Kun.uz танқидидан сўнг: Пахтачидаги паркка Open budget пулидан аттракцион олинмайдиган бўлди
Мақолада танқид қилинган икки лойиҳа туман кенгаши қарори билан бекор қилинган. Тежалган 2,4 миллиард сўм Open budget’да овоз бериш натижаларига кўра ғолиб бўла олмаган 7 та лойиҳага тақсимлаб берилган.
Самарқанд вилояти Пахтачи туманида бир истироҳат боғининг учта лойиҳаси Ташаббусли бюджетда ғолиб қилингани адолатдан бўлмагани, бу лойиҳаларга овоз бериш жараёни шубҳали тарзда амалга оширилгани Kun.uz сайтида танқид қилинганди. Танқиддан кейин ўша учта лойиҳанинг иккитаси – парк учун аттракцион сотиб олиш лойиҳалари бекор қилинди.
Мақоланинг қисқача мазмуни
Open budget танловининг учинчи босқичи учун Пахтачи туманидаги «Ёшлик» истироҳат боғининг бир эмас, учта лойиҳаси киритилган. Улардан биттасида боғни ободонлаштириш кўзда тутилган бўлса, иккита лойиҳада боғ учун аттракцион сотиб олиш белгиланган. Лойиҳаларнинг ҳар бири учун максимал – 1,2 миллиард сўмдан, жами 3,6 миллиард сўм сўралиб, тасдиқланган.
Пахтачидаги паркнинг учта лойиҳаси ҳам ўта шубҳали тарзда тумандаги энг кўп овоз олган лойиҳалар қаторидан жой олиб ғолиб бўлди. Туман марказидан узоқдаги йўлларнинг аҳволи жуда ёмонлиги ва уларнинг кўпчилиги лойиҳа тариқасида Open budget’га киритилганига қарамай, туманда айнан парк учун аттракцион сотиб олиш лойиҳаси ғолиб бўлгани шубҳаларни янада оширганди.
Мақолада ҳокимият биқинидаги парк учун аттракцион сотиб олиш лойиҳасига «овоз йиғиш ҳашари» ўтказилган бўлиши мумкинлигига ишора қилинганди. Чунки охирги вақтларда Open budget учун овоз йиғишга мажбурлаш шунчалик авж олдики, давлат бу ишни мажбурий меҳнатга тенглаштиришга мажбур бўлди.
Мақолада Пахтачидаги парк учун аттракцион сотиб олиш лойиҳаси бекор қилиниши ва бу пуллар тумандаги овоз бериш натижаларига кўра кейинги ўринларда қолиб кетган лойиҳаларга ажратилиши адолатдан бўлиши айтилганди.
Қолаверса, мақолада аттракцион сотиб олиш учун жуда кўп пул сўралгани, бу аттракционлар анча арзон туриши мисоллар билан келтирилганди.
Лойиҳаларнинг иккитаси бекор қилинди
Kun.uz эълон қилган мақолага Open budget ташаббускорлари ва ташкилотчилари муносабат билдириши керак эди. Чунки асосий танқид айнан ташкилотчиларга қаратилганди. Аввало парк учун аттракцион сотиб олишдек мантиқсиз лойиҳани овоз беришга қўйишнинг ўзи катта хато эди. Аммо, афтидан, лойиҳалар қанчалик мантиққа тўғри келишини текширадиган тизим ҳали йўлга қўйилмаган ёки ташкилотчилар учун бюджет пули нимага сарфланишининг қизиғи йўқ.
Шу билан бирга, Пахтачи туманининг ўзида бу мавзу муҳокама қилинган. Kun.uz ихтиёрига Халқ депутатлари Пахтачи туман кенгаши қарори келиб тушди. Унда айнан Open budget’даги лойиҳалар муҳокама қилинганини кўриш мумкин. Йиғилишда Пахтачи Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи У.Арнақуловнинг ҳисоботи тингланган. Туман кенгаши сессиясида Open budget’нинг Пахтачи тумани бўйича овоз бериш жараёнида қатнашган ва ғолиб бўлган, 00129584008 ҳамда 00129626008 рақами билан рўйхатга олинган лойиҳаларни бекор қилиш бўйича тавсия маъқулланган.
Open budget’да 00129584008-рақам билан «Зиёвуддин ёшлар боғига «Весёлые горки» аттракциони қуриш» лойиҳаси рўйхатган ўтган ва 4622 та овоз билан туман бўйича учинчи ўринни эгаллаб, ғолиб бўлган.
00129626008-рақам билан эса «Зиёвуддин ёшлар боғига «Маятник» карусел аттракциони қуриш» лойиҳаси рўйхатдан ўтган. Бу лойиҳа учун 4410 киши овоз берган ва ғолиблар сафидан ўрин олган.
Пахтачи туман кенгаши қарорига кўра, мана шу икки лойиҳа бекор қилиниб, унга сарфланиши кўзда тутилган 2,4 миллиард сўм бюджет маблағи овоз бериш жараёнида Open budget’нинг Пахтачи тумани бўйича ғолиблари сафига кира олмаган кейинги ўринлардаги лойиҳаларга сарфланади.
Ғолиблар сони ошди
7 апрел куни Open budget’да овоз бериш жараёни якунланган ва Пахтачи туманида 10 та лойиҳа ғолиб деб топилган эди. Туман кенгаши паркнинг иккита лойиҳасини бекор қилгач, эндиликда ғолиблар сони 15 тага етган. Яъни аттракцион лойиҳаси чиқариб ташланганидан кейин Пахтачи тумани учун ажратилган пул яна еттита лойиҳага тақсимланган. Хусусан:
- «Тадбиркор» МФЙдаги симёғочларни алмаштириш, кўча чироқлари ўрнатиш ва трансформатор ўрнатиш;
- Чоргўша маҳалласи Мустақиллик кўчасининг эскирган симёғочларини янги 60 та темирбетон устунларга алмаштириш;
- Жона маҳалласига 140 дона темирбетон симёғоч ва 3 дона трансформатор ўрнатиш, 2 км кабел тортиш, 60 дона чироқ ўрнатиш;
- Гўзалкент, Қадрият, Нурли ҳаёт, Гўзалкент I, Олтинсой кўчасига темирбетон симёғоч тўлиқ жамланмаси, Олтинсой кўчасига трансформатор ўрнатиш;
- «Амиробод» МФЙда жойлашган 12-мактаб биносига қуёш панели ўрнатиш;
- Сарой маҳалласига янги маҳалла биноси қуриш;
- Қарнабота ва Чашма маҳаллаларини туташтирувчи умумий 2350 метр йўлни асфалтлаштириш
лойиҳалари Пахтачи тумани учун ажратилган бюджет пулидан амалга ошириладиган бўлди. Ва бу 7 та лойиҳага ўша танқид қилинган иккита аттракцион лойиҳаси учун ажратилган пул етарли бўлган.
Янги ғолиблар орасидан жой олган Қарнабота ва Чашма маҳаллаларини туташтирувчи умумий 2350 метр йўл ҳақида мақолада ҳам айтиб ўтилган ва йўл чиндан таъмирталаб эканини исботловчи суратлар илова қилинганди.
Мавзуга оид
09:18 / 17.11.2024
Болалар омбудсмани Самарқандда жинсий зўравонлик қурбони бўлган қиз билан учрашди
23:25 / 09.11.2024
Самарқандда Қуролли кучлар хизматчиси, солиқчи, Миллий гвардия ва кадастр ходимлари пора билан ушланди
15:06 / 01.11.2024
Самарқанд вилоятида иситиш мавсуми 1 ноябрдан бошланди
10:59 / 25.10.2024