизиқтираётган савол: Помидор, бодринг, булғор қалампири нега қиммат бўлиб кетди?

Абдураҳим Абдувалиев, Мева-сабзавотчилар миллий ассоциацияси раҳбари: Биринчи сабаб бу – жуда кўп иссиқхоналар совуқдан чиқа олмади, катта йўқотишлар бўлди. Шунинг ҳисобига нархлар кўтарилди. Бошқа сабаблар ҳам бор, мисол учун иссиқхоналарни қуриш жараёнида кўплаб техник ҳисоб-китоблар нотўғри бўлган. Лекин энг катта сабаблардан бири – ёқилғи масаласи катта муаммо бўлди, иссиқхоналарда газ босими тушиб кетиши ҳисобига. Замонавий қозонлар бир хил босимда ишлайди.

Шокир Шарипов: Келинг, масалани иккига бўламиз: биз таъсир қилолмайдиган ва таъсир қилиниши мумкин бўлган жиҳатларга. Аномал совуққа биз таъсир қилолмаймиз.

Абдураҳим Абдувалиев: Кўп нарсани аномал совуққа тўнкаб қўйяпмиз. Аномал совуқ бу, масалан, бугун қуёш чиқиб иссиқ бўлиб турибди, аммо эрталаб турсангиз, 1,5 метр қор ёғган – бу аномал совуқ. Лекин совуқ бўлиши бизга энг ками бир ой олдин эълон қилинди. Вақт бор эди тайёргарлик кўриш учун.

Шокир Шарипов: Нега тайёргарлик кўра олмадик?

Абдураҳим Абдувалиев: Совуққа тайёр эмас эдик. Хусусан, техник билимимиз етмади. Ташқарида тахминан -10, -15 градус бўлса қанча кўмир ёқишни биламиз, лекин -25 даражага келганда... Бу ерда умуман бошқа ҳисоб-китоблар керак.

Шокир Шарипов: Умуман, иссиқхоначилик соҳаси Ўзбекистонда қанақа муаммоларга дуч келяпти?

Абдураҳим Абдувалиев: Жараённи бошидан олиб қарайдиган бўлсак, охирги олти йил ичида замонавий иссиқхоналар кириб келди. Аввал оддий парниклардан фойдаланиб келганмиз. Ҳозир тизими бошқача. Бошланишида иссиқхоначилар катта миқдорда кредитлар олди. 2016-2017 йилларда кредитлар олинган, кейинчалик доллар курси ўзгариши ҳисобига қарздорлик кўпайиб кетди. Иккинчидан, иссиқхоналар жуда тартибсиз қурилди. Ўзбекистон ўз иқлимига қараб зоналарга бўлинади. Бунга эътибор берилмади. Ҳаммасини бир хил қилиб қурдик.

Абдураҳим Абдувалиев

Асосий муаммо бўлаётган иситиш тизимини олсак, энг совуқ ҳаво деб Тошкент худудида -10 даража олинар эди. Иситиш тизимида делта Т дейилади. Ана шу делта Т биз айтган 10 градусдан 17 градусгача, Тошкент ҳудуди учун делта Т 27 олинган. Бу Бухорога ёки Хоразмга келганда ўзгаради. Бу ўзгариш ичкаридаги иситиш тизими ўзгаришига олиб келади, аммо бунақа ҳисоблар ҳеч кимда бўлгани йўқ. Шаблон сифатида Жанубий Кореяникини олиб келишди.

Менежментдаги хатоликлар. Биз асосан деҳқончилик билан шуғулланганмиз. Деҳқончилик билан шуғулланганингизда ҳосилни олиш учун ҳисобга олиниши керак бўлган факторлар бор: экасиз, кўчат олиб келасиз, сув берасиз, селитра берасиз, аммафос берасиз. Қолгани об-ҳаво қанақа бўлиши, кутилмаган зараркунанда келиш-келмаслигига боғлиқ.

Иссиқхоначилик – деҳқончилик эмас, каттароқ бизнес жараён. Ҳисобга олишингиз керак бўлган факторлар анча кўп: намлик, сувнинг кимёвий таркиби, ердаги ҳашаротлар, кўчатни кимдан олаётганингиз, қуёш нури қанча ратда берилаётгани – ҳаммасини ҳисобга олиш керак. Кейин сотиш керак, транспортировка, сортировка, экспорт қилиш.

Шокир Шарипов: 31 йил бўлди мустақил бўлганимизга, айтаётган муаммоларингиз – худдики иссиқхоначилар ўз фаолиятини энди бошлаётгандек...

Абдураҳим Абдувалиев: Биз ҳар куни янгитдан киряпмиз бу соҳага... Кадр масаласи – олий ўқув юртларимизда тупроқшунослик йўналиши бор, лекин иссиқхоначилик бўйича керакли кадрларни тайёрлаш йўқ. Бу жуда ҳам тез янгиланаётган соҳа, лекин кадр еткизиб бериш тизимимиз талабга жавоб бермайди.

Шокир Шарипов: Модомики кадрлар муаммо экан, чет элдан нега олиб келинмаяпти?

Абдураҳим Абдувалиев: Буни марказлашган ҳолда қилиш керак.

Шокир Шарипов: Демак, иссиқхоначи бир ўзи қолиб кетяпти, маслаҳатчиси йўқ, уюшмаси йўқ. Дарвоқе, уюшмаларингиз тунов куни рўйхатдан ўтди-а?

Абдураҳим Абдувалиев: Шу муаммолар бизни уюшма очишга туртки бўлди. Мана, 5-6 апрел кунлари катта семинар тренинг бўлади. У ерда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Голландиядан мутахассислар келяпти. Баъзан шунақа фикрлар бўлиб қолади: Голландия ҳозирги даражасига етиши учун 30 йил кетган. Биз 50 йил босиб ўтишимиз, бошқатдан велосипедни кашф қилишимиз шарт эмас. Бор билимни олиш керак.

Шокир Шарипов: Муаммоларни санашда давом этсак...

Абдураҳим Абдувалиев: Уруғчилик масаласи. "Ким уруғчиликни назорат қилса, қишлоқ хўжалигини назорат қилади" деган гап бор. Бир вақтлар уруғчилик соҳамиз номдор бўлганига қарамай, кейин йўқ бўлиб кетди. Биз бошқа мамлакатларнинг уруғчилигига қараб қолдик. Иккинчидан, иссиқхоналарда кўчатчилик масаласи ҳам муаммо.

Шокир Шарипов: Қўшниларимизда вазият қандай? Масалан, Қозоғистонда?

Абдураҳим Абдувалиев: Иссиқхона соҳасига кириш Қозоғистонда биздан кейинроқ юз берди. Яқин 4-5 йил ичида. Лекин уларда ривожланиш анча одимлади. Чунки давлат томонидан жуда катта миқдорда субсидиялар берилади иссиқхона қурилишига, кўчатчиликка, уруғчиликка.

Иссиқхоналарни ҳозирги кунда қийнаётган яна бир нарса – инфоструктура: газ, сув, свет. Ер олдингиз, иссиқхона қурмоқчимисиз, сизга ёрдамдан кўра муҳимроқ нарсалар – газ, сув, свет.

Аҳроржон Асқаров, “Дормон Ниҳол Агро” корхонаси ҳаммуассиси: Бу соҳада газ ёки ток узилишидан зарар ўта юқори бўлади. Масалан, оддий саноат соҳасида узилишдан бир ёки икки кунлик иш ҳажми йўқотилади. Лекин иссиқхонада агар совуқ, қиш пайтида бир ёки икки сутка газ ўчса, ҳарорат режими сақланмаса, ё кўчат ўлади ёки унумдорлик камайиб кетади. Иссиқхоначи 3 кунлик ҳажмни эмас, ярим йиллик ёки 5 ойлик ҳажмни йўқотди. Ҳаммаси ҳавога учади. Бошқатдан кўчат экиш керак бўлади.

Аҳроржон Асқаров

Бу соҳада соат, минутлар рол ўйнайди. Кечаси бир соат свет бўлмасин... Газ бор бўлсин-у, свет бўлмасин, моторлар ишламай қолади. Икки соат ичида ҳарорат тушиши ҳисобига, масалан +10 даражага яқинлашса, помидор гулларини тўкиб юборади. Бу икки-учта ҳосил кетди дегани. Ҳарорат яна ҳам тушадиган бўлса, янада, ёки тўлиқ кетади ҳосил.

Иссиқхоналарга газни негадир 1000 сўмдан сотишади, саноат корхоналарига – 650 сўмдан... Иссиқхоналар саноат корхоналаригамас, ҳатто газ шохобчаларига тенглаштирилган! Умуман олганда, охирги энергия инқирозидан кейин нарх асосий масала бўлмай қолди, қанчага бўлса ҳам, беришса бўлди.

Шокир Шарипов: Иссиқхоналарни бошқа бир қанча объектлар билан биргаликда газдан кўмирга ўтказишга қарор қилинди. Бунга нисбатан нима дейсизлар?

Аҳроржон Асқаров: Дунёдаги иқлим ўзгаришига, ривожланган давлатлардаги амалиётга қарайдиган бўлсак, бу – орқага қадам бўлиб қолади, олдинга эмас. Биринчидан, кўмир табиий газга солиштирганда ифлосроқ ёқилғи. Тутуни, кули – ёмон. Русларда “зольность” деган тушунча бор, айниқса, бизнинг Ангрендан чиқадиган кўмиримиз кулида зарарли моддалар кўп.

Тасаввур қилинг, иссиқхона ёнида қишлоқ, маҳалла бўлиши мумкин. Кўмирдан қанча тутун чиқади! Чиқиндилар албатта ёмғир билан ерга тушади. Кўмир ёнишидан қоладиган зарарли чиқинди – кул – оддий ўтиннинг кули каби эмас, оддий ўтин кулини шундоқ ерга сепиб юборса, ўғит бўлади. Кўмир кули кимёвий зарарли чиқинди, уни тўғри шаклда утилизация қилиш керак. Агар сиз юзлаб тонна кўмир ёқадиган бўлсангиз, ундан тонналаб қолдиқ қолади.

Абдураҳим Абдувалиев: Бир гектар иссиқхонага бир кунлик иситиш тизими учун тахминан 3 тонна атрофида кўмир керак. Бизда 5600 гектар иссиқхона бор дейиляпти, баъзи маълумотда – 6000 гектар. Иссиқхоналарнинг ўзига 120 кун учун тахминан 2 млн тонна кўмир керак бўляпти. 2 млн тонна...

Ўзбекистонда қазиб олинадиган Ангрен кўмири 3500 ккал атрофида. Европадан келаётган қозонларнинг асосий қисми 7000 ккал кўмирга мўлжалланган. Яъни 7000 ккалли кўмир солсангиз, сиз айтилган энергияни оласиз.

Ангрен кўмири 3500 ккал, Қирғизистондан келадиган кўмирлар 5000–6000 ккал, Қозоғистоннинг кўмирлари 5500–7000 ккал. Яқин бўлгани учун мана шу кўмирлардан фойдаланамиз. Булардан фойдаланиш учун 3500 ккалли кўмирни икки маротаба солсак, 7000 ккал бўлиб қолмайди. Бизга мос бўлган 2 млн тонна кўмирни олиб келишнинг ўзи муаммо. Биз тушунмаган жойи бордир, тушунтиришсин: 2 млн тонна кўмирни қаердан олмоқчимиз?

Қозоғистоннинг жанубий қисмларида иссиқхоналарда кўмирдан фойдаланилади, тахминан 50 доллардан оляпмиз, деди. Лекин ўтган йили совуқ ва бошқа сабабларга кўра ўзларида кўмир етишмовчилиги бўлган. Европада жуда катта ТЭЦлар қуриляпти кўмирга, Қозоғистон кўмирини Европага сотяпти, харидор бор. Ўзларига етмай қоляпти. Қирғизистоннинг ўзида мана ўтган йили совуқ, қор бўлиши ҳисобига конлардан кўмир олиб чиқиш қийинлашди. Бизга сотмай қўйишса, қаердан оламиз шунча кўмирни? Адашмаётган бўлсам, қарорда кўрсатилган лойиҳалар учун 5 млн тоннага яқин кўмир керак бўляпти.

Иккинчиси, кўмир албатта темирйўл билан келади, энг арзони шу чунки. Баъзи мутахассислар буни жуда мураккаб дейишди. Қандай олиб келамиз, ким олиб келиб беради?

Учинчидан, кўмир қозонларини олишимиз керак, қаердан оламиз? Қарорда камида 95–96% чиққан чиқиндини тўхтатиб қоладиган филтрлардан фойдаланиш кераклиги айтилган. Чунки ундан пастроқ бўлса, ҳамма жой қорайиб кетади. Шундай экан, замонавий, қиммат қозонлар олишимиз керак, тахминан, 1 гектар учун мўлжаллангани – 50-60 минг доллар.

Бизнинг ҳисобимиз бўйича, бир гектарга битта қўйилади, икки гектарга ҳам битта қўйиш мумкин, лекин уч гектарга битта кўмир қозон қўя олмайсиз. Шундай экан, бизга тахминан 1500–1800 та қозон керак, қаердан оламиз буни? Ишлаб чиқарувчи ким, ким бизга етказиб беради?

Шокир Шарипов: Устига қисқа даврда алмаштириш керак...

Абдураҳим Абдувалиев: Ҳа. Ҳозир, шу топда вақт йўқотяпмиз. Октябр ойининг бошида барча иссиқхоналарда (агар сентябрда аномал совуқ бўлмаса) қозон ва кўмир туриши керак, чунки газ берилмаслиги айтилди. Етти ой вақтимиз қолган, мана шу етти ой ичида биз қозонга буюртма бериб, олиб келиб, ёнига кўмирни тўкиб қўйишимиз керак. Бунинг жисмонан иложи йўқ.

Ўрганиб чиқдик, компаниялар билан гаплашдик, баъзилари 30 та, баъзилари 40 та котёл ишлаб чиқариб беришимиз мумкин, деяпти. Туркияда катта бир компаниялар бор, “150 тагача қилишим мумкин, бу йиллик ишлаб чиқариш кучим”, деяпти. У Туркиянинг ўзидаги талабни ҳам қоплаши керак, бошқа жойда бўлган талабларни ҳам. 1500–1800 та қозонни олиб келиш, пулини тўлаш керак. Ҳозирги иссиқхона қурган тадбиркорнинг 99 фоизи қарзда, кредити бор, икки йил карантин бўлди, баъзи сабабларга кўра нархлар тушиши ҳисобига қийналиб келяпти, бўйнидаги шунча қарз устига яна қарз олишга тўғри келади. Йўқ деганда 80–100 млн доллар атрофида фақат қозонга пул кетади.

Экология масаласи бор, жуда ҳам оғриқли нуқта. Бутун дунё охирги ўн йил ичида кўмирдан фойдаланишни камайтиряпти.

Аҳроржон Асқаров: Бизда иссиқхоналарга газ энг қиммат нархда берилади, яъни 1 кубометр газ 1000 сўм миқдорида. Бу аслида Ўзбекистон четга экспорт қиладиган нархга жуда яқин. Ўша газни чет элга экспорт қилиш мумкин экан, нега ўзимиздаги истеъмолчига бериш мумкин эмас, ўша нархга ҳеч бўлмаганда?

Менимча, бу ерда “бўлди уз ҳаммасини, иссиқхоналарга газ берилмасин”, деган ёндашув бўлмаслиги керак. Бозор иқтисодиёти шароитида ишлаяпмиз, қимматроқ бўлса ҳам олишга имконияти бўлиши керак тадбиркорда. Кейин савол: нега иссиқхонага нисбатан бунақа дискриминация: саноат учун 650 сўмдан, иссиқхона учун 1000 сўмдан. Нега иссиқҳоначи саноатни субсидия қилиши керак? Нимага иссиқхонага энг оғир юк юкланяпти?

Шокир Шарипов: Истеъмол қилинаётган умумий газнинг неча фоизини иссиқхоналар ишлатади?

Абдураҳим Абдувалиев: Бу саволга охирги учрашувда президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов жавоб берди: 1,5 фоизини. Бундай олиб қарасак, бу катта рақам эмас.

Шокир Шарипов: Ҳозир кўмирга ўтиш шарт қилиняпти-а? Бунинг оқибатида неча фоиз иссиқхоначилар соҳадан кетади, башорат қилсак бўладими?

Абдураҳим Абдувалиев: Башорат қилсак бўлади, тахминан 10–12 фоиз иссиқхоналар кўмирга ўтади.

Шокир Шарипов: Яъни, ўтишга қурби етади?

Абдураҳим Абдувалиев: Мажбур бўлади. Чунки бўйнида жуда ҳам катта қарзи бор, банкдан кредит олиш жараёнида қайсидир объектларни залогга қўйган. Кетолмайди, маҳалладаги қўшниси ишлаб чиқарган темир қозонни бўлса ҳам ишлатади. Лекин булар кўп эмас.

Яна тахминан 30–40 фоизга яқин иссихоналар “холодний” деган услубга ўтади, яъни “совуқ иссиқхоналар”га: мартнинг бошида, февралнинг охирларида об-ҳавога қараб экин қилади, иситмайди, май ойларига бориб ҳосил ола бошлайди.

Қолган қисми бу соҳадан чиқиб кетишга мажбур бўлади.

Лекин бунинг давоми ҳам бор: булар – биринчи йилда бўладиган ҳолат. Кейинги йилда совуқ иссиқхоналар ўшанча ҳам фойда кўролмайди: ярим йиллик сезон ишлайди, ёз пайти экиб, октябр ва ноябргача олиб боради, ноябрдан кейин совуқда эплолмай қолади. Бўйнидаги қарзни тўлай олмаслиги ҳисобига булар ҳам соҳадан чиқиб кетади.

Умумий миқдордан 15–20 фоизи соҳада қолади. Бу нарх-навога жиддий таъсир қилади, аввалига кўтарилади, кейин импорт ҳисобига тушади. Импортёр бўлиб қолсак, валютамиз чиқиб кета бошлайди. Кўмирга чиқиб кетади, помидор оламиз, бодринг оламиз, котёллар оламиз.

Аҳроржон Асқаров: Энергетика вазирлигимиз ва бошқа шу соҳадаги идораларга таклиф бор эди. Масалан, Ангренда сифати паст лигнит – қўнғир кўмиримиз бор, Қозоғистон ёки Қирғизистондагидек тош кўмир эмас. Ўша кўмирдан ҳам фойдаланса бўлади, уни майда истеъмолчиларга бергандан кўра, марказлаштирган ҳолда, яъни иссиқлик электр станциялари қилиб, энергия ишлаб чиқарган мақсадга мувофиқроқ бўларди. Хитойда ҳам айнан кўмирда ишлайдиган электростанциялар кўп, чунки юқори ҳарорат ҳисобига яхши ёнмайдиган кўмир ёниб кетади, қозоннинг ичида минг градус ҳарорат бўлиб турганда ёнмайдиган кўмир ҳам ёниб кетади-да. Кейин катта электр станцияларда катта филтрлар қўйиш осон.

Шундай қилиб, хонадон ва иссиқхоналарга тарқатгандан кўра, кўмирни битта ёки иккита электр станцияларга бериш тўғрироқ. Филтрлаб, атроф-муҳитга зарарни камайтиришни марказлашган ҳолда қилиш осонроқ. Электр балансимиздаги бир қисм электр энергияси кўмирга ўтса, ундан ортиб қолган газни хонадонларга ҳам, иссиқхоналарга ҳам берса бўлади. Буни “миқёс билан иқтисод қилиш” дейилади.

Шокир Шарипов: Қўшни Қозоғистондаги иссиқхоначилик соҳасида муҳит қандай?

Абдураҳим Абдувалиев: Қозоғистон иссиқхоначилик ассоциацияси билан ҳамкорлигимиз бор, гаплашиб турамиз, кўп учрашиб турамиз. Уларда иссиқхоначиликнинг ҳар бир соҳаси бўйича давлат субсидиялари мавжуд. Қозоғистонда ҳар бир қурилган иссиқхона учун 20 фоизгача миқдорда пул қоплаб берилади. Алоҳида 200 минг долларгача пул беради бир гектар учун. Бундан ташқари иссиқхоначи кўчатчилик билан шуғулланса, унга алоҳида яна субсидия беради. Иссиқхоначи олаётган уруғига ҳам субсидия олади.

Шокир Шарипов: Қанча миқдорда?

Абдураҳим Абдувалиев: Аниқ рақамлари ҳар бир лойиҳа учун алоҳида, бир гектарда қанча кўчат етиштираётгани, кимларга сотаётганига қараб туриб алоҳида берилади. Ундан ташқари иссиқхона учун керак бўлган ашёлар ва ўғитлар (кимёвий эмас) учун божхонадан субсидия берилган, олиб ўтишда тўлов йўқ. Экспорт қиладиганларга алоҳида қўшимча ёрдамлар берилади. Киритериялари кўп, ҳар бир соҳа учун алоҳида: уруққа, кўчатга, етиштирган маҳсулотга қараб қўшимча ёрдамлар берилади уларга.

Шокир Шарипов: Бу қандай натижа беряпти, ҳисоб-китоби борми?

Абдураҳим Абдувалиев: Натижа – Қозоғистон ўзини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан 80–85%гача таъминлай бошлади. Олдин катта миқдорда импорт қиларди, ҳозирги кунда ҳам импорт бор, лекин бу импорт даражаси йилдан йилга камайяпти. Яқинда эшитдим: катта-катта тадбиркорлар билан мулоқот қилинган, давлат тарафидан 30–40 гектар иссиқхонаси борларга яна шунчаси учун пул ажратиляпти. Яъни “соҳада катта-катта лойиҳалар олиб боряпсан, демак бу қўлингдан келади, шунинг учун бу соҳани янада ривожлантир, керакли миқдорда ёрдам берайлик” деган маънода иш тутишяпти. Паст фоизли кредитлар беришади. Валютада – 4 фоиздан.

Шокир Шарипов: Бизда қанақа фоизлар?

Абдураҳим Абдувалиев: Бизда иссиқхона бўйича валютада кредит ажратиш тўхтатилган. Сўмда оладиган бўлсангиз, 18–20 % атрофида олинади кредит.

Шокир Шарипов: Менга айтиб беришган: Қозоғистон иссиқхоналарида асосан ўзбек деҳқонлари ишлар экан...

Абдураҳим Абдувалиев: Биласизми, нафақат Қозоғистонда, бутун МДҲ давлатларидан хоҳлаган жойига бориб, иссиқхонага кириб гаплашсангиз, энг камида битта ё иккита ўзбек бор.

Шокир Шарипов: Водийдаги мухбиримиз менга айтиб берган эди, ўз вақтида Водийда иссиқхоналар газ билан таъминланганда, роса гуллаган – ривожланган экан, газдан узилгандан кейин тажрибали деҳқонлар ёппасига Қирғизистонга ўтиб кетган экан...

Аҳроржон Асқаров: Ҳолбуки Қирғизистонда газ йўқ, ўзлари импорт қилишади...

Абдураҳим Абдувалиев: Бу такрорланадиган вазият, ҳозирда биздаги замонавий иссиқхоналарда ишлаётган одамлар ҳам эртага бу соҳа чўкишни бошлагандан кейин мажбур бўлади яқин бозор – Қозоғистон ва Россияга ўтишга. Мутахассислар кетади бу соҳа бўйича. Иложи йўқ – мутахассис қаергадир бориши керак-да, оқим бўлади яна.

Аҳроржон Асқаров: Собиқ Иттифоқ мамлакатлари орасида Озарбойжонни анча илғор мамлакат деб айтиш мумкин, айниқса мева ва сабзавотчилик соҳасида. Ўз вақтида Россия бозорида биз – Ўзбекистон ва озарбойжонликлар ўртасида рақобат бўлган бўлса, ҳозир биз ютқаза бошладик, ҳолбуки биз каттароқ мамлакатмиз. Асосийси, уларда иқтисодий эркинликлар бор. Бизда фермер хўжаликлари пахта-ғаллага боғлаб қўйилган бўлса, улар нима етиштиришни ўзлари ҳал қилади.

Абдураҳим Абдувалиев: “Узбекский помидор”лар Россияда энг қиммат помидор ҳисобланади. Ҳатто бошқалар ўзиникини устига “узбекский помидор” деб ёзиб сотишади. Қизиқ ишлар бўлган: ўзбек помидорлари жойлаштириладиган ёғоч қутига газета қўйилади, қарангки, Озарбойжондан келиб, биздан газета олиб кетишган, ўзининг помидори тагига уни қўйиб, “ўзбек помидори” деб сотиш учун... Биз эса ҳозир экспорт бозорини йўқотиш ҳақида эмас, ички бозорни йўқотиш ҳақида гапиряпмиз...

Шокир Шарипов: Келинглар, ҳозир мен “ёмон қаҳрамон” ролини ўйнай: “хўп, нима бўпти қишда бодринг, помидор, булғори емасак? Қишда қиммат бўлса, баҳорда еймиз”, десам, бу саволга нима деб жавоб берасизлар?

Аҳроржон Асқаров: Витаминлар одамнинг соғлиғи, иммунитети яхши бўлиши учун зарур. Қишда ҳам буларни истеъмол қилиш керак, қоқи ёки тузланган маҳсулотлар ўрнини боса олмайди. Консерва ва тузланганларда витаминлар ўлиб бўлган бўлади.

Абдураҳим Абдувалиев: Булар – тиббий жиҳатдан. Иссиқхоналар учун катта миқдорда кредитлар берилган, мулклар гаровга қўйилган, банк ҳаммасини тортиб олишга мажбур бўлади. Иссиқхонани тортиб олса, банкка ҳам зарари бор – катта миқдорда молиявий зарарга олиб келади. Кредитлар Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банкидан шу соҳага деб олинган, уни эртага қайтариш бор. Қарзларнинг қайтарилмаслиги кейинги олинадиган қарзларнинг камайишига ёки фоизларнинг кўтарилишига олиб келади.

Аҳроржон Асқаров: Қишлоқ хўжалиги бўйича энг илғор давлатлар деб Голландия ва Исроил тан олинади. Икки давлатда ҳам охирги бир неча ўн йил давомида иссиқхоналар роли жуда ҳам ўсиб борган. Истеъмолчиларнинг талаби ошиб боряпти. Деҳқончиликдаги асосий муаммолардан бири – ўсимликнинг очиқ ҳавода эканлиги, назоратда ушлаб бўлмаслиги: кучли шамол, ҳашарот тушиши ва ҳоказо. Иссиқхона назорат остидаги иқлим шароитини яратиш имконини беради.

Шу орқали маҳсулотни бирор бир сифат билан маълум муддатда етиштириш имконияти бўлади. Ўша сабабли қишлоқ хўжалигининг катта қисми иссиқхонага ўтяпти. Юқори сифатга айнан иссиқхона орқали эришиляпти. Исроилда сув йўқ, жуда ҳам чекланган, иссиқхонада томчилаб суғориш орқали сувни тежаб, маҳсулот етиштиришяпти, экспорт қилишяпти. Ўзбекистон ҳам, бундоқ олиб қарасангиз, қурғоқчиликка яқин шароитдаги мамлакат, яъни ҳозиргидек 4 млн гектар еримизда эскича суғориб деҳқончилик қилинса, кейинги 10–20 йил ичида сув етмайди, тоғларимиздаги музликлар эрияпти, ёғингарчилик камайяпти. Биз худди Исроилга ўхшаб томчилаб суғориш, ёмғирлаб суғориш тизимига ўтишга мажбур бўламиз, иссиқхона тармоғини ҳам қолдиришимиз керак.

Шокир Шарипов суҳбатлашди. 

Мавзуга оид