Жамият | 11:11 / 19.04.2023
26149
10 дақиқада ўқилади

«Машинани тез бошқариб дўстимнинг бевақт ўлимига сабабчи бўлганман» —ҳайдовчи йигит надоматлари (Ҳаётий ҳикоя)

«Навбатдаги қайрилишда рул чамбарагини айлантираётиб уни эплай олмадим. «Жигули» йўл четига чиқиб кетиб, катта тут дарахтига урилди. Қарс этган овоз ва дўстимнинг бақирганини эслайман. Кўзимни очсам йўл четида ётибман. Сал нарида пачоқ бўлган машинам турибди. Атрофни одамлар ўраб олган. Улар дўстимни чиқариб олиш учун машинанинг букланиб қолган эшигини узиб олишга уринишаётган эди».

Ҳар йили йўл ҳаракати қоидалари бузилиши оқибатида мамлакатимизда қарийб 10 мингта йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлади. Уларда минглаб одам ҳалок бўлади. Бошқалари тан жароҳатлари олиб ногиронга айланади.

Жумладан, ИИВ ЙҲХББ маълумотларига кўра 2022 йилда Ўзбекистонда 9 902 та ЙТҲ содир бўлган. Уларда 2 356 нафар инсон ҳалок бўлган, 9 606 киши турли даражада тан жароҳатлари олган.

2022 йилда содир этилган ЙТҲларнинг 1 577 таси белгиланган тезлик қоидаларига амал қилмаслик оқибатида содир бўлган.

Юқоридаги рақамларни бежиз келтирмаяпман. Электрон почтамга келган навбатдаги мактуб машинани тез бошқариб дўстининг умрига зомин бўлган инсондан экан.

«Машинани катта тезликда бошқаришни ёқтирардим. Атрофимдаги одамлар, дўстларим бу ишнинг охири вой бўлиши ҳақида гапиришар, бироқ улар қулоғимга кирмасди. Қанча насиҳат эшитсам ҳам билганимдан қолмасдим. Охир-оқибат даҳшатли ҳодиса содир бўлди ва мен машинани тез бошқариб яқин дўстимнинг ўлимига сабаб бўлдим», деб ёзади мактуб муаллифи.

Мактубни ўқир эканман, инсон машина бошқараётганда ўйламасдан қилинган қоидабузарлик туфайли ўзи вафот этиши ёки кимнидир ўлимига сабабчи бўлиши мумкинлигига амин бўлдим.

Тўғри, ҳеч ким кўчага «одам босиб ўлдираман деб чиқмайди. Бироқ машина бошқариш жараёнида эътиборсизлик қилиш ёки қасддан қоидаларни бузиш аянчли тугаши эҳтимоли жуда юқори.

Мактуб эгаси ҳам машинани катта тезликда бошқаришдан «завқ оладиганлар» тоифасидан бўлган ва оқибатда унинг бу иши аянчли якун топган.

«Илк марта машина бошқарганимда мактабда ўқирдим. Қўшнининг «Запорожец» машинасини бошқариб пахса деворга урганман. Ўша ҳодисадан сўнг қўшни машина калитини ўзида қолдирмайдиган бўлганди.

Мактабни битиргач отамнинг маслаҳати билан ҳайдовчилик курсида ўқий бошладим.

«Ҳозир айни вақти. Ҳайдовчилик гувоҳномаси билан армияга борсанг қийналмайсан. «Стройбат»га (Қурилиш батальон) тушсанг ҳам машина ҳайдайсан. Бу лой қоришдан ёки ғишт ташишдан осонроқ иш», деди у.

Отам билиб айтган экан. Ҳарбий хизматни Россия шаҳарларидан бирида ўтадим ва икки йил ҳарбий юк машинасини бошқардим.

Армиядан қайтганимда уста ҳайдовчи эдим. Отам колхозга тегишли юк машиналаридан бирини олиб берди. Ўшани ҳайдай бошладим.

Ишим унча оғир эмасди. Эрталаб далага ишлашга борадиган одамларни олиб бориб ташлайман. Кечроқ олиб келаман.

Туманимиз салқин бўлгани учун пахта экилмасди. Қир-адирларда узумзор боғлар, текис жойларда тамаки экиларди. Биз ҳам оиламиз билан тамаки етиштирардик.

Ўша пайтларда советлар илғор колхозларга ҳар йили тўрт-бешта енгил машинани навбатсиз харид қилиш имкониятини берарди.

Ўз навбатида колхоз раҳбарлари ўша имтиёзни илғор колхозчиларга, кўп тамаки етиштирувчи оилаларга тақдим этарди. Акс ҳолда етарлича пули бор одам енгил машина олиш учун уч йиллаб навбат кутиши лозим бўларди.

Армиядан келиб колхознинг юк машинасини ҳайдаб юрган кезларимда колхоз раҳбарлари илғор колхозчи сифатида отамга ҳам навбатсиз машина олиш имкониятини беришди.

Кўп ўтмай отам озроқ етмаганини танишлардан қарз олиб машинани олиб келди. Янги «Жигули»ни кўриб ўзимни қўйгани жой топа олмасдим.

Ўша пайтда укаларим ҳали мактабни битирмаган, фақат мен ва отамда ҳайдовчилик гувоҳномаси бор эди. Ҳар ҳолда отам машинани мендан қизғанмас деб ўйлардим ва «Жигули»ни миниб туришдан умидвор эдим.

Ўйлаганимдай ишдан бўш пайтларимда машинани мен ҳам мина бошладим. Аввалига туман ҳудудида минган бўлсам, сўнг дўстларим билан бошқа жойларга ҳам бора бошладик.

Мен машинани катта тезликда ҳайдашни ёқтирардим. Дўстларим бу ишимга қаттиқ эътироз билдиришар, секинроқ ҳайдашимни сўрашарди. Бироқ тагимда янги машина гижинглаб турганда уларнинг гапи қулоғимга кирмасди. Бироқ кунларнинг бирида машъум ҳодиса содир бўлди ва барчаси тугади.

Ўшан кунни ҳеч унутмайман. Баҳор кунларининг бирида эрталаб уч нафар дўстимни олиб туманимизни қўшни вилоят билан боғлайдиган довон тепасига дам олишга жўнадик.

Йўлда кетар эканмиз, одатдагидай «Жигули»ни тез ҳайдай бошладим. Манзилга етиб боргунча секинроқ ҳайда деб дўстларимнинг эси кетди. Мен эса парво қилмасдан газ педалини қаттиқроқ босардим.

Куни билан тоғ тепасида маза қилиб ўтирдик. Ҳамма ёқ кўм-кўк. Атроф тўла лолақизғалдоқ. Кайфиятимиз зўр эди. Бироқ бизни нима кутаётганини билганимизда балки ўша куни тоғдан қайтмасмидик?

Қоронғида қолиб кетмайлик деб қуёш ботмасидан ортга қайтдик. Мен машинани яна «мингга қўйиб» бошқара бошладим. Дўстларим секинроқ ҳайдашимни сўраб ёлворишар, мен эса тезликни баттар оширардим.

Орқада ўтирган дўстларимдан кўра ёнимдаги дўстим машина тез юраётганда вазиятнинг даҳшатини кўпроқ ҳис қилаётганди. У тинимсиз секин юришимни сўрар, мен эса парво қилмасдим.

«Жўра, бу ўз оти билан техника. Кичик бир мурватчаси панд берса ёки қайрилишда рул чамбарагини айлантиришда сантиметрга кечиксанг ҳам бундай тезликда барчамиз ўлиб кетамиз. Секинроқ юравер, илтимос», дерди у.

«Жигули»ни бошқара бошлаганимдан буён дўстимнинг бу гапларини эҳҳе неча марта эшитгандим. Аммо парво қилмасдим. Аксинча, унга ҳазиллашиб ҳам қўярдим. Ўша куни ҳам ҳар доим гапириб юрган ҳазилимни такрорладим:

«Нимадан хавотирланяпсан, жўра? Машина ишончли қўлларда. Қолаверса, сен уйлангансан, мабодо нимадир бўлса ортингдан «вой отамлаб» қоладиган фарзандларинг бор. Биз бўйдоқларга қийин, сўрайдиган одамимиз йўқ».

Жўрам бу гапимдан жаҳли чиқар, бироқ бошқарувни мендан тортиб ололмас, шунингдек, мени тўхтатишга ҳам ожиз эди.

Ўшанда бу гапимга фаришта омин деган экан. Ёки машинани тез бошқаришнинг оқибати барибир шу бўлармиди, билмайман. Аммо дўстим айтган иш содир бўлди.

Уйга анча яқинлашиб қолгандик, навбатдаги қайрилишга келганимизда рул чамбарагини айлантираётиб уни эплай олмадим. «Жигули» йўл четига чиқиб кетиб, катта бир тут дарахтига бориб урилди.

Қарс этган овоз ва дўстимнинг бақирганини эслайман. Кўзимни очсам йўл четида ётибман. Сал нарида пачоқ бўлган машинам турибди. Атрофни одамлар ўраб олган. Улар дўстимни чиқариб олиш учун машинанинг букланиб қолган эшигини узиб олишга уринишаётган эди.

Бироз ўтиб дўстимни чиқариб олишди. Унинг танаси мажақланиб кетган, аллақачон жон бериб бўлган экан. Орқа ўриндиқда ўтирган дўстларимга ҳеч нарса қилмабди.

Ҳайрон қолганим одатда машина олд томони билан урилса ҳайдовчини рул чамбараги қисиб қолар ва энг оғир зарба унга тушиб ҳалок бўларди. Бироқ негадир мени чамбарак қисиб қолмади. Миям чайқалганини айтмаганда ҳеч қаерим синмади.

Ўша пайтда хаёлимдан дўстимнинг ота-онасига, болаларига нима деб жавоб бераман деган ўй ўтди. Худбинликни қарангки, бутун бошли бир инсон, бунинг устига яқин дўстимнинг ўлимига сабаб бўлиб турган жойимда ҳам ўзимни ўйлабман.

Дўстимнинг жасадини уйига олиб борганимизда ҳаммаёқ дод-вой бўлиб кетди. Айниқса ота-онасининг фиғонига чидаб бўлмасди. Улар машинанинг орқа ўриндиғида ўтирган дўстларимиздан ўғилларининг ўлимига сабабчи бўлганимни билишгач ўша заҳоти менга чанг солишди.

Дўстимнинг отаси «боламни топиб бер, қотил, деб бақирар, онаси эса ҳушидан кетиб қолди. Уни зудлик билан шифохонага олиб кетишди.

Ўшанда отаси бир нарса қилиб қўймасин деб дўстимнинг жанозасига ҳам, ундан кейин ўтказилган маъракаларига ҳам бора олмадим.

Ҳолат юзасидан жиноят иши очилди. Бироқ отам ўғлим қамалиб кетмасин деб қанчадир пул бериб ишни ёпиб келди. Шу тариқа жазодан ҳам қутилиб қолдим.

Дўстимнинг ўғил ва қиз фарзанди бор эди. Хотини бошқа эр қилмади ва болаларни қийналиб бўлса ҳам ўзи катта қилаяпти. Мен уларга ёрдам қилолмадим.

Бир-икки марта ҳол сўраш ва учун отландим, бироқ боролмадим. Тўғрироғи дўстимнинг отаси ўша куни «қайтиб сени хонадонимда кўрсам мендан яхшилик кутма» деганди, ундан қўрқдим.

Гоҳида кўча-кўйда дўстимнинг фарзандлари рўпара келиб қолса, ҳанузгача уларнинг кўзларига қарай олмайман.

Шу ҳодисага ҳам анча йиллар бўлди. Ўшандан буён виждон азобида яшайман. Гоҳида тушларимда дўстимни кўраман. Гапирмайди, фақат савол назари билан қарайди.

Ўша машъум кундан сўнг орада бир муддат машина ҳайдай олмадим – дўстим кўзимга кўриниб секинроқ, секинроқ дегандай бўлаверарди.

Кейинроқ яна машина бошқара бошладим. Бироқ ўша ҳодиса менга бир умрлик дарс бўлганди, умуман тез юрмадим, қоида бузмадим.

Бугун ҳам ёшлар орасида машинани тез бошқарадиганлар етарлича топилади. Тез-тез турли «авария»ларга кўзим тушади. Шундай пайтларда инсон то бошига тушмаганча ҳеч бир нарсадан ибрат олмас, етарли хулоса чиқармас экан деб ўйлайман.

Бугун машинасини ҳовлиқиб тез ҳайдайдиганларга айтар сўзим шу: ҳеч қачон инсон тақдири билан ўйнашманг. Ўзингизнинг ва бошқаларнинг ҳаётини хавф остига қўйманг. Кимнингдир қотилига айланиб, ота-онани фарзанд доғида куйдирманг. Болалар тирик етим, аёл эса тул қолишига сабабчи бўлманг. Секин юрсангиз ҳам бораётган манзилингизга етасиз. Бироқ кимнингдир ўлимига сабабчи бўлсангиз, унинг жонини қайтариб беролмайсиз».

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид