Жаҳон | 16:15 / 21.04.2023
7269
2 дақиқада ўқилади

Ллойд Остин Рамштайнда Киевни кучли қўллаб-қувватлаш давом этишини маълум қилди

Фото: Reuters

Пентагон маълумотларига кўра, уруш бошланганидан бери Қўшма Штатлар Украинага 35 миллиард доллардан ортиқ ёрдам кўрсатган. Рамштайндаги йиғилишда идора бошлиғи Остин Киевни сўзсиз қўллаб-қувватлашга ишонтирди

21 апрель, жума куни Германиянинг Рамштайн авиабазасида Украина мудофааси бўйича алоқа гуруҳи йиғилишида АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин «Украинадаги эркинлик кучлари»га халқаро ёрдам ўзгаришсиз, кенг ва кучли бўлиб қолишига ишонтирди.

«Украина ўз фуқароларини, инфратузилмасини ва бўлинмаларини Россия ракеталари таҳдидидан ҳимоя қилиш учун зудлик билан бизнинг ёрдамимизга муҳтож», деди у ҳамда Украинага ёрдам зарур бўлган вақтгача давом этишини таъкидлади. Уруш бошланганидан бери АҚШ аллақачон Киевга 35 миллиард доллардан ортиқ ҳарбий ёрдам берган, дейди Остин. У уруш майдонида Украина учун аҳамиятли бўлган шерикларнинг саъй-ҳаракатлари Кремл нақадар нотўғри ўйлаганини кўрсатиб қўйганини билдирди. 

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ҳам Киевга кейинги ҳарбий ёрдамни ваъда қилди. «Украинада логистика уруши кетмоқда», - деди у ҳамкор давлатлар мудофаа вазирлари йиғилиши бошланишидан олдин. Унинг сўзларига кўра, Украинага аллақачон етказиб берилган тизимларни иш ҳолатида сақлаш муҳим аҳамият эга. «Бизга ўқ-дорилар, эҳтиёт қисмлар ва ёқилғи керак», деди у. 

«Рамштайн» форматидаги ўн биринчи ва авиабазада тўртинчи юзма-юз учрашувда иштирокчи давлатлар Украинага кейинги ҳарбий ёрдамни мувофиқлаштириш ниятида. Пентагон раҳбари сўзларига кўра, бунда асосий эътибор ўқ-дорилар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини сотиб олишга қаратилади. Айни пайтда, Киев узоқ вақтдан бери замонавий қирувчи самолётлар ва узоқ масофага учувчи қуролларни сўрамоқда. 

Мавзуга оид