Жаҳон | 18:49 / 19.04.2023
8266
2 дақиқада ўқилади

Осиёнинг бир қатор мамлакатлари апрель ойида аномал иссиқликка дуч келди

Лаос, Таиланд, Мянма, Ҳиндистон ва Хитойда ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошди.

Фото: KUN.UZ

Осиёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан, Ҳиндистон ва Хитойда ғайритабиий иссиқ об-ҳаво кузатилди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ маълумотларига таяниб, Interfax хабар берди.

Апрель ойи учун ҳарорат рекордлари Лаосда (+42,7°C), Таиландда (+45°C) ва Мянмада (44°C) ўрнатилган.

Аввалроқ, Таиланд бош вазири Прают Чан-Оча «мамлакатнинг турли қисмларида хавфли даражадаги юқори ҳаво ҳарорати» бўйича хавотир билдирди. Унинг айтишича, Бангкок ҳудудида ҳаво ҳарорати 52,3 даражага етиши мумкин.

Хитойда бир вақтнинг ўзида бир нечта шаҳарлар - Ченгду, Чжецзян, Нанкин ва Ханчжоуда рекорд даражадаги юқори ҳаво ҳарорати қайд этилди.

Ҳиндистоннинг бир қатор ҳудудларида метеорология хизмати жазирама туфайли хавф кучайганини маълум қилди. Ҳиндистон шимоли ва шарқидаги олтита шаҳарда ҳаво ҳарорати 44 даражадан ошди, пойтахтда эса ҳарорат 40 даражага етди. Иссиқ об-ҳаво шароити шу ҳафта охиригача давом этиши кутилмоқда. Мамлакатнинг айрим штатларида мактаблар ёпилди, 13 киши иссиқ ҳаво таъсиридан ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилди.

Покистон ва Бангладешнинг аксарият ҳудудларида об-ҳаво бир неча кун давомида 40 даражадан юқорига кўтарилди.

Ҳарвард ва Вашингтон университетлари томонидан ўтказилган тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, бу асрда одамлар учун ҳаддан ташқари иссиқ об-ҳаво ҳозиргидан 3-10 марта тез-тез содир бўлади.

Мавзуга оид